Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.12.2025 й. ПФ-253-сон "Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
18.12.2025 й.
N ПФ-253
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА
ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ЗАМОНАВИЙ РАҚАМЛИ
ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЖОРИЙ ЭТИШГА ДОИР
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мамлакатимизда конституциявий назорат самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш, Конституциявий суд фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш, конституциявий одил судловга эришиш кафолатларини кучайтириш ҳамда Конституциявий суднинг қонун устуворлигини таъминлашдаги ролини янада ошириш мақсадида, шунингдек, "Ўзбекистон - 2030" стратегиясининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ ҚАРОР ҚИЛАМАН:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор мақсадлари этиб белгилансин:
(а) фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил судловга эришиш, уларнинг бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш имкониятларини кенгайтириш;
(б) фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (шикоятлари)ни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқлар ва оворагарчиликларни бартараф этиш;
(в) Конституциявий суд ваколатларини кенгайтириш орқали ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан таъсирчан конституциявий назорат ўрнатиш;
(г) конституциявий суд ишларини юритиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали Конституциявий суд фаолиятида шаффофликни ошириш.
II. Конституциявий суд фаолияти самарадорлигини ошириш
2. Конституциявий суднинг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотида (кейинги ўринларда - Ахборот) қайд этиладиган таклиф ва тавсияларни амалиётга жорий этишнинг самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга оид Олий Мажлис палаталари ва Конституциявий суднинг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
(а) Ахборотда қайд этилган таклиф ва тавсияларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан чора-тадбирлар режасини Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарори билан тасдиқлаш ҳамда унинг амалга оширилиши устидан назорат ўрнатиш;
(б) масъул давлат органлари томонидан Олий Мажлис палаталари кенгашлари тасдиқлаган чора-тадбирлар режасида назарда тутилган топшириқлар ижроси юзасидан белгиланган муддатларда Олий Мажлис палаталари ва Конституциявий судга ахборот киритиш.
3. Конституциявий суднинг мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини янада такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифига розилик берилсин:
(а) Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи субъекти бўлмаган фуқаро ёки юридик шахс томонидан Конституциявий судга тааллуқли масала юзасидан йўлланган мурожаатни Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектга юбориш;
(б) Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъект томонидан фуқаро ёки юридик шахснинг мурожаатидаги масала Конституциявий судга киритилмаган ҳолатларда муаллифга унинг мурожаатидаги масалани Конституциявий судга киритишга асос мавжуд эмаслигини тушунтирган ҳолда хабар бериш ва Конституциявий судга ахборот тақдим этиш амалиётини жорий этиш.
4. Конституциявий суд (М. Абдусаломов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 июнга қадар фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, конституциявий суд ишларини юритиш, хулоса ва қарорларни қабул қилиш каби процессуал масалаларни ўз ичига олган конституциявий суд ишларини юритишни тартибга солувчи конституциявий қонун лойиҳасини киритсин.
5. Конституциявий суднинг конституциявий шикоят институти самарадорлигини ошириш ва суд ҳимоясини таъминлаш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
(а) муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституциявий суд томонидан Конституцияга мувофиқ эмас деб топилиши суд ҳужжатини ўрнатилган тартибда қайта кўришга;
(б) муайян иш бўйича қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан Конституциявий судга Олий суд томонидан мурожаат киритилиши ҳолатини судда тегишли иш бўйича иш юритувини тўхтатишга асос сифатида белгилаш.
III. Конституциявий суд фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш
6. Қуйидагиларни назарда тутувчи 2026-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини рақамлаштириш дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
(а) суд иштирокчиларини Конституциявий суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида "Суд хабарномаси" электрон хизмати ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали Давлат бюджети ҳисобидан электрон тарзда хабардор қилиш;
(б) суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида, шу жумладан, мобил иловадан фойдаланган ҳолда ўтказилишини таъминлаш;
(в) Конституциявий суд фаолияти тўғрисидаги ахборотнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида фуқаро ва юридик шахсларга интерактив хизматлар кўрсатадиган ахборот тизимларини яратиш;
(г) одил судловни амалга оширишда зарур бўлган маълумотларни фуқаро ва юридик шахсларни овора қилмаган ҳолда ваколатли давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш амалиётини йўлга қўйиш;
(д) суд мажлисларини аудиоёзув орқали қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомаларини ушбу тизим ёрдамида шакллантириш.
7. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ахборот тизимини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича "йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Белгилаб қўйилсинки, Конституциявий суд ахборот тизимини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан белгиланган тартибда интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар Конституциявий суднинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилади.
9. 2027 йил 1 августдан бошлаб Конституциявий суд фаолиятига қуйидаги имкониятларга эга "E-KSUD" ахборот тизими синов тариқасида жорий этилсин:
(а) Конституциявий судга электрон шаклда мурожаат қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш;
(б) фуқаролар ва юридик шахсларга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида интерактив хизматлар кўрсатиш;
(в) суд мажлисларини жонли эфирга узатиш имкониятини яратиш;
(г) ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитларни яратиш.
10. Белгилансинки, Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштиришда:
(а) дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида, Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ҳамда халқаро грант, донор ташкилотлар ва хорижий ҳамкорларнинг маблағлари;
(б) зарур компьютер ва бошқа ускуналарни харид қилиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида ҳамда халқаро грант, донор ташкилотлар ва хорижий ҳамкорларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
11. "Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор - "UZINFOCOM" МЧЖ (кейинги ўринларда - Ягона интегратор) Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш бўйича тизим оператори этиб белгилансин ва унга қуйидаги асосий вазифалар юклансин:
(а) Конституциявий суд фаолияти билан боғлиқ барча жараёнларни рақамлаштириш;
(б) "E-KSUD" ахборот тизимини жорий этиш, бошқа ахборот тизимлари билан интеграциясини амалга ошириш ҳамда Конституциявий судга мазкур йўналишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиб бориш.
12. Қуйидагиларга:
(а) Ягона интеграторга Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг резиденти мақомини сақлаб қолган ҳолда, истисно тариқасида, суд фаолияти учун дастурий-аппарат комплекслари, ахборот тизимлари, муҳандислик инфратузилмаси, шунингдек, ушбу мақсадлар учун зарур ускуналар, бутловчи қисмлар, технологик ҳужжатлар ва дастурий таъминотни етказиб бериш ҳуқуқи;
(б) Конституциявий судга:
(i) лойиҳа ва техник ҳужжатларни тайёрлаш, дастурий-аппарат комплекслари, автоматлаштирилган ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар ва муҳандислик инфратузилмаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ушбу мақсадлар учун зарур ускуналар, бутловчи қисмлар, технологик ҳужжатлар ва дастурий таъминотни етказиб бериш бўйича Ягона интегратор билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқи;
(ii) дастурий-аппарат комплекслари, ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар ва муҳандислик инфратузилмасига оид лойиҳаларни бажариш доирасида ускуналар, бутловчи қисмлар, технологик ҳужжатлар ва дастурий таъминотни етказиш ва хизматлар кўрсатиш юзасидан Ягона интегратор билан тузилган шартномалар бўйича 30 фоизгача миқдорда олдиндан тўловни амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.
IV. Конституциявий суд фаолиятига оид ташкилий масалалар
13. Конституциявий суд фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан самарали таъминлаш мақсадида 2026 йил 1 январдан қўшимча 8 та штат бирлиги ажратилсин.
14. Конституциявий суднинг "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди" эмблемаси намунасини тайёрлаш ва ундан фойдаланиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
15. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
(а) Конституциявий суд девони раҳбари, экспертлар гуруҳи раҳбари ва бўлим бошлиқларига Олий суд судьяси, бошқарув ходимларига эса вилоят даражасидаги умумюрисдикция суди судьяси учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;
(б) ушбу банднинг "а" кичик бандидаги шартлар муқаддам судьялик лавозимида ишлаган шахсларга нисбатан қўлланилиб, ушбу шахсларнинг шу лавозимларда ишлаган вақти судьялик стажига қўшилади ва пенсия тайинлашда ҳисобга олинади.
16. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Конституциявий суд ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига қуйидагилар киритилсин:
(а) ўз хизмат вазифасини виждонан бажараётган ҳамда алоҳида муҳим ишларни амалга ошираётган ходимларни икки ойлик лавозим маоши миқдорида (алоҳида меҳнат шароитлари инобатга олинган ҳолда) мукофотлаш;
(б) лавозим маошининг бир баравари миқдорида (алоҳида меҳнат шароитлари инобатга олинган ҳолда) йилда бир маротаба моддий ёрдам пули;
(в) лавозим маошининг 15 фоизи миқдоридаги (алоҳида меҳнат шароитлари, малака даражаси ва мансаб даражаси учун қўшимча ҳақ ҳамда меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти инобатга олинган ҳолда) моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағлари.
17. Вазирлар Маҳкамаси 2026 йил 1 мартга қадар Конституциявий судни алоҳида бинода жойлаштириш, уни реконструкция қилиш ва жиҳозлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
18. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (А. Хайдаров) ушбу Фармонга асосан ажратилаётган қўшимча штат бирликларини 2026 йилдан бошлаб молиялаштириш учун Давлат бюджети параметрларида зарур маблағларнинг назарда тутилишини таъминласин.
19. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
20. Конституциявий суд (М. Абдусаломов) Олий суд (Б. Исламов) ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчиликка мазкур Фармон талабларидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
21. Фармон ижросини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Н.Ж. Хакимова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2025 йил 18 декабрдаги
ПФ-253-сон Фармонига
1-ИЛОВА
2026-2027 йилларда Ўзбекистон
Республикаси Конституциявий суди
фаолиятини рақамлаштириш
ДАСТУРИ
Изоҳ: лойиҳаларни ижро этишнинг якуний қиймати лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиши ва тасдиқланиши, тендер (танлов) савдолари ўтказилишидан кейин аниқланади.
Президентининг
2025 йил 18 декабрдаги
ПФ-253-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг ахборот тизимини
давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот
тизимлари билан интеграция қилиш бўйича
"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"
Т/р |
Чора-тадбирлар номи |
Амалга ошириш шакли |
Ижро муддати
|
Масъул ижрочилар
|
1. |
Ишда иштирок этувчи жисмоний шахслар ҳақида маълумотлар олиш имкониятини яратган ҳолда Конституциявий суд ахборот тизимининг Ички ишлар вазирлиги "Манзил" ва "Жисмоний шахслар" ахборот тизимлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш. |
1. Техник йўриқнома ишлаб чиқиш. |
2027 йил январь |
Конституциявий суд (А.Ғафуров), Рақамли технологиялар вазирлиги (О.Умаров), Ички ишлар вазирлиги (З.Курбанов) |
2. Веб-хизматни яратиш. 3. Веб-хизматдан фойдаланиш имконини бериш. |
2027 йил февраль |
|||
2. |
Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ҳақидаги маълумотларни онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш. |
1. Техник йўриқнома ишлаб чиқиш. |
2027 йил январь |
Конституциявий суд (А.Ғафуров), Рақамли технологиялар вазирлиги (О.Умаров) |
2. Веб-хизматни яратиш. 3. Веб-хизматдан фойдаланиш имконини бериш. |
2027 йил февраль |
|||
3. |
Суд томонидан почта алоқаси орқали йўлланадиган хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари, бошқа ҳужжатларни жисмоний ва юридик шахсларга етказиб бериш, етказилганлигини тасдиқлаш, маълумотларни сақлаш ҳамда ҳисобга олишнинг ягона миллий тизими билан ўзаро электрон ҳамкорликни таъминлаш. |
1. Техник йўриқнома ишлаб чиқиш. |
2027 йил март |
Конституциявий суд (А.Ғафуров), Рақамли технологиялар вазирлиги (О.Умаров), "Ўзбекистон почтаси" АЖ (А.Файзуллаев) |
2. Веб-хизматни яратиш. 3. Веб-хизматдан фойдаланиш имконини бериш. |
