Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.04.2024 й. 243-сон "Сурхондарё вилоятида ёшларни спортга жалб қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.04.2024 й.

N 243




СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИДА ЁШЛАРНИ СПОРТГА

ЖАЛБ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Сурхондарё вилоятида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни спортга жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, олис ва чекка ҳудудларда спорт иншоотлари тармоғини кенгайтириш ҳамда уларнинг қувватидан самарали фойдаланиш орқали спортнинг оммавийлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2024-2026 йилларда Сурхондарё вилоятида оммавий ва профессионал спортни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, улар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали ёшларнинг оммавий спортдаги улушини ошириш;

аҳолининг, шунингдек, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

иқтидорли ёшларни, шу жумладан, қизларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция), спорт мактаблари ва клубларининг секцияларига жалб этиш;

замонавий спорт иншоотларини барпо этиш, мавжуд спорт объектларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш;

оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда соғлом турмуш тарзининг муҳим таркибий қисми ва болаларни баркамол инсон этиб тарбиялашни тарғиб қилишга йўналтирилган янги ва самарали усулларни жорий қилиш.


2. Қуйидагилар:

2024-2026 йилларда Сурхондарё вилоятида ёшларни спортга кенг жалб қилиш ҳамда спорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда - Чора-тадбирлар режаси) 1-иловага мувофиқ;

Сурхондарё вилоятида ёшларни спортга кенг жалб қилиш ҳамда спорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси амалга оширилишини ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда - Ишчи гуруҳ) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ишчи гуруҳ (А.Икрамов) Чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижросини ҳар чоракда камида бир маротаба таҳлил қилган ҳолда, уларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиб бориш чораларини кўрсин.

Бунда Чора-тадбирлар режасига мувофиқ ёшларни спортга кенг жалб қилишда, биринчи навбатда спорт иншоотларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш белгилаб қўйилсин.


4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги 2024/2025 ўқув йилига қадар вилоятдаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим мактабларида спорт тўгараклари фаолиятини йўлга қўйсин. Бунда:

жисмоний тарбиянинг инновацион усулларини қўллаш орқали болалар ва ўсмирларни жисмоний тарбия ҳамда оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиб бориш тизими жорий этилади;

болаларда спорт билан шуғулланишга соғлом, кучли ва таъсирчан мотивацияни шакллантириш ҳамда уларнинг муайян кўрсаткичлари асосида қайси спорт билан шуғулланишини аниқлаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилади;

маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим мактаблари жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминланади.


5. Белгилансинки, ёшларни спортга кенг жалб қилиш борасидаги барча мавжуд имкониятлардан самарали ва тўлиқ фойдаланишни ташкил қилиш мақсадида тажриба-синов тариқасида вилоятдаги барча умумий ўрта таълим мактабларида юридик шахс бўлмаган спорт клублари фаолияти йўлга қўйилади.

Бунда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Спорт вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 февралга қадар ушбу амалиёт натижалари ҳамда илғор хорижий тажриба асосида:

ушбу тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этади;

умумий ўрта таълим мактабларининг спорт клублари ўртасида ёш тоифалари кесимида спорт мусобақаларини тизимли равишда ташкил қилиб боради;

Ўзбекистон "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамияти фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.


6. Спорт вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда спорт федерациялари (ассоциациялари)нинг ҳар йили аҳолини, шу жумладан, ёшларни спортга кенг жалб қилишга йўналтирилган қуйидаги спорт тадбирларини ўтказиб бориш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

ёшлар ўртасида спорт турлари бўйича "Ҳоким кубоги", "Раҳбар кубоги", хотин-қизлар ўртасида "Аёллар спартакиадаси";

"Кураш - бизнинг миллий бойлигимиз", "Ўзбек полвони" шиори остида кураш мусобақалари;

умумий ўрта таълим мактабларининг спорт клублари ўртасида спортнинг футбол, баскетбол, волейбол, қўл тўпи, бокс, енгил атлетика (марафон, эстафета, диск, найза ва ядро улоқтириш) турлари бўйича икки босқичли (туман/шаҳар, вилоят) спорт мусобақалари.


7. Спорт вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги спорт федерациялари (ассоциациялари) билан биргаликда икки ой муддатда мазкур қарорнинг 6-бандида кўрсатилган мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.


8. Сурхондарё вилоятида байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт турларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон "ROWING & CANOE" федерациясининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


9. Белгилансинки, Термиз туманидаги "Учқизил" сув омбори ҳудудида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича халқаро спорт базаси ташкил этилади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Спорт вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон "ROWING & CANOE" федерацияси билан биргаликда 2025 йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида "Учқизил" сув омбори ҳудудида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича халқаро спорт базасини барпо этиш ҳамда замонавий спорт анжомлари билан тўлиқ жиҳозланган ўқув-машғулот базасига айлантириш чораларини кўрсин.


10. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Спорт вазирлиги, Ўзбекистон "ROWING & CANOE" федерацияси билан биргаликда:

бир ой муддатда вилоятда байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт турларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин;

уч ой муддатда Ўзбекистон "ROWING & CANOE" федерациясининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси учун тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда уни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар ажратилишини таъминласин ҳамда ҳудудий йирик ташкилотларни ҳомий сифатида бириктирсин.


11. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Спорт вазирлиги билан биргаликда:

уч ой муддатда Сурхондарё вилоятидаги мавжуд стадионларни хатловдан ўтказиш орқали улардаги енгил атлетика йўлакларини капитал таъмирлаш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2024 йил 1 сентябрга қадар спорт иншоотларида ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратсин ҳамда ушбу иншоотларни махсус спорт жиҳозлари билан таъминласин;

жойларда, айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудларда аҳоли ўртасида спорт мусобақалари, спорт акциялари, ҳаваскорлик спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиб бориш чораларини кўрсин;

2024 йил 1 майдан бошлаб Сурхондарё вилоятида енгил атлетиканинг марафон, эстафета, диск, найза ва ядро улоқтириш турлари, бокс ва сув спорти турларини ривожлантириш учун республиканинг малакали мутахассисларини (зарур ҳолларда, хорижий мутахассисларни) жалб этиб борсин;

спорт федерациялари (ассоциациялари)нинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда ноолимпия спорт турлари бўйича фаолият кўрсатаётган спорт клублари фаолиятини янада ривожлантириш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсин.


12. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:

Чора-тадбирлар режасида белгиланган спорт иншоотларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин;

Чора-тадбирлар режасини амалга ошириш доирасида бажариладиган лойиҳавий ва қурилиш-монтаж ишлари сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.


13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Спорт вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, тематик телекўрсатувлар ташкил этиш тавсия этилсин.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.И. Икрамов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими У.Б. Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 29 апрелдаги

243-сон қарорига

1-ИЛОВА



2024-2026 йилларда Сурхондарё вилоятида

ёшларни спортга кенг жалб қилиш ҳамда

спорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича

ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

Т/р

Амалга ошириладиган тадбирлар

Амалга ошириш механизми

Бажариш

муддати


Молиялаштириш

манбалари


Ижро учун масъуллар

1.

Ёшлар ўртасида сўровнома ўтказиш орқали аниқланган спорт турлари билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларни мавжуд спорт иншоотларида шуғулланишга жалб қилишни йўлга қўйиш.


1. Тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат мулки ҳисобланган спорт иншоотларини хатловдан ўтказиш.


2024 йил

май


-

Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова)

2. Спорт билан шуғулланиш истагини билдирган ёшлар учун тўлиқ қувват билан ишламаётган спорт иншоотларида спорт билан шуғулланиш имкониятини яратиш.


2024 йил

давомида

2.

Аҳоли ўртасида соғломлаштириш ишларини ташкил этиш.

1. Аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар, фахрийларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этиш учун давлат мулки ҳисобланган спорт иншоотларида ва клубларида спорт билан шуғулланиш жадвалини тасдиқлаш.


2. Спорт билан шуғулланувчи аҳолининг сонини аниқлаш ва мунтазам шуғулланувчиларнинг ҳисобини юритиш.


3. Хусусий спорт иншоотларида шуғулланувчи аҳолининг ҳисобини юритиш тизимини жорий этиш.


2024 йил

давомида


Маҳаллий бюджет маблағлари

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова)


3.

Спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқароларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг умумий сонини ошириш.


1. Маҳаллаларда спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни яратиш ҳамда улардаги мавжуд спорт иншоотларини зарур спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш.


2. Маҳалла, туман ва вилоят кесимларида тизимли равишда спорт тадбирларини ташкил қилиб бориш.


2024 йил

давомида


Маҳаллий бюджет маблағлари

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (Қ.Шарипов)


4.

Вилоятда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида ҳар йили Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маҳаллий бюджети параметрларини шакллантиришда вилоят, туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режаси учун зарур маблағларни назарда тутиш.


1. Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг ягона календарь режасини ўз вақтида шакллантириш ва тасдиқлаш.


2. Вилоят спорт бошқармасининг асосланган ҳисоб-китобларига асосан вилоят, туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режаси учун зарур маблағлар ажратиш.


