Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.12.2025 й. ПҚ-383-сон "Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.12.2025 й.

N ПҚ-383



АҲОЛИНИНГ ЭҲТИЁЖМАНД

ҚАТЛАМЛАРИГА ҲУДУДЛАРДА КОМПЛЕКС

ИЖТИМОИЙ ВА РЕАБИЛИТАЦИЯ ХИЗМАТЛАРИНИ

КЎРСАТИШ ТИЗИМИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Аҳоли эҳтиёжманд қатламларининг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда уларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:


I. Мақсадлар


1. Қуйидагилар ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгилансин:

(а) ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун уларни жамиятга интеграция қилишга қаратилган ижтимоий хизматларни жорий этиш;

(б) чекловларсиз ва жамият билан узвий боғланган ижтимоий хизмат кўрсатиш шаклларини жорий этиш орқали интернат шаклида хизмат кўрсатиш тизимини ноинституционаллаштириш жараёнларини жадаллаштириш;

(в) аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда нодавлат секторнинг улушини ошириш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш.


II. Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятини йўлга қўйиш


2. 2025 йилда Андижон ва Тошкент шаҳарларида тажриба тариқасида Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари (кейинги ўринларда - ҳудудий марказлар) фаолияти йўлга қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. Андижон шаҳри ва Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида ташкил этилган ҳудудий марказлар тажрибаси асосида 2026-2027 йиллар давомида босқичма-босқич 20 та ҳудудий марказ фаолияти йўлга қўйилсин.


4. Белгилансинки:

(а) ҳудудий марказлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (кейинги ўринларда - Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари тизимида давлат муассасаси сифатида ташкил этилади;

(б) ҳудудий марказлар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

(в) ҳудудий марказлар фаолияти учун зарур штат бирликлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ташкилотларнинг мақбуллаштириладиган штатлари ҳисобидан шакллантирилади. Бунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорига Давлат бюджетидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолияти учун ажратилган маблағлар ҳамда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳудудий марказлар фаолияти учун зарур штат бирликларини жорий этиш ва молиялаштириш ҳуқуқи берилсин.


5. Қуйидагилар ҳудудий марказлар фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

(а) аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар ва оғир ҳаётий вазиятдаги болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилишини ташкил этиш;

(б) ривожланишида нуқсони бўлган болаларни тўғри парваришлаш бўйича оила аъзолари ва парваришлаш билан банд бўлган бошқа шахсларнинг кўникмаларини мустаҳкамлаш;

(в) оғир ҳаётий вазиятдаги болаларнинг ижтимоий мослашувидаги муаммоларни ўрганиш орқали уларнинг жамиятга интеграциясини таъминлаш;

(г) психологик-педагогик, таълим ва бошқа ижтимоий хизматларни тақдим этиш.


6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

(а) ҳудудий марказлар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига реабилитация, абилитация, физиотерапия ва даволаш-жисмоний тарбия, қараб туриш ва парваришлаш хизматлари кўрсатилади. Бунда мазкур хизматлар нодавлат ташкилотларни, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахсларни жалб этиш орқали ҳам кўрсатилиши мумкин;

(б) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижтимоий хизматлардан имтиёзли шартларда (хизмат харажатларини ваучер асосида ёки компенсация шаклида қоплаш) фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар ҳудудий марказлар хизматларидан "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг йўлланмаси асосида фойдаланади. Бунда ушбу шахсларга йўлланма "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб берилади;

(в) ҳудудий марказларнинг хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ барча тартиб-таомиллар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизимлари орқали тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади.


7. Қуйидагилар:

(а) Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларининг намунавий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

(б) Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларини жойлаштириш учун ажратиладиган вазирлик ва идоралар ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги балансидаги ер участкалари ва бино-иншоотларнинг рўйхати 2 ва 2а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


III. Ташкилий чора-тадбирлар


8. Ҳудудий марказларни аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш учун зарур бино-иншоот ва инфратузилма билан таъминлаш мақсадида:

(а) Давлат активларини бошқариш агентлиги бир ой муддатда вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур қарорга 2-иловага мувофиқ бино-иншоотларни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармаларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ажратсин;

(б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари бир ой муддатда мазкур қарорга 2-иловага мувофиқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фойдаланишида бўлмаган ер участкаларининг белгиланган тартибда захирага қайтарилишини ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бўлинмаларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилишини таъминласин.


