Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 07.09.2023 й. ЎРҚ-867-сон "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 16.05.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 05.08.2023 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

07.09.2023 й.

N ЎРҚ-867



"ҲАЙВОНОТ ДУНЁСИНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА"ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИНГ

43-МОДДАСИГА ҚЎШИМЧА ВА ЎЗГАРТИРИШ

КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 16 майда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 5 августда маъқулланган



Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик вазиятни яхшилаш, шунингдек биохилмахилликни сақлаш ҳамда ундан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ёввойи ҳайвонларнинг табиий зотга оид турларининг, айниқса, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларининг барқарор яшаш шароитларини таъминлаш ҳамда сақлаб қолиш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга йиртқич ва заҳарли ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда ёки тутқунликда сақлаш, улардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, уларни жамоат жойларида сайр қилдиришнинг турли ҳодисаларга олиб келиши ҳоллари учраётганлиги аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида қонун ҳужжатларини такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Шу муносабат билан ёввойи ҳайвонларни сақлашни тартибга солиш мақсадида "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида жисмоний шахслар томонидан сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхатини, шунингдек мазкур рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни юридик шахслар томонидан сақлаш тартибини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг зиммасига юклатилмоқда.

Ушбу Қонун ёввойи ҳайвонларни сақлаш ҳамда улардан турли мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолларда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга, шунингдек ваколатли давлат органининг ушбу йўналишдаги жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги 545-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 19 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ-408-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 9, 273-модда; 2017 йил, N 9, 510-модда; 2018 йил, N 4, 224-модда; 2019 йил, N 1, 1-модда, N 8, 470-модда; 2020 йил, N 7, 447-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, N 5, 466-модда, N 6, 570-модда) 43-моддасига қуйидаги қўшимча ва ўзгартириш киритилсин:

қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхати, шунингдек мазкур рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни юридик шахслар томонидан сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади";

бешинчи қисм олтинчи қисм деб ҳисоблансин.


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                   Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 8 сентябрь


"Халқ сўзи", 2023 йил 8 сентябрь