3. Тасдиқланган вилоят, туман (шаҳар)лар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасининг бажарилишини қатъий назоратга олиш.


2024 йил

май


Маҳаллий бюджет маблағлари

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов)


5.

Вилоят ёшлари ўртасида оммавий спорт мусобақаларини оммалаштириш ва уларнинг қизиқишларини кучайтириш мақсадида тажрибали ва таниқли спортчилар иштирокида мотивацион учрашувлар ташкил этиш тизимини жорий этиш.


1. Мотивацион учрашувлар ташкил этиладиган тажрибали ва таниқли спортчилар рўйхатини шакллантириш.


2. Учрашувлар режа-графигини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


3. Ҳудудларда тизимли равишда мотивацион учрашувлар ва маҳорат сабоқлари, кўргазмали чиқишларни ташкил этиш.


Ҳар йили

апрель - май


-

Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов)


6.

Вилоятда олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ишларини такомиллаштириш.


1. Мутахассисларни жалб этган ҳолда олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича қуйи бўғинлардан бошлаб босқичма-босқич мусобақалар ташкил этиш орқали иқтидорли ёш спортчиларни саралаб олиш.


2. Саралаб олиш (селекция) йўли билан аниқланган иқтидорли ёшлар келажакда олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича олий маҳоратли спортчи бўлиб шаклланиши учун уларни ихтисослаштирилган спорт мактабларига йўналтириш.


3. Таълим муассасаларида ушбу ёшларнинг ўқиш ва шуғулланиш жараёнини доимий назоратга олган ҳолда мониторинг олиб бориш.


4. Маҳалла, туман ва шаҳарларда олимпия ва жаҳон чемпионлари, машҳур спортчилар ҳамда бошқа халқаро даражадаги мутахассислар иштирокида ёш спортчилар учун доимий равишда маҳорат дарсларини ташкил қилиш.


Режа-график

асосида


Маҳаллий бюджет маблағлари

Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (О.Қосимов), Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев)


7.

Ногиронлиги бўлган шахсларни спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш.


1. Паралимпия спорт турларини янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.


2. Таълим ташкилотларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланиши учун спорт клубларини ташкил этиш.


3. Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш бўйича спорт иншоотларига олиб борувчи транспорт инфратузилмасини яратиш.


4. Ҳудудлардаги барча спорт иншоотларининг қувватидан самарали фойдаланиш мақсадида паралимпия спорт турлари бўйича қўшимча спорт ва соғломлаштириш секциялари фаолиятини йўлга қўйиш.


5. Спорт таълим муассасаларини паралимпия спорт турлари бўйича махсус спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш.


2024-2025

йиллар


Маҳаллий бюджет маблағлари

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев)


8.

Вилоятда оммавий спорт мусобақаларини тизимли равишда ўтказиб бориш.


Оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш:

мусобақаларда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш;

спорт мусобақалари бўлиб ўтадиган ҳудудлар спорт инфратузилмаларини талаб даражасида тайёрлаш;

спорт иншоотларини спорт жиҳозлари билан таъминлаш;

туман (шаҳар) ва вилоят босқичи ғолиблари учун ҳоким совринини таъсис этиш.


Ҳар йили

1 февраль


Маҳаллий бюджет маблағлари

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов)


9.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини юритиши, мунтазам оммавий спорт билан шуғулланиши учун туман (шаҳар)ларда спорт иншоотлари ҳамда йирик оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш.


Аҳолининг кенг қатлами, шу жумладан, ёшлар ўртасида спорт турлари бўйича "Ҳоким кубоги", "Раҳбар кубоги", "Аёллар спартакиадаси" каби спорт мусобақаларини мунтазам ўтказиб бориш.


2024 йилдан

бошлаб

доимий


Маҳаллий бюджет маблағлари


Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов)


10.

Маҳаллалардаги ёшлар ўртасида спортнинг "Street sport", "Work out", турникда тортилиш, брусда ўйнаш каби турлари бўйича "Маҳалла кубоги"ни ташкил қилиш.


1. Мусобақа ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш.


2. Мусобақаларни доимий ўтказиб бориш.


3. Мусобақа ғолиб ва совриндорларини рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш.


Ҳар йили


Маҳаллий бюджет маблағлари

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов)


11.

Аҳолини, айниқса ёшларни ва футбол билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш.


1. Ҳудудларда (қишлоқ, маҳалла, туман, шаҳар, вилоят) мини-футбол инфратузилмасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича 2024-2025 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2. Мини-футбол бўйича ташкил этилган секциялар, тренерлар, мини-футбол майдонлари бўйича маълумотларни Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий саҳифаларга жойлаштириб бориш.


