Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш Стратегияси (ЎзР Президентининг 24.12.2025 й. ПФ-256-сон Фармонига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2025 йил 24 декабрдаги

ПФ-256-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2026-2030 йилларга

мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг

барча шаклларидан ҳимоя қилиш

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ МАЪЛУМОТ


1. 2026-2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) Ўзбекистон Республикасининг "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги "Ўзбекистон - 2030" стратегияси тўғрисида"ги ПФ-158-сон Фармони ва Богота ҳаракатлар чақируви доирасида Ўзбекистон Республикаси ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг ижросини таъминлаш, болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларнинг мазкур соҳадаги фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.


2. Қуйидагилар Стратегиянинг устувор йўналишлари ҳисобланади:

(а) болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича профилактика тизимини такомиллаштириш ва зўравонлик ҳолатларини эрта аниқлаш тизимини йўлга қўйиш;

(б) жамиятда болаларга нисбатан зўравонликка бўлган муросасизлик муҳитини шакллантириш;

(в) зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар учун оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш, кундузги шаклда ва бошқа турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилишини йўлга қўйиш;

(г) зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштирокини кенгайтириш;

(д) зўравонлик ҳолатлари бўйича доимий янгилаб борилувчи ягона маълумотлар базасини яратиш;

(ж) зўравонлик ҳолатини баҳолаш ва мониторинг қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш;

(з) болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;

(и) болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шакллари учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш.



2-БОБ. МАМЛАКАТИМИЗДА БОЛАЛАРНИ

ЗЎРАВОНЛИКНИНГ БАРЧА ШАКЛЛАРИДАН

ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ЖОРИЙ ҲОЛАТИ


3. Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди, Ўзбекистон Республикаси Богота ҳаракатлар чақирувига қўшилди ҳамда Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянс аъзолигига қабул қилинди.


4. Ўзбекистон Республикасининг "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ:

(а) жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация қилиш ва таъқиб этиш (буллинг) болаларга нисбатан зўравонликнинг шакллари сифатида;

(б) Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги), прокуратура ва ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи субъектлар этиб;

(в) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


5. Мамлакатимизда болаликни инсон ривожланишининг муҳим босқичи сифатида эътироф этиб, болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш учун хавфсиз шароитлар яратиш, болаларни жамиятда тўлақонли ҳаётга тайёрлаш, шунингдек, уларнинг жисмоний, ақлий, руҳий, маънавий ва ахлоқий ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан ҳимоя қилиш учун қуйидагилар Стратегиянинг асосий мақсадлари ҳисобланади:

(а) болаларнинг хавфсиз ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимояланган муҳитда яшаши ва ривожланишини таъминлаш;

(б) зўравонлик хавфи остида яшаётган болаларни эрта аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш;

(в) зўравонликдан жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга комплекс хизматлар кўрсатиш ва уларни реабилитация қилиш.


6. Стратегиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

(а) болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, зўравонлик ҳолатлари бўйича хабар бериш ва унга муносабат билдириш юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

(б) ота-оналарнинг ота-оналик кўникмаларини ривожлантириш, оилаларнинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш ва қўллаб-қувватлаш орқали болаларга нисбатан оилавий зўравонлик, шу жумладан, уларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини камайтириш;

(в) болаларнинг янада самарали, гендер тенгликка асосланган, ижтимоий-психологик ўрганиш ва ҳаётий кўникмалар бўйича таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, ихтисослаштирилган ҳамда касбий таълим ташкилотлари, жамият ва кибермаконда улар учун хавфсиз ва қулай муҳитни таъминлаш;

(г) жамиятда болалар учун зўравонликсиз, ғамхўр, ҳурматга ва гендер тенгликка асосланган муносабатларни қўллаб-қувватлайдиган меъёр ва қадриятларни мустаҳкамлаш;

(д) зўравонликдан жабрланган ёки ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларнинг сифатли тиббий, ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашиш;

(ж) болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида маълумотларни тўплаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, мувофиқлаштириш, идоралараро ҳамкорлик қилиш ва жавобгарлик механизмларини такомиллаштириш.



1-§. Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан

ҳимоя қилиш мақсадида норматив-ҳуқуқий

базани такомиллаштириш


7. Болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, зўравонлик ҳолатлари бўйича хабар бериш ва унга муносабат билдириш юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилади:

(а) илғор хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаси, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларини қабул қилиш, жумладан, Европа Кенгашининг Болаларни жинсий эксплуатация ва жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияси (Лансароте конвенцияси), Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг хабар бериш тартибига оид факультатив протоколига, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашишда илғор халқаро тажриба моделларини (шу жумладан, "Барнахус" модели) жорий этиш, халқаро ташкилотларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича маъмурий, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш;

(б) зўравонликнинг ҳар қандай шаклидан жабрланган болаларга ва зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга улар тегишли процессуал хатти-ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқини бериш;

