Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.11.2023 й. 622-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 27 ноябрдаги

622-сон қарорига

1-ИЛОВА



Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли

оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

  

1. Мазкур Низом оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш ва улар томонидан хизмат кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг (кейинги ўринларда - Туризм қўмитаси) ҳудудий бўлинмалари;


оилавий меҳмон уйи (кейинги ўринларда - меҳмон уйлари) - меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек, ҳар бир яшовчи шахсга 3 метр квадрат ҳисобидан тўғри келадиган турар жой майдонига эга бўлган хусусий уй-жой объекти;


Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар ягона реестри (кейинги ўринларда - Реестр) - Туризм қўмитаси томонидан юритиладиган меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар тўғрисидаги маълумотлар ахборот базаси;


ўтовли оромгоҳ - енгил хомашёдан конуссимон шаклда ясалган, кўчманчи турмуш тарзини олиб борадиган одамларнинг тарихи ва маданий хусусиятлари билан танишиш ҳамда таништиришга қаратилган, ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи этник услубдаги ихтисослаштирилган, шунингдек, ҳар бир яшовчи шахсга 4,5 метр квадрат ҳисобидан тўғри келадиган турар жой майдонига эга бўлган санитария-гигиена қулайликлари мавжуд туристик база;


хостел - асосан бюджетли туризм учун, турли сиғимли номер (хона)ларга эга ва санузеллари номер (хона)лардан ташқарида бўлган, шунингдек, меҳмонлар мулоқоти учун алоҳида жойга эга вақтинча яшаш учун мўлжалланган жойлаштириш объекти;


чодирли оромгоҳ - ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи, қисмларга ажратилиши ва йиғилиши ҳамда матоли бошпана (чодир)лардан иборат бўлган санитария-гигиена қулайликлари мавжуд туристик база;


"E-mehmon" дастури - меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларида яшовчиларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган махсус электрон дастури.


3. Меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларнинг фаолияти уларни Реестрга киритиш ва Реестрдан кўчирма бериш йўли билан ташкил этилади.


4. Меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар эгалари улар Реестрга киритилгандан сўнг хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.


5. Меҳмон уйлари хизматлари меҳмон уйини ташкил этиш учун яроқли турар жой биносига эга бўлган ва унда яшовчи хусусий тадбиркорлар ёки оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилади.


6. Хостел, ўтовли ва чодирли оромгоҳларда ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилади.


7. Меҳмон уйлари хизматларини кўрсатиш оилавий тадбиркорлик субъектлари шаклида ташкил этилганда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) учун тўловлар аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида тўланади.


8. Меҳмон уйлари фаолияти тегишли турар жойда унинг эгаси ўз оила аъзолари ҳамда ташриф буюрувчилар (туристлар) билан бирга яшаши тамойили асосида ташкил этилади.



2-БОБ. МЕҲМОН УЙЛАРИ, ХОСТЕЛЛАР, ЎТОВЛИ

ВА ЧОДИРЛИ ОРОМГОҲЛАР ТОМОНИДАН

КЎРСАТИЛАДИГАН ХИЗМАТЛАРГА

ДОИР ТАЛАБЛАР

  

9. Меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар томонидан кўрсатиладиган хизматларга доир талаблар қуйидаги мақсадларда белгиланади:

меҳмон уйи, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларнинг вақтинча яшаш бўйича хизмат (кейинги ўринларда - хизматлар) кўрсатиш соҳасига мувофиқлигини тасдиқлаш;

меҳмон уйи, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар эгаси томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва зарур моддий-техник базасининг мавжудлигини тасдиқлаш;

хизмат кўрсатишнинг зарур даражадаги сифатини ва ташриф буюрувчиларнинг (туристларнинг) хавфсизлигини таъминлаш.


10. Меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этишда мазкур Низомга 1-иловадаги рўйхат бўйича шароитлар яратилган бўлиши шарт.

Меҳмон уйларида ушбу Низомга 1а-иловага мувофиқ қўшимча хизмат турларини кўрсатиш ҳамда ва 1б-иловадаги рўйхатдаги буюмларнинг мавжуд бўлиши тавсия этилади.


11. Хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларга доир мажбурий талаблар стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар билан белгиланади.



3-БОБ. РЕЕСТРГА КИРИТИШ

ВА УНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

  

12. Реестр ваколатли давлат органи томонидан юритилади.


13. Реестрни юритиш қуйидагиларни назарда тутади:

индивидуал реестр рақамини берган ҳолда, мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар тўғрисидаги маълумотларни маълумотлар базасига киритиш;

маълумотлар базасини Туризм қўмитаси расмий веб-сайтида "онлайн" режимда янгилаб бориш.


14. Реестр электрон шаклда юритилади ва ЯИДХП орқали Реестрга киритилган маълумотларни "онлайн" текшириш имкони мавжуд бўлади.

Туризм қўмитаси республика миқёсида Реестрнинг ягона маълумотлар базаси юритилиши, ундаги маълумотлар "онлайн" режимда янгилаб борилиши ҳамда қўмитанинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши, шунингдек, Реестрдан чиқариб ташланган маълумотлар электрон шаклда сақланишини таъминлайди.



4-БОБ. МЕҲМОН УЙИ, ХОСТЕЛ,

ЎТОВЛИ ВА ЧОДИРЛИ ОРОМГОҲЛАРНИ

РЕЕСТРДАН ЧИҚАРИШ

  

15. Меҳмон уйи, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар Реестрдан қуйидаги ҳолатларда чиқарилади:

меҳмон уйи, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар эгалари томонидан Реестрдан ихтиёрий равишда чиқариш тўғрисида ариза берилганда;

тадбиркорлик фаолияти белгиланган тартибда тугатилганда;

ваколатли давлат органи томонидан ўрганиш ҳамда меҳмон уйи, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларда ташриф буюрувчиларни (туристларни) анкеталаштириш давомида мазкур Низом талабларининг мунтазам равишда (уч марта ва ундан ортиқ) бузилиши аниқланганда.

Ушбу Низомнинг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар бартараф этилгандан сўнг меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларни Реестрга такроран киритиш тўғрисида белгиланган тартибда мурожаат қилиниши мумкин.

Меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда тўғридан-тўғри ваколатли орган томонидан, тўртинчи хатбошида кўрсатилган ҳолларда эса фақат суд томонидан Реестрдан чиқарилади.


16. Ваколатли давлат органи Реестрдан берилган ва қайта расмийлаштирилган кўчирмалар, шунингдек, Реестрдан чиқарилган меҳмон уйи, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар тўғрисидаги маълумотларнинг электрон шаклда сақланишини таъминлайди.



5-БОБ. МЕҲМОН УЙЛАРИ, ХОСТЕЛЛАР,

ЎТОВЛИ ВА ЧОДИРЛИ ОРОМГОҲЛАРДА

БЕЛГИЛАНГАН ТАЛАБЛАРГА РИОЯ

ЭТИШ МОНИТОРИНГИ

  

17. Туризм қўмитаси томонидан тасдиқланадиган режа-жадвалга мувофиқ меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларнинг ҳамда улар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан ваколатли давлат органи томонидан мониторинг ўтказилади.


18. Меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолияти ҳамда улар томонидан мазкур Низомда кўзда тутилган талаблар бажарилишининг мониторинги қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар томонидан мазкур Низом талабларининг (шу жумладан, меҳмон уйлари учун мазкур Низомга 2-иловада кўзда тутилган мажбурий шароитлар, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар учун қабул қилинган стандартлар) бузилиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш;

меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар эгалари ҳамда ходимларининг кўрсатилаётган хизматлар сифати ва хавфсизлигига таъсир қилиши мумкин бўлган ноқонуний хатти-ҳаракатларини аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш;

Реестрга киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш.

Мониторинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишнинг қонунчилик ҳужжатларида ўрнатилган тартибига мувофиқ ҳамда Туризм қўмитаси томонидан тасдиқланган шаклда анкеталаштириш йўли билан амалга оширилади.