2027 йил апрель |
|||
4. |
Конституциявий суд ва давлат архиви ўртасида архивда сақланаётган ҳужжатларни олишга сўров юбориш ҳамда ҳужжатларни архивдан олиш қисми бўйича электрон ахборот алмашинувини таъминлаш. |
1. Техник йўриқнома ишлаб чиқиш. |
2027 йил май |
"Ўзархив" агентлиги (У.Юсупов), Конституциявий суд (А.Ғафуров) |
2. Веб-хизматни яратиш. 3. Веб-хизматдан фойдаланиш имконини бериш. |
2027 йил июнь |
|||
5. |
Конституциявий суд ва Миллий статистика қўмитаси ўртасида статистик маълумотлар алмашинуви бўйича электрон ҳамкорликни ташкил этиш. |
1. Техник йўриқнома ишлаб чиқиш. |
2027 йил июль |
Конституциявий суд (А.Ғафуров), Миллий статистика қўмитаси (З.Зияев) |
2. Веб-хизматни яратиш. 3. Веб-хизматдан фойдаланиш имконини бериш. |
2027 йил август |
|||
6. |
Судга жисмоний шахснинг (16 ёшга тўлган жисмоний шахслар ва ЖШШИРга эга бўлганлар) наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги ҳақидаги маълумотларни онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш. |
1. Техник йўриқнома ишлаб чиқиш. |
2027 йил июль |
Конституциявий суд (А.Ғафуров), Рақамли технологиялар вазирлиги (О.Умаров) |
2. Веб-хизматни яратиш. 3. Веб-хизматдан фойдаланиш имконини бериш. |
2027 йил август |
|||
7. |
Судга жисмоний шахснинг (16 ёшга тўлган жисмоний шахслар ва ЖШШИРга эга бўлганлар) руҳий касалликлар бўйича диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги ҳақидаги маълумотларни онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш. |
1. Техник йўриқнома ишлаб чиқиш. |
2027 йил сентябрь |
Конституциявий суд (А.Ғафуров), Рақамли технологиялар вазирлиги (О.Умаров) |
2. Веб-хизматни яратиш. 3. Веб-хизматдан фойдаланиш имконини бериш. |
2027 йил октябрь |
|||
8. |
"E-qaror" электрон дастуридан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар маҳаллий кенгашлари қарорлари ҳақидаги маълумотларни онлайн тарзда олишни таъминлаш. |
1. Техник йўриқнома ишлаб чиқиш. |
2027 йил ноябрь |
Конституциявий суд (А.Ғафуров), Адлия вазирлиги (Н.Мухаммадиев), Рақамли технологиялар вазирлиги (О.Умаров) |
2. Веб-хизматни яратиш. 3. Веб-хизматдан фойдаланиш имконини бериш. |
2027 йил декабрь |
Изоҳ: ахборот ва маълумотлар алмашинуви идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида амалга оширилади.
Президентининг
2025 йил 18 декабрдаги
ПФ-253-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига
киритилаётган ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 январдаги "Суд органлари фаолиятини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6134-сон Фармонининг 1-иловаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"Ўзбекистон Республикаси
Президентининг
2021 йил 13 январдаги
ПФ-6134-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди
судьялари ва ходимларининг тариф сеткаси
бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш
РАЗРЯДЛАРИ
Лавозимлар номи |
Меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари
|
Тариф коэффициенти |
Раис |
21 |
19,631 |
Раис ўринбосари |
19 |
17,276 |
Судья |
18 |
12,211 |
Девон раҳбари |
18-3% |
|
Гуруҳ раҳбари |
17 |
9,965 |
Матбуот хизмати раҳбари, бўлим бошлиғи |
16 |
6,490 |
Раис ёрдамчиси, биринчи бўлим мудири |
15 |
6,146 |
Катта эксперт, бош консультант, бош мутахассис |
14 |
5,810 |
Эксперт, катта консультант, катта мутахассис, девонхона мудири |
13 |
5,482 |
".
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 19 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятининг таъминоти тўғрисида"ги 64-сон қарорининг иккинчи хатбошисидаги "22" рақами "30" рақами билан алмаштирилсин.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 19 декабрь

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter