Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 31.01.2024 й. ПҚ-49-сон "Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва ушбу жараёнга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш имкониятларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

31.01.2024 й.

N ПҚ-49



НОДАВЛАТ УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТЛАРИ ТАРМОҒИНИ КЕНГАЙТИРИШ ВА

УШБУ ЖАРАЁНГА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ

ЖАЛБ ҚИЛИШ ИМКОНИЯТЛАРИНИ ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги "Ўзбекистон-2030" стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-300-сон қарорига мувофиқ, ўқувчиларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, халқаро стандартларга жавоб берадиган таълим ташкилотларининг замонавий қиёфасини яратиш ҳамда ушбу жараёнга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида:


1. Қуйидагилар нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш орқали янги ўқувчи ўринларини яратиш;

ҳудудларда бўш турган давлат мулки объектларини аниқлаш ҳамда кейинчалик ушбу бинолардан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун фойдаланиш;

тадбиркорлик субъектларига нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур бўлган ер участкаларини аниқлаш, ваколатли орган билан келишиш учун "Yerelektron" автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш ҳамда белгиланган тартибда "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида реализация қилиш.


2. Белгилансинки, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг фаолиятини янада кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йил 1 январдан бошлаб:

нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан бозор фоиз ставкаларида миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан компенсация тақдим этилади;

нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари учун биноларни янгидан қурган ёки ўзининг бино ва иншоотларида умумий ўрта таълим фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга ушбу таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ бўлган коммунал харажатларининг 50 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилади;

2030 йил 1 январга қадар юридик шахсларга ўз маблағлари ҳисобидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари биноларини қуриш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг фойда солиғини ҳисоблашда икки йил давомида тенг улушларда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади.

Бунда, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларини бепул ўқишга қабул қилиш бўйича лицензия талаблари бажарилмаган тақдирда, мазкур бандда назарда тутилган имтиёз ва компенсациялар суммаси ушбу ташкилот томонидан Давлат бюджетига қайтарилади.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили:

1 мартга қадар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда демографик ўсиш, аҳоли жойлашуви ва зичлигини ҳисобга олган ҳолда, келгуси йилларда янги нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида мақбул ер участкаларини аниқласин;

1 апрелга қадар янги нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига бинолар қуриш мақсадида республика бўйича умумий майдони 50 гектар ер участкасидан кам бўлмаган манзилли рўйхатни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

1 майга қадар тасдиқланган манзилли рўйхатга асосан ер участкаларини "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали электрон онлайн-аукцион савдоларига мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида чиқарсин.

Белгилансинки, мазкур бандга мувофиқ аукцион савдоларида 3 ойдан ортиқ муддат сотилмай турган ер участкалари савдодан ечилмасдан бошланғич нархини қадамма-қадам 50 фоизгача пасайтириш механизмини қўллаган ҳолда, такрорий аукцион савдоларига чиқарилади.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари учун бинолар қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун ҳомийлик хайрияларини йўналтирган тадбиркорлик субъектлари раҳбарларини давлат мукофотларига номзодлар сифатида тавсия этиш амалиётини йўлга қўйсин.


5. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш тартибини белгилаш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин.


6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги уч ой муддатда:

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ушбу қарордан келиб чиқадиган тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.Ў. Умарова белгилансин.


8. Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 1 февраль