6-БОБ. МЕҲМОН УЙЛАРИ, ХОСТЕЛЛАР, ЎТОВЛИ

ВА ЧОДИРЛИ ОРОМГОҲЛАР ЭГАЛАРИНИНГ

ҲАМДА ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ ОРГАНИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

  

19. Меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар эгалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

турар жой биносини (меҳмон уйлари ва хостел эгалари) ўз ихтиёрига кўра турар жой соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда мазкур Низомда белгиланган талаблар доирасида тасарруф этиш;

ташриф буюрувчиларни (туристларни) Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ахборот-туристик марказлари орқали, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда эса, билдириш тартибида ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат қилиш йўли билан рўйхатга қўйиш орқали ижара шартномасини расмийлаштирмасдан жойлаштириш;

ташриф буюрувчилар (туристлар) томонидан жамоат тартиби нормалари бузилган ҳолларда, жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан боғланиб ҳаракат қилиш;

туризм фаолияти субъектларига берилган имтиёзлардан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш.


20. Меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларнинг эгалари:

ўз фаолиятини қатъий равишда мазкур Низом ва туризм тўғрисидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, шунингдек, эпидемияга қарши ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаши;

Реестрга киритилган маълумотлар ўзгарганлиги, шунингдек, ўз фаолиятини тугатганлиги тўғрисида уч иш куни мобайнида ваколатли давлат органини ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиши шарт.

Меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларнинг эгалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


21. Туризм қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолияти ҳамда улар томонидан мазкур Низом талабларининг ўз вақтида ва тўлақонли бажарилиши юзасидан ушбу Низомнинг 5-бобига мувофиқ мониторингни амалга ошириш;

меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;

мониторинг натижалари бўйича меҳмон уйи, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар манзилига аниқланган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш учун аниқ муддатлар кўрсатилган ҳолда бажариши мажбурий бўлган кўрсатмалар тақдим этиш.


22. Ваколатли давлат органи:

меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларнинг самарали фаолият кўрсатишини ташкил этишда ҳар томонлама кўмаклашиши;

вақтинча яшаш бўйича хизматлар кўрсатиш, шунингдек, манфаатдор давлат органлари билан ҳамкорликда меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларнинг эгаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тартиби билан таништириши;

режали асосда меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар ходимларининг билими ва малакасини ошириш имконини берувчи профилактика ва тушунтириш ишлари, маҳорат сабоқлари, тренинглар ва бошқа тадбирларни ташкил этиши;

меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар эгаларини туризм соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларидаги ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида хабардор қилиб бориши;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар билан ўзаро муносабатлар соҳасига фаол равишда жорий қилиб бориши шарт.

Туризм қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

  

23. Меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда назорат қилинади.


24. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

          

            




Низомга

1-ИЛОВА



Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини

ташкил этишда яратиладиган

мажбурий шароитлар

РЎЙХАТИ


1. Ташриф буюрувчилар (туристлар) учун санитария-гигиена қулайликларини ташкил этиш:

умумий фойдаланиш учун санитария-гигиена узели, ванна ёки душ кабинасининг мавжудлиги;

канализация (сув чиқариш) ёки (ахлат тўкиладиган ўрани ташкил этиш йўли билан) маҳаллий иншоотларнинг мавжудлиги;

яшаш ва жамоат жойларида табиий ва сунъий (шу жумладан, фонарлар, шамлар ва бошқа ёритиш воситаларидан фойдаланиш ҳисобига) ёритишнинг мавжудлиги;

сув таъминотининг мавжудлиги (шу жумладан, сувни тўплаш учун идишлар ўрнатиш йўли билан).


2. Ташриф буюрувчиларнинг (туристларнинг) хавфсизлигини таъминлаш:

ўт ўчиргичлар ва тиббиёт дори қутисининг мавжудлиги;

шошилинч ёрдам хизматларини чақириш имконияти.