9. Белгилансинки:

(а) ҳудудий марказларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;

(б) мазкур қарорга 2 ва 2а-иловаларда кўрсатилган бино-иншоотларда лойиҳалаш, қурилиш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилади.


10. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги:

(а) 2026 йил 1 майга қадар:

(i) ҳудудий марказлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича концепция ҳамда уларнинг фаолиятига қўйиладиган талабларни;

(ii) 2027-2029 йилларда ҳудудий марказлар фаолиятини йўлга қўйишнинг мақсадли кўрсаткичларини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Ҳукуматга киритилишини таъминласин;

(б) 2026 йил якунига қадар Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳудудий марказлар фаолиятини мониторинг қилиш, уларга ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини йўналтириш учун электрон йўлланмани шакллантириш ва бошқа имкониятларни таъминловчи ахборот модулини ишлаб чиқиб, "Рақамли ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилсин.


11. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудий марказлар фаолияти йўлга қўйиладиган бино-иншоотларда қурилиш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишларини молиялаштириш бўйича таклифларни келгуси йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиб борсин.


IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат


12. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси - Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.П. Оллоёров белгилансин.


14. Қарор ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2025 йил 18 декабрдаги

ПҚ-383-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларининг

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ





Марказ директори





































Дастурларни мувофиқлаштирувчи мутахассис


Бош ҳисобчи


Бош юрисконсульт














Комплекс реабилитация хизматлари бўлими*




Кадрлар билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис**



         

Изоҳ:

Марказ бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони унинг туридан (кичик, ўрта ва йирик ҳажмли ёки ихтисослаштирилган) келиб чиқиб - 4-35 бирликни ташкил этади. Марказ бошқарув ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича туман (шаҳар) "Инсон" ижтимоий хизматлар марказининг қуйидаги ходимларига тенглаштирилади: Марказ бошлиғи - директорга, дастурларни мувофиқлаштирувчи мутахассис, бош ҳисобчи ва бош юрисконсульт - бош мутахассисга, кадрлар билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис - етакчи мутахассисга.

Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар учун штатлар сони қонунчиликда белгиланган меъёрларга мувофиқ аниқланади. Заруратга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда намунавий тузилмага ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


*) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишган ҳолда Комплекс реабилитация хизматлари бўлимини ташкил этиши мумкин. Бунда ушбу бўлим учун киритиладиган штатлардаги ходимлар меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва рағбатлантириш шартлари бўйича реабилитация марказига эга бўлган давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ходимларига тенглаштирилади.

**) Штатлар сони 15 бирликдан ортиқ бўлганда штатлар жадвалига кадрлар билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис штати киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2025 йил 18 декабрдаги

ПҚ-383-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларини

жойлаштириш учун ажратиладиган вазирлик

ва идоралар балансидаги ер участкалари

ва бино-иншоотларнинг

РЎЙХАТИ

Т/р

Туман (шаҳар) номи


Манзили*


Балансда сақловчи


Қорақалпоғистон Республикаси

1.

Нукус шаҳри

Нукус шаҳри, "Алмазар" МФЙ, Куяшли кўчаси, 2-уй


(Нукус шаҳри тиббиёт бирлашмасига қарашли жарроҳлик бўлими)


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Андижон вилояти

2.

Шаҳрихон тумани

Шаҳрихон тумани, "Мустақиллик" МФЙ, Муса Жалил кўчаси, 23-уй


(Ёшлар ишлари бўлимининг собиқ биноси)


Ёшлар ишлари агентлиги

Навоий вилояти

3.

Навоий шаҳри

Навоий шаҳри, "Фаровон" МФЙ, Янги Навоий шаҳарчаси ҳудудидаги ер участкаси


Навоий вилояти ҳокимлиги

"Мустақиллик" МФЙ, Мирзо Улуғбек кўчаси, 21-уй манзилида жойлашган ер участкаси ва бино-иншоотлар**


Адлия вазирлиги

Сирдарё вилояти

4.

Гулистон шаҳри

Гулистон шаҳар, "Бўстон" МФЙ, Гулистон шоҳкўчаси, 178-уй


(Гулистон шаҳар 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 12:10:43:01:01:00557, 12:10:43:01:01:00551,

12:10:43:01:01:00560 кадастр рақамлари остидаги бино-иншоотлари)


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Сурхондарё вилояти

5.

Термиз шаҳри

Термиз шаҳри, С.Соҳибов кўчаси, 12-уй


(Собиқ Термиз шаҳар 9-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаби биноси)


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

6.

Сариосиё тумани

Сариосиё тумани, Абдулла Қаҳҳор кўчаси, 130-уй


(Сариосиё тумани 94-сон умумий ўрта таълим мактаби (собиқ 66-санатория мактаб интернати) биноларининг бир қисми ва ер участкаси:

19:10:41:02:05:00260,

19:10:41:02:05:00252 кадастр рақамлари остидаги бино-иншоотлар)


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Тошкент вилояти

7.

Чирчиқ шаҳри

Чирчиқ шаҳри, Алишер Навоий кўчаси, 331-уй


(Чирчиқ шаҳар собиқ 14-сонли Меҳрибонлик уйи)


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

8.

Бекобод тумани

Бекобод тумани, "Олтин водий" МФЙ ҳудудида жойлашган ер участкаси


Тошкент вилояти ҳокимлиги

Хоразм вилояти

9.

Урганч шаҳри

Урганч шаҳри, "Гулзор" МФЙ, Ғ. Ғуломов кўчасида жойлашган ер участкаси


Хоразм вилояти ҳокимлиги

           

*) Мазкур илова ва кадастр ҳужжатларида объектларнинг номланиши ҳамда манзиллари ўртасида тафовут юзага келганда объектларни топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида аниқлик киритилади.

**) Ушбу ер участкаси ва бино-иншоотлардан янги ижтимоий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ёки ҳудудий бўлинма ёхуд тизим ташкилотларини жойлаштириш учун фойдаланилиши мумкин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2025 йил 18 декабрдаги

ПҚ-383-сон қарорига

2а-ИЛОВА



Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларини

жойлаштириш учун ажратиладиган Ижтимоий

ҳимоя миллий агентлиги балансидаги ер участкалари

ва бино-иншоотларнинг

РЎЙХАТИ

Т/р

Туман (шаҳар) номи


Манзили


Бухоро вилояти

1.

Бухоро шаҳри


Бухоро шаҳри, "А.Дониш" МФЙ, Пиридастгир кўчаси, 1/1 уй


Жиззах вилояти

2.

Жиззах шаҳри

Жиззах шаҳри, "Кимёгар" МФЙ, Тўмарис кўчаси, 85г-уйда жойлашган ер участкаси


Қашқадарё вилояти

3.

Китоб тумани


Китоб тумани, "Мустақиллик" МФЙ, Истиқлол кўчаси, 34-уй


Наманган вилояти

4.

Наманган шаҳри


Наманган шаҳри, Давлатобод тумани, 2-кичик туман "Тўқувчи" МФЙ, Ғарбий кўчаси, 2-а уй


5.

Косонсой тумани


Косонсой тумани, "Гулобод" МФЙ, Меъмор кўчаси, 148-уй


Самарқанд вилояти

6.

Самарқанд шаҳри


Самарқанд шаҳри, Дахбед кўчаси, 41-уй


Сурхондарё вилояти

7.

Денов тумани


Денов тумани, "Нурли манзил" МФЙ, Ш.Рашидов кўчаси, 318-уй манзилидаги ер участкаси


Тошкент вилояти

8.

Нурафшон шаҳри


Нурафшон шаҳри, "Қумариқ" МФЙ ҳудудидаги ер участкаси


Тошкент шаҳри

9.

Тошкент шаҳри

Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 19-мавзе, Деҳқонобод кўчаси, 10 уй


Фарғона вилояти

10.

Қўқон шаҳри


Қўқон шаҳри, Оқ уйлик кўчаси, 22-уй


11.

Риштон тумани


Риштон тумани, "Фаровонлик" МФЙ, Б. Рошидоний кўчаси, 276-а-уй


          


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 22 декабрь