Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.08.2023 й. 409-сон қарорига илова)
Вазирлар Маҳкамасининг
2023 йил 22 августдаги
ИЛОВА
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат
рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш
ва уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аттестация гувоҳномаси - рўйхатдан ўтказувчиларнинг ушбу Низомда белгиланган тартибда аттестациядан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
аттестация комиссияси - Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигида (кейинги ўринларда - Кадастр агентлиги) ташкил этиладиган ва доимий асосда ишлайдиган рўйхатдан ўтказувчиларни аттестациядан ўтказувчи комиссия;
рўйхатдан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш - тегишли ўқув дастурлари ва режалари асосида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасига оид билим талаб этиладиган мутахассисларнинг малака ва кўникмаларини мунтазам равишда янгилаб бориш орқали уларнинг касбий маҳорати оширилишини таъминлашга қаратилган ўқитиш шакли;
малака талаблари - рўйхатдан ўтказувчиларнинг касбий билим ва амалий кўникмалари даражасига қўйиладиган талаблар мажмуи;
рўйхатдан ўтказувчи орган - Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси;
сертификат - рўйхатдан ўтказувчиларнинг ушбу Низомда белгиланган тартибда малакасини оширганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
ўқув дастури - рўйхатдан ўтказувчиларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида билим ва амалий кўникмаларга эга бўлишнинг умумий тартибини белгиловчи ҳужжат;
ўқув режаси - ўқув фанлари ва курсларининг таркиби, уларни ўрганишнинг изчиллиги ва соатлардаги ҳажмини белгиловчи ҳужжат.
3. Рўйхатдан ўтказувчиларнинг малакаси уларнинг лавозим мажбуриятларини бажариши учун зарур бўлган касбий билимлари ва амалий кўникмаларини сақлаб туриш мақсадида оширилади.
4. Рўйхатдан ўтказувчилар аттестациядан уларнинг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, қонунчиликда белгиланган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш ҳамда зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш юзасидан масъулиятини ошириш мақсадида ўтказилади.
5. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-БОБ. РЎЙХАТДАН ЎТКАЗУВЧИЛАРНИНГ
МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТАРТИБИ
6. Рўйхатдан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш Кадастр агентлигининг Тошкент геодезия ва картография коллежи Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда - марказ) томонидан амалга оширилади.
7. Рўйхатдан ўтказувчиларнинг малакаси ҳар уч йилда камида бир марта оширилади.
Малака ошириш курслари кўп билан етмиш икки соатни ташкил этади.
8. Рўйхатдан ўтказувчи орган Ўзбекистон Республикасининг "Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ рўйхатдан ўтказувчиларнинг реестрини (кейинги ўринларда - реестр) юритади.
Реестрда рўйхатдан ўтказувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими, маълумоти, мутахассислиги, меҳнат стажи, малакасини оширган ва аттестациядан ўтган вақти ҳамда бошқа зарур маълумотлар акс эттирилади.
9. Рўйхатдан ўтказувчи орган реестрдаги маълумотларга асосан рўйхатдан ўтказувчининг малака ошириш муддати келишидан ўн беш кун олдин унинг малакасини ошириш бўйича марказга мурожаат қилади.
10. Марказ рўйхатдан ўтказувчи органнинг мурожаатини келиб тушган кундан бошлаб беш кун ичида кўриб чиқади ва рўйхатдан ўтказувчини малака ошириш курсига қабул қилади ёки қабул қилишни рад этади ҳамда бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилади.
11. Рўйхатдан ўтказувчи орган тақдим қилган маълумотлар тўлиқ бўлмаганда ёки нотўғри маълумотлар тақдим этган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи органнинг мурожаати рад этилади.
Рўйхатдан ўтказувчи органнинг мурожаатини бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.
12. Рўйхатдан ўтказувчилар марказ томонидан белгиланган вақт давомида малака ошириш курсларида иштирок этиши ва улар ушбу давр мобайнида марказнинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиши шарт.
Марказ рўйхатдан ўтказувчи малака ошириш курсларида узрсиз сабабларга кўра қатнашмаса ёки ички тартиб-қоидаларни бузса, бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган ҳолда уни малака ошириш курсидан четлатиши мумкин.
13. Рўйхатдан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ўқув дастурлари ва режалари марказ томонидан рўйхатдан ўтказувчи орган билан биргаликда ишлаб чиқилади.
14. Малака ошириш ўқув дастурлари ва режалари рўйхатдан ўтказувчиларнинг асосий фаолият йўналишларига мувофиқ бўлиши керак.
15. Малака ошириш курслари тамомлангандан сўнг рўйхатдан ўтказувчилар марказ томонидан тест шаклида синовдан ўтказилади.