3. Ташриф буюрувчиларнинг (туристларнинг) қулай ва яхши яшашлари учун қуйидаги шароитларни ташкил қилиш:

туташ ҳудуднинг қулай ва шинам бўлиши, оилавий меҳмон уйига бориш йўллари қаттиқ қопламага (шағалли, ёғочли) эга бўлиши;

оилавий меҳмон уйининг олд томонида "Оилавий меҳмон уйи", "Семейный гостевой дом" ва "Family guesthouse" сўзларини ўз ичига олган, оилавий меҳмон уйининг ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги номи кўрсатиб ўтилган маълумотлар тахтасининг (ўлчами - энг камида 60 см х 80 см) мавжуд бўлиши.


4. Оилавий меҳмон уйига киришда ўзбек, рус ва инглиз тилларида ёзилган қуйидаги маълумотлар тахтасининг мавжуд бўлиши:

Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар ягона реестридан кўчирма нусхаси;

шошилинч хизматларнинг ва Туризм қўмитаси Call-марказининг телефон рақамлари;

кўрсатиладиган хизматлар прейскуранти;

рўй бериши мумкин бўлган табиий ҳодисалар, жойлардаги хавф-хатарлар тўғрисида маълумот.


5. Умумий фойдаланиш учун мобил ёки стационар телефон алоқасининг мавжуд бўлиши.


6. "E-mehmon" - меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларида яшовчиларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган махсус электрон дастурига уланган бўлиши. Бунда, Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланиш имкони мавжуд бўлмаган ҳолларда, (туристларни) энг яқин жойлаштириш воситалари ёки туризм-ахборот марказлари орқали тегишли ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат этган ҳолда ташриф буюрувчиларнинг рўйхатга олинишини таъминлайди.


7. Ташриф буюрувчиларни (туристларни) жойлаштириш хоналарида каравотлар ёки матраслар, каравотлар (матраслар) сони бўйича чойшаб-жилдлар мажмуининг мавжудлиги.

          

        




Низомга

1а-ИЛОВА



Оилавий меҳмон уйларини жиҳозлаш

ва улар томонидан қўшимча хизмат

турларини кўрсатиш бўйича

ТАВСИЯЛАР

  

1. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар тахтасининг мавжудлиги:

юридик шахс ташкил этмасдан хусусий тадбиркорни ёки оилавий тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш (манзил, телефон/факс рақами, электрон почта манзили);

тез тиббий ёрдам ва ҳудудий ички ишлар органлари ходимларининг келиш вақти тўғрисида маълумот.


2. Ташриф буюрувчиларга (туристларга) бериладиган, диққатга сазовор жойлар билан танишиш учун йўналишлар ва трекинг йўналишлар (қишлоқ, тоғли жойлар, сув ҳавзалари ва бошқалар) кўрсатиб ўтилган жой харитаси мавжудлиги.


3. Ҳар бир хонада ички сақлагичли қулфлар ёки илгаклари бўлган эшикларнинг мавжудлиги.


4. Авария ҳолатида ёритишнинг (турғун генератор ва аккумуляторлар) мавжудлиги.


5. Ошхона ёки мустақил овқат тайёрлаш учун шароитларнинг, шунингдек, ошхона анжомлари ва асбобларининг мавжудлиги.


6. Совуткичнинг мавжудлиги (хонада ёки умумий фойдаланиш учун).


7. Ҳар киши бошига 50 литр сув ҳисобидан минимал сув захираси бўлган идишнинг мавжудлиги.


8. Ташриф буюрувчиларни (туристларни) жойлаштириш учун мўлжалланган хоналарни ҳар куни тозалаш ҳамда санитария-гигиена узели ва ошхонага ҳар куни ишлов бериш (дезинфекция).


9. Бир йилда камида бир марта дератизация, дезинсекция ва дезодорация йўли билан хоналарга санитария ишловини бериш.


10. Дам олиш учун жой (мос бўлган мебелли айвон, супа, шийпонча) мавжудлиги.


11. Ванна (душхоналар) учун зарур жиҳозларнинг (кўзгу, ювиниш ашёлари учун токча, кийимлар учун илгаклар, сочиқ илгич, шахсий гигиенанинг бир марталик воситалари (совун ёки суюқ совун, шампунь) ҳамда ҳаммом сочиқлари тўпламининг (уларни алмаштириш имконияти билан) мавжудлиги.