2024-2025

йиллар

давомида


Маҳаллий бюджет маблағлари

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов)


12.

Кураш миллий спорт турини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида янада ривожлантириш ҳамда оммалаштириш.


1. Кураш миллий спорт тури бўйича вилоятда "Кураш - бизнинг миллий бойлигимиз" шиори остида мусобақа ва турнирларни доимий ташкил этиб бориш.


Ҳар йили


Маҳаллий бюджет маблағлари

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов)


2. Ҳар бир туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида кураш миллий спорт тури бўйича секцияларни ташкил этиш.


3. Кураш миллий спорт тури бўйича секцияларда иқтидорли ёш спортчиларни саралаб олиш (селекция) ишларини амалга ошириш.


2024-2025

йиллар

13.

Вилоятда спортнинг енгил атлетика турлари билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.


1. Сурхондарё вилоятидаги мавжуд стадионларни ҳамда енгил атлетика майдонларини хатловдан ўтказиш.


2024 йил

май


Маҳаллий бюджет маблағлари

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов)

2. Мавжуд енгил атлетика йўлакларини капитал таъмирлаш бўйича 2024-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш.


2024 йил

июнь

3. Чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2024 йил

август

14.

Вилоятдаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим мактабларида спорт тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш.

1. Жисмоний тарбиянинг инновацион усулларини қўллаш орқали ёшларни жисмоний тарбия ҳамда оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиб бориш тизимини жорий этиш.


2. Болаларда спорт билан шуғулланишга соғлом, кучли ва таъсирчан мотивацияни шакллантириш ҳамда уларнинг муайян кўрсаткичлари асосида қайси спорт билан шуғулланишини аниқлаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш.


3. Маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим мактабларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш.


2024 йил

декабрь


Маҳаллий бюджет маблағлари

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов)

15.

Ҳар бир умумий ўрта таълим мактабида футбол, баскетбол, волейбол, гандбол ва бошқа жамоавий ўйин турлари бўйича жамоалар тузиш ҳамда мунтазам равишда мактаб жамоалари ўртасида мусобақалар ўтказиб боришни йўлга қўйиш.


1. Спорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2. Мактаб жамоалари ўртасида доимий мусобақалар ўтказиш.


3. Мусобақалар ғолиб ва совриндорларини рағбатлантириш ва уларни профессионал спортга йўналтириб бориш тизимини жорий қилиш.


2024/2025

ўқув

йилидан

бошлаб


Ижрочилар маблағлари


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов)


16.

Ёзги таътил даврида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Ёзги таътилни спорт билан ўтказамиз" шиори остида спортнинг футбол, волейбол, гандбол, бокс, таэквондо, енгил атлетика, сузиш, кураш, каратэ, армрестлинг, камондан ўқ отиш, дзюдо бўйича спорт мусобақалари, ўқув машғулотлари ва тадбирларини ўтказиш.


1. Спорт тадбирларини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2. Тасдиқланган чора-тадбирлар режаси асосида спорт тадбирларини ташкил этиш.


Ҳар йили


Ижрочилар маблағлари

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов)


17.

Сурхондарё вилоятидаги давлат спорт-таълим муассасаларини чуқур билим, тажриба ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш.


1. Сурхондарё вилоятидаги барча давлат спорт-таълим муассасалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, йўриқчи-услубчилари ҳамда тренерларини аттестациядан ўтказиш.


2.Аттестация натижалари асосида давлат спорт-таълим муассасалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, йўриқчи-услубчилари ҳамда тренерларини ўз лавозимиги мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш.


3. Давлат спорт-таълим муассасаларидаги бўш лавозимларни чуқур билим, тажриба ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўриш.


2024 йил

сентябрь

-

Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов)

18.

Вилоятдаги мавжуд спорт иншоотларини хатловдан ўтказиш.

1. Хатлов ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ шакллантириш.


2. Вилоятдаги мавжуд давлат спорт иншоотларини хатловдан ўтказиш.


3. Хатлов натижалари юзасидан спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш манзилли дастурига киритиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига таклиф лойиҳасини киритиш.


4. Спорт иншоотларининг зарур моддий-техник база билан таъминланганлик ҳолатини мониторинг қилиб бориш.


2024 йил

октябрь

-

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов)

19.

Вилоятда ёшлар учун олис ҳудудларда ва қишлоқларда 15 та универсал, стритбол ва воркаут спорт майдончаларини барпо этиш.


1. Барпо этиладиган спорт иншоотларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлаш.


2. Спорт иншоотларининг белгиланган муддатларда барпо этилиши ва фойдаланишга топширилишини таъминлаш.


2024 йил

декабрь

Ижрочилар маблағлари


Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов)

20.

Вилоятдаги спорт мактабларини замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминлаш.

1. Спорт мактабларининг зарур компьютер техникаси ва жиҳозлар билан таъминланган ҳолатини ўрганиш.


2. Ўрганиш натижалари бўйича зарур бўладиган замонавий компьютер техникаси ва жиҳозларини харид қилиш юзасидан Спорт вазирлигига таклиф киритиш.


3. Харид қилинган замонавий компьютер техникаси ва жиҳозларини спорт мактабларига ўтказиб бериш.


2024 йил

сентябрь

Ижрочилар маблағлари


Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов)


21.

Вилоятдаги умумий ўрта таълим мактаблари, профессионал ва олий таълим ташкилотларини спорт жиҳозлари ва анжомлари билан эҳтиёжга кўра таъминлаш ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлаш.

1. Умумий ўрта таълим мактаблари, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжини ўрганиш.


2. Ўрганиш натижалари бўйича умумий ўрта таълим мактабларини спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлаш.


2024-2025

йиллар

Ижрочилар маблағлари


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (Қ.Шарипов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов)


22.

Термиз туманидаги "Учқизил" сув омборида байдарка ва каноэда эшкак эшиш халқаро спорт базасини ташкил қилиш, унинг самарали фаолият юритишини йўлга қўйиш.

1. Байдарка ва каноэда эшкак эшиш халқаро спорт базасини Хитой давлатининг тажрибаси асосида бино ва иншоотларни қуриш бўйича индивидуал лойиҳани ишлаб чиқиш.


2. Лойиҳада спорт базаси ва унинг таркибий тузилмалари учун зарур бино ва иншоотлар, сузиш ҳавзаси, ошхона ҳамда ётоқхона каби бинолар барпо этишни назарда тутиш.


3. Лойиҳани 2025 йилги Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиш.


4. Спорт базаси ва унинг тузилмасини зарур техника ва инвентарлар билан жиҳозлаш.


5. Қурилиш ишларини якунлаш, фойдаланишга топширилиши ва қабул қилинишини таъминлаш.


2025 йил

давомида


Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида ажратилган маблағлар

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И.Норқулов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Б.Закиров), Ўзбекистон "ROWING & CANOE" федерацияси (Б.Исламов)


23.

Термиз туман спорт мактабининг яроқсиз ҳолатга келиб қолган сув таъминоти иншоотини таъмирлаш.

1. Яроқсиз ҳолатга келиб қолган сув таъминоти иншоотининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш.


2. Сув таъминоти иншоотининг белгиланган тартибда таъмирланиши ва фойдаланишга топширилишини таъминлаш.


2024 йил

сентябрь

Давлат бюджети маблағлари

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И.Норқулов)


24.

Денов, Қумқўрғон, Қизириқ, Олтинсой ва Шўрчи тумани 2-сон спорт мактабларини таъмирлаш.

1. Спорт мактабларини мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш.


2. Лойиҳани 2025-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиш.


3. Спорт мактабларининг белгиланган тартибда таъмирланиши ва фойдаланишга топширилишини таъминлаш.


2025-2026

йилларда


Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида ажратилган маблағлар


Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (У.Қосимов), Спорт вазирлиги (А.Икрамов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И.Норқулов)


         





Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 29 апрелдаги

243-сон қарорига

2-ИЛОВА



Сурхондарё вилоятида ёшларни спортга кенг

жалб қилиш ҳамда спорт инфратузилмасини яхшилаш

бўйича чора-тадбирлар режаси амалга оширилишини

ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича

ИШЧИ ГУРУҲ ТАРКИБИ

1. А.И. Икрамов

-

Ўзбекистон Республикаси спорт вазири, Ишчи гуруҳ раҳбари


2. У.Б. Қосимов

-

Сурхондарё вилояти ҳокими, Ишчи гуруҳ ҳамраҳбари


3. Х.Ў. Умарова

-

Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири


4. А.З. Саъдуллаев

-

Ёшлар ишлари агентлиги директори


5. С.М. Бузрукхонов

-

Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари


6. Ш.Ш. Махмудов

-

Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари


7. О.О. Қосимов

-

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби


8. М.М. Ташходжаев

-

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси


9. Р.М. Маткаримов

-

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори


10. И.О. Сапаров

-

Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, Ишчи гуруҳ котиби


           

Изоҳ. Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, гуруҳ таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 30 апрель