Малака ошириш курсларида ўтилган ўқув дастурлари ва режалари асосида элликтадан иборат тест тузилади ҳамда уларни тузишда бошқа манбалардан фойдаланиш тақиқланади.
Рўйхатдан ўтказувчиларга тест синовларини топшириш учун бир соат вақт берилади.
16. Тест синовлари натижасига кўра эллик олти фоиздан юқори балл тўплаган рўйхатдан ўтказувчилар тест синовидан ўтган ҳисобланади ҳамда уларга кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчининг малака ошириш курсларида ўқиганлиги тўғрисида ушбу Низомга 2-иловадаги намунага мувофиқ сертификат берилади.
17. Тест синовларидан ўта олмаган ёки малака ошириш курсларидан четлатилган рўйхатдан ўтказувчилар олти ой давомида малака ошириш курсларида қайта ўқитилади.
Бунда малака ошириш билан боғлиқ харажатлар рўйхатдан ўтказувчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Тест синовларидан ўта олмаган ёки малака ошириш курсларидан четлатилган рўйхатдан ўтказувчилар малака ошириш курсларида қайта ўқиб, тест синоларидан муваффақиятли ўтгунига қадар уларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга ошириш ваколати рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан чекланади.
18. Рўйхатдан ўтказувчилар малака ошириш курслари якунлари бўйича ўтказиладиган тест синовларидан такроран ўта олмаган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган бир ой муддат уларни бошқа ишга ўтказиш масаласини кўриб чиқади.
19. Марказ рўйхатдан ўтказувчиларнинг малака оширганлиги тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиради ва юритади.
20. Марказ малака ошириш курсларини битириб, сертификат олган рўйхатдан ўтказувчилар тўғрисидаги маълумотларни малака ошириш тугаганидан кейин беш иш кунида рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этади.
21. Тақдим этилган маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан рўйхатдан ўтказувчиларнинг реестрига киритиб борилади.
22. Рўйхатдан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар марказ раҳбари ва рўйхатдан ўтказувчи орган ўртасида шартнома тузиш орқали амалга оширилади.
Малака ошириш курсларида қатнашаётган рўйхатдан ўтказувчиларни ўқитиш қиймати марказнинг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ Кадастр агентлиги томонидан белгиланади.
23. Малака ошириш даврида рўйхатдан ўтказувчиларнинг иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланади.
3-БОБ. РЎЙХАТДАН ЎТКАЗУВЧИЛАРНИ
АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
24. Рўйхатдан ўтказувчилар ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтказилади.
25. Олий таълим муассасаларини тугатган ва эгаллаган мутахассислик бўйича биринчи марта ишга кирган шахслар, агар улар мазкур мутахассислик бўйича икки йилдан кам ишлаган бўлса, аттестациядан ўтказилмайди.
26. Рўйхатдан ўтказувчиларни аттестациядан ўтказиш учун Кадастр агентлигида камида беш нафардан иборат таркибда аттестация комиссияси тузилади.
27. Аттестация комиссияси таркиби Кадастр агентлиги директори томонидан тасдиқланади.
Кадастр агентлиги директорининг тегишли ўринбосари аттестация комиссиясининг раиси ҳисобланади.
Аттестация комиссияси таркибига келишувга кўра илмий ва олий таълим муассасалари вакиллари киритилиши мумкин.
28. Аттестация комиссияси раиси:
аттестация комиссияси мажлисларида раислик қилади;
аттестацияни ўтказиш жойи ва муддатларини белгилайди;
аттестациядан ўтказиладиганларнинг рўйхат бўйича таркибини белгилайди;
аттестацияни ўтказиш бўйича бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилади.
Аттестация комиссияси раиси бўлмаган тақдирда, унинг вазифаларини раис ўринбосари амалга оширади.
29. Кадастр агентлигининг тегишли таркибий бўлинмаси аттестация комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
Ишчи орган:
аттестацияни ўтказиш жадвалини тузади ва тасдиқлаш учун аттестация комиссияси раисига тақдим этади;
рўйхатдан ўтказувчининг ҳужжатларини шакллантиради ва тайёрлайди;
аттестацияни ўтказиш санаси ва жойи тўғрисидаги маълумотларни аттестация комиссияси аъзоларига ҳамда тегишли рўйхатдан ўтказувчи органларга етказади;
аттестация комиссияси фаолиятини ташкил этишга доир бошқа функцияларни амалга оширади.
30. Рўйхатдан ўтказувчиларнинг белгиланган муддатларда аттестациядан ўтишини таъминлашга тегишли рўйхатдан ўтказувчи органлар раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.