12. Тегишли жиҳоз ва вентиляцияли санитария-гигиена узелининг мавжудлиги (ҳожатхона кабиналари, қопқоқли унитаз/полга ўрнатилган унитаз, ҳожатхона чўткаси, ҳожатхона қоғози ва уни ўрнатгичи, чиқинди учун саватча, кўзгули бет-қўл ювгич, совун ёки суюқ совун, матоли ёки қоғозли сочиқлар, кийим учун илгаклар).


13. Ҳавонинг нормал циркуляциясини таъминлайдиган, яшаш хоналари ва жамоат жойларига ёқимсиз ҳидлар ҳамда ҳашаротларнинг киришига йўл қўймайдиган шамоллатиш ёки ҳавони кондициялаш тизимининг мавжудлиги.


14. Қўшимча хизмат турларини тақдим этиш:

манзарали жойлар ва суратга олиш учун қулай вақт тўғрисида маълумот;

маданий ва кўнгилочар дам олиш жойларининг жойлашиши, зиёрат жойлари, ташриф буюрувчилар (туристлар) келган вақтда ўтказиладиган маданий тадбирлар тўғрисида маълумот;

миллий таомларни тайёрлаш, ҳунармандчилик буюмларини ишлаб чиқариш бўйича маҳорат дарсларини ҳамда ушбу жараёнда ташриф буюрувчининг (туристнинг) бевосита иштирокидаги бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

ташриф буюрувчининг (туристнинг) миллий анъаналарда ҳамда байрамларда иштирок этишини ташкил этиш ("Келин салом", "Бешик тўй", Наврўз, халқ сайиллари ва бошқалар);

кир ювиш хонаси;

такси чақириш;

балиқ ови ва ов қилиш;

от миниш дарслари;

ҳаммом, сузиш ҳавзаси, спорт анжомларининг ижараси;

автомобиль тўхташ жойининг мавжудлиги;

гидлар, йўл бошловчи-инструктор ёки ўлкашуносларни жалб қилиш.


15. Оилавий меҳмон уйлари эгалари ва ишчиларини меҳмонхона хизматларини кўрсатиш, замонавий ахборот технологиялари соҳаси ҳамда чет тиллари бўйича малака ошириш ва ходимларни қайта тайёрлаш курсларида даврий равишда ўқитиш.


Изоҳ. Оилавий меҳмон уйларини жиҳозлаш ҳамда улар томонидан қўшимча хизматлар кўрсатиш бўйича тавсиялар мажбурий эмас ва ягона Реестрга киритишни рад этиш учун асос бўла олмайди.

          

           




Низомга

1б-ИЛОВА



Оилавий меҳмон уйларида мавжуд

бўлиши тавсия этиладиган буюмлар

РЎЙХАТИ

   

1. Телевизор.


2. Совуткич.


3. Кондиционер.


4. Душ кабинаси.


5. Унитаз.


6. Бет-қўл ювиш анжомлари.


7. Кир ювиш машинаси.


8. Идиш-товоқлар тўплами ва ошхона анжомлари.


9. Чойшаб-жилдлар мажмуи.


10. Ҳаммом ва юз сочиқлари.


11. Гиламлар.


12. Сўзана, қумғон (кўза), сопол буюмлар ва хоналарни безаш учун миллий ҳунармандчиликнинг бошқа буюмлари.


13. Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланиш имконияти.


Изоҳ. Оилавий меҳмон уйини таъмирлаш ва ободонлаштириш учун қурилиш материаллари ва бошқа зарур материаллар рўйхати ҳар бир алоҳида ҳолатда бажариладиган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

         

         




Низомга

2-ИЛОВА



Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар,

ўтовли ва чодирли оромгоҳлар ягона

реестрига киритиладиган

МАЪЛУМОТЛАР

  

1. Тадбиркорлик субъектининг номи (якка тартибдаги тадбиркорнинг Ф.И.О.).


2. Тадбиркорлик субъектининг почта манзили (жойлашган жойи).


3. Солиқ тўловчининг идентификация рақами.


4. Алоқа маълумотлари (телефон рақами, электрон почта манзили).


5. Индивидуал реестр рақами ва Реестрга киритилган санаси.

          

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 28 ноябрь