Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 01.02.2024 й. ЎРҚ-902-сон "Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 12.12.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 19.01.2024 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

01.02.2024 й.

N ЎРҚ-902



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ

КОДЕКСИНИНГ 248-МОДДАСИГА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 12 декабрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2024 йил 19 январда маъқулланган



Кейинги йилларда ички ишлар органларида хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий ҳамда жисмоний ривожланишига кўмаклашиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ҳукуматининг тегишли қарорлари билан ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилди.

Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларида зарур ваколатлар мавжуд эмаслиги вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилишига тўсқинлик қилмоқда.

Шу билан бирга тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳимоя ордери талабларининг бажарилишини назорат қилиш юзасидан ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларининг масъулиятини кучайтириш талаб этилади.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-моддасига болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларни бажармаганликда, жамоат жойларида тамаки ёки алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганликда, шунингдек вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганликда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш ваколати берилмоқда.

Ушбу Қонун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 193-модда, N 12, 269-модда; 1996 йил, N 5-6, 69-модда, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 4-5, 126-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 3, 38-модда, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 312-модда, N 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 9, 498-модда, N 10, 536-модда, N 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, N 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, N 9, 416, 421-моддалар, N 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, N 4, 181, 189, 192-моддалар, N 9, 486, 488-моддалар, N 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 9, 334, 335, 337-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, N 5, 175, 179-моддалар, N 6, 231-модда, N 9, 335, 339, 341-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, N 1, 1-модда, N 4, 104, 105-моддалар, N 9, 247, 252-моддалар, N 12/2, 365-модда; 2012 йил, N 4, 108-модда, N 9/1, 242-модда, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда, N 5, 130-модда, N 9, 244-модда, N 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, N 6, 228-модда, N 8, 310, 312-моддалар, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 1, 2-модда, N 4, 125-модда, N 9, 276-модда, N 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, N 4, 137-модда, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда, N 10, 605-модда; 2018 йил, N 1, 1, 4, 5-моддалар, N 4, 224-модда, N 7, 430, 431, 432-моддалар, N 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, N 1, 1, 3, 5-моддалар, N 2, 47-модда, N 3, 161, 165, 166-моддалар, N 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, N 7, 386-модда, N 8, 469, 471-моддалар, N 9, 591, 592-моддалар, N 10, 674, 676-моддалар, N 11, 787, 791-моддалар, N 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, N 1, 4-модда, N 3, 203, 204-моддалар, N 7, 449-модда, N 9, 539, 540-моддалар, N 10, 593, 596-моддалар, N 11, 651-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, N 2, 142-модда, N 3, 217-модда, N 4, 290, 293-моддалар, 4-сонга илова, N 8, 800, 802, 803-моддалар, N 9, 903-модда, N 10, 966, 967, 968, 973-моддалар, N 11, 1066-модда; 2022 йил, N 1, 1, 2-моддалар, N 2, 80, 81-моддалар, N 3, 215, 216-моддалар, N 4, 337-модда, N 5, 464, 465, 466, 467-моддалар, N 8, 787-модда, N 10, 981, 984-моддалар, N 12, 1188-модда; 2023 йил, N 3, 184, 185, 188, 189-моддалар, N 4, 265, 266, 268-моддалар, N 5, 319, 320-моддалар, N 7, 533, 534, 535, 537, 539-моддалар, N 8, 634-модда, N 10, 798-модда, N 11, 921, 923, 924-моддалар) 248-моддасига қуйидаги қўшимчалар киритилсин:


1) иккинчи қисм қуйидаги мазмундаги 4-1-банд билан тўлдирилсин:

"4-1) ушбу Кодекс 47-моддасининг биринчи қисмида, 56-1-моддасида, 187-моддасининг биринчи қисмида, 188-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун - ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психологлари ва инспектор-психологлари";


2) учинчи қисм "Ушбу модда иккинчи қисмининг 2 - 7-бандларида кўрсатилган ички ишлар органлари ходимлари" деган сўзлардан кейин "(бундан ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психологлари ва инспектор-психологлари мустасно)" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


3) тўртинчи қисм қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"ушбу Кодекснинг 206-1-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари ва инспекторлари".


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 2 февраль