31. Рўйхатдан ўтказувчи орган рўйхатдан ўтказувчининг аттестациядан ўтиш муддати келишидан икки ой олдин уни аттестациядан ўтказиш тўғрисида аттестация комиссиясига мурожаат қилади ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
рўйхатдан ўтказувчининг дипломидан нусха, агар чет элда таълим олган бўлса, чет мамлакатларда таълим олганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг ва ваколатли давлат органи томонидан берилган, таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олинганлиги ёки эквивалентлиги қайд этилган гувоҳнома нусхаси;
рўйхатдан ўтказувчи орган раҳбари номидан тавсифнома;
малака ошириш курсларида ўқиганлик тўғрисидаги сертификат нусхаси.
Тақдим этилган ҳужжатлар қайтариб берилмайди.
Қуйидаги ҳужжатлар аттестация комиссияси томонидан тегишли рўйхатдан ўтказувчи органдан мустақил равишда, шу жумладан, "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинади:
шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
маълумоти тўғрисидаги диплом нусхаси.
32. Ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб икки иш куни муддатда кўриб чиқилади. Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, аттестацияга қўйиш рад этилади ва тегишли рўйхатдан ўтказувчи органга билдиришнома юборилади ва унда аниқланган камчиликлар, камчиликларни бартараф этиш ҳамда такрорий кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиш муддати кўрсатилади.
Ҳужжатларда камчиликлар аниқланмаган тақдирда, Аттестация комиссияси томонидан бир ой муддатда рўйхатдан ўтказувчи аттестациядан ўтказилади.
33. Аттестациядан ўтишнинг рад этилишига асос бўлган камчиликлар бир ой муддатда бартараф этилган тақдирда, ҳужжатлар такроран кўриб чиқиш учун тақдим этилиши мумкин.
34. Рўйхатдан ўтказувчи орган тақдим қилган маълумотлар тўлиқ бўлмаганда ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилган тақдирда, аттестациядан ўтишнинг рад этилиши учун асос ҳисобланади.
Аттестациядан ўтишга бошқа асослар бўйича рад этилишига йўл қўйилмайди.
35. Аттестация комиссияси аттестациянинг ўтказилиш жойи ва вақти тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органга аттестация ўтказиладиган санадан камида ўн кун олдин билдиришнома юборади.
36. Аттестация комиссияси, агар унинг мажлисида комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашса, ваколатли ҳисобланади.
37. Аттестация суҳбат шаклида ўтказилади.
Рўйхатдан ўтказувчи билан унинг касб фаолиятига боғлиқ бўлган асослар бўйича суҳбат ўтказилади.
Суҳбат жараёни узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва видеотасвир камида бир йил сақланади.
Саволларнинг аниқ рўйхати ва аттестация комиссиясининг иш регламенти Кадастр агентлиги директори томонидан тасдиқланади.
38. Аттестация комиссияси рўйхатдан ўтказувчининг билим ва иш тажрибасини ҳисобга олиб:
рўйхатдан ўтказувчини аттестациядан ўтган деб эътироф этиш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш ҳақида;
рўйхатдан ўтказувчини аттестациядан ўтмаган деб эътироф этиш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
39. Аттестация комиссиясининг қарорлари аттестация комиссиясининг мажлисида ҳозир бўлган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Овоз бериш рўйхатдан ўтказувчининг иштирокисиз ўтказилади.
40. Аттестация комиссиясининг қарори аттестация комиссиясининг раиси ва котиби томонидан имзоланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раиснинг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
41. Аттестация натижалари овоз бериш жараёни тамом бўлгандан кейин дарҳол эълон қилинади.
42. Рўйхатдан ўтказувчига икки иш куни ичида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчининг аттестациядан ўтганлиги тўғрисида ушбу Низомга 3-иловадаги намунага мувофиқ гувоҳнома берилади.
Гувоҳноманинг амал қилиш муддати - уч йил.
43. Рўйхатдан ўтказувчи аттестациядан ўтмаган деб топилган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган уни такрорий аттестациядан ўтказиш учун аттестация ўтказилган кундан камида уч ой ўтгач, бироқ олти ойдан кечикмай аттестация комиссиясига мурожаат қилади.
Агар рўйхатдан ўтказувчи такрорий аттестациядан ўта олмаса, аттестация комиссияси унинг иш жойига бу ҳақда билдиришнома юборади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган билдиришнома келиб тушган кундан бошлаб ўн кун ичида рўйхатдан ўтказувчини меҳнат қонунчилигига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ёхуд бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиши ва кўрилган чоралар тўғрисида уч кун муддатда Кадастр агентлигини ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
44. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳақиқийлигини Кадастр агентлигининг расмий веб-сайти орқали унинг идентификация рақамини киритиш ёки ундаги QR-кодни сканер қилиш йўли билан текшириш мумкин.
45. Рўйхатдан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар тегишли рўйхатдан ўтказувчи орган маблағлари ҳисобидан қопланади.
46. Ҳомиладор аёллар, шунингдек, уч ёшгача болалари бор аёллардан муддати келишидан қатъи назар, малакасини ошириш ҳамда аттестациядан ўтиш талаб этилмайди.
47. Рўйхатдан ўтказувчиларнинг малака ошириш ва аттестациядан ўтиш жараёнида ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган тақдирда, белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
48. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
1-ИЛОВА
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат
рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш
ва уларни аттестациядан ўтказиш
СХЕМАСИ
Босқичлар
|
Субъектлар
|
Тадбирлар
|
Бажариш муддатлари
|
|||
1-босқич |
Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари |
Рўйхатдан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш учун Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказига хат юборади.
|
Малака ошириш муддати келишидан 15 кун олдин |
|||
2-босқич |
Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази |
1. Рўйхатдан ўтказувчини малака ошириш курсига қабул қилади ёки қабул қилишни рад этади ҳамда бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилади. |
Хат келиб тушган кундан бошлаб 5 кун ичида |
|||
2. Малака ошириш ўқув курсларини ташкил қилади. |
Энг кўп ҳажми 72 соат |
|||||
3.Тест синовларидан ўта олмаган ёки малака ошириш курсларидан четлатилган рўйхатдан ўтказувчиларни малака ошириш курсларида қайта ўқитади. |
Олти ой давомида |
|||||
4. Малака ошириш курсларида ўқиганлик тўғрисида сертификат беради. |
Ўқув курслари якунлангандан сўнг |
|||||
5. Марказ малака ошириш курсларини битириб, сертификат олган рўйхатдан ўтказувчилар тўғрисидаги маълумотларни рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этади.
|
Малака ошириш тугаганидан кейин беш иш кунида |
|||||
3-босқич |
Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари |
Аттестация комиссиясига рўйхатдан ўтказувчини аттестациядан ўтказиш тўғрисида хат юборади.
|
Аттестациядан ўтиш муддати келишидан 2 ой олдин |
|||
4-босқич |
Аттестация комиссияси |
1. Рўйхатдан ўтказувчининг ҳужжатларини кўриб чиқади. |
2 иш куни ичида |
|||
2. Аттестациянинг ўтказилиш жойи ва вақти тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилади. |
Аттестация ўтказиладиган санадан камида 10 кун олдин |
|||||
3. Рўйхатдан ўтказувчиларни аттестациядан ўтказади. |
Бир ой муддатда |
|||||
4. Рўйхатдан ўтказувчига аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беради.
|
2 иш куни ичида |
|||||
5-босқич |
Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари |
1. Аттестациядан ўтмаган деб топилган рўйхатдан ўтказувчини такрорий аттестациядан ўтказиш учун аттестация комиссиясига хат юборади. |
Аттестация ўтказилган кундан камида 3 ой ўтгач, бироқ 6 ойдан кечикмай |
|||
2. Рўйхатдан ўтказувчи такрорий аттестациядан ўта олмаса, рўйхатдан ўтказувчини меҳнат қонунчилигига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ёхуд бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади. |
Аттестация комиссиясининг хати келиб тушган кундан бошлаб 10 кун ичида |
|||||
3. Кўрилган чоралар тўғрисида Кадастр агентлигини ёзма равишда хабардор қилади.
|
3 кун ичида |
2-ИЛОВА
Ko`chmas mulkka bo`lgan huquqlarni davlat
ro`yxatidan o`tkazuvchining malaka oshirish
kurslarida o`qiganligi to`g`risida
SERTIFIKAT
MO N 000000000
(ro`yxatdan o`tkazuvchining F.I.O.) |
20___ -yil "____" -____________ dan 20___ -yil "____" -_______________gacha Toshkent geodeziya va kartografiya kolleji Kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazida _____ soatga mo`ljallangan
(kurs hajmi) |
malaka oshirish kursini tamomladi. |
|
(malaka oshirish kursining nomi) |
Sertifikat |
gacha amal qiladi. |
|
(yil, kun va oy) |
Markaz direktori |
____________ (imzo va muhr) |
_______________ (F.I.O.) |
3-ИЛОВА
Ko`chmas mulkka bo`lgan huquqlarni davlat
ro`yxatidan o`tkazuvchining attestatsiyadan
o`tganligi to`g`risida
GUVOHNOMA
__________ N _____________ (seriyasi) |
Ushbu bilan |
ning |
|
(ro`yxatdan o`tkazuvchining F.I.O.) |
Kadastr agentligida attestatsiyadan o`tganligi tasdiqlanadi va u ro`yxatdan o`tkazuvchi lavozimida ishlashi mumkin.
Guvohnoma |
gacha amal qiladi. |
|
(yil, kun va oy) |
Attestatsiya komissiyasi raisi |
|||||
(imzo) |
(F.I.O.) |
QR-сode
|
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2023 йил 23 август