(в) болага нисбатан унинг қонуний вакиллари ёки бошқа қариндошлари томонидан содир этилган зўравонлик ҳолатлари бўйича ишни судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларидаги барча процессуал ҳаракатларни мажбурий тартибда болаларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида амалга ошириш тартибини жорий этиш;

(г) болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этиш билан боғлиқ ишлар доирасида болалар ва гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштириш тергов ҳаракатини фақат терговчи ва прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан ўтказиш механизмини жорий этиш;

(д) мулкчилик шаклидан қатъий назар таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик кўринишида жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш билан боғлиқ аниқланган фактлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш;

(ж) вояга етмаган шахсни махсус ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси ўрнига муқобил мажбурлов чораларини жорий этиш;

(з) болаларни онлайн зўравонлик ва кибержиноятлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, онлайн зўравонликдан жабрланган болаларга ёрдам кўрсатиш, реабилитация қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини тиклашнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;

(и) жиноят процесси иштирокчиси бўлган болалар учун болаларга мослаштирилган суриштирув, тергов ва суд жараёнларини ташкил этиш, хусусан, процессуал ҳаракатлар давомида вояга етмаган гувоҳлар, жабрланувчилар, гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар ва бошқа процесс иштирокчилари учун алоҳида кутиш жойлари ҳамда ихтисослаштирилган (зарур видео ва аудио ускуналар билан таъминланган) сўроқ хоналарини ташкил этиш;

(к) болаларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ўрнига муқобил жазо чораларини қўллаш, шунингдек, уларни жиноий таъқибдан четлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

(л) суриштирув, тергов ва суд жараёнида болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этиш учун ижтимоий ходимни процесс иштирокчиси сифатида киритиш;

(м) болалар билан ишлаш бўйича ички тартиб-қоидалар ва протоколларни, ходимларнинг лавозим йўриқномалари ва одоб-ахлоқ қоидаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, болалар билан ишловчи мутахассислар учун болалар билан ишлаш бўйича йўриқнома, протокол ва қўлланмалар ишлаб чиқиш;

(н) оғир ҳаётий вазиятда қолган, камбағал, ногиронлиги бўлган фарзандлари бор оилалар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, ёлғиз она (ота)ларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, жумладан, давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам чораларини қайта кўриб чиқиш;

(о) болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича қонунчилик ҳужжатлари тўғрисида аҳолининг, айниқса, мансабдор шахслар, болалар билан бевосита ишловчи мутахассислар ва ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг хабардорлигини ошириш.



2-§. Болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини

олишда оилани қўллаб-қувватлаш ва профилактика

қилиш тизимини такомиллаштириш


8. Ота-оналарнинг ота-оналик кўникмаларини ривожлантириш, оилаларнинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш ва қўллаб-қувватлаш орқали болаларга нисбатан оилавий зўравонлик, шу жумладан, уларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини камайтириш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилади:

(а) ижобий тарбия модели бўйича дастурларни ишлаб чиқиш;

(б) болаларни оиладан ажратиш ва оилада болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, шунингдек, болаларнинг оилавий зўравонлик, болалар ўртасида зўравонлик хатти-ҳаракатларининг гувоҳи бўлишининг олдини олишга қаратилган ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг кўникмаларини ошириш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқиш;

(в) зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган ёки ҳуқуқбузарлик содир этган болаларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслари) учун "меҳрли оила" хизматини ташкил этиш;

(г) ижобий ота-оналик, оиланинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва бошқа хизматлар билан қамраб олиш бўйича оилалар билан ишловчи, шу жумладан, уларга хизматлар кўрсатувчи ходимларнинг салоҳиятини ошириш;

(д) оғир аҳволга тушиб қолган оилаларни қўллаб-қувватлашда жамоатчилик иштирокини кучайтиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш;

(ж) "маҳалла еттилиги", шу жумладан, ижтимоий ходимлар ва патронаж ҳамшираларининг оилаларни ўрганиш жараёнида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, хабар бериш ва унга муносабат билдириш ҳамда оилаларга зўравонликнинг олдини олишга қаратилган тавсиялар бериш бўйича кўникмаларини ошириш;

(з) фуқароларни зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларга оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш жараёнларига жалб қилишга қаратилган тарғибот материалларини тайёрлаш ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш.



3-§. Болалар учун хавфсиз ва ҳар томонлама

қулай таълим муҳитини яратиш


9. Болаларнинг янада самарали, гендер тенгликка асосланган, ижтимоий-психологик ўрганиш ва ҳаётий кўникмалар бўйича таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, ихтисослаштирилган ҳамда касбий таълим ташкилотлари, жамият ва кибермаконда улар учун хавфсиз ва қулай муҳитни таъминлаш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилади:

(а) мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, ихтисослаштирилган ҳамда касбий таълим ташкилотларида "хавфсиз таълим" муҳитини яратиш, болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларининг олдини олиш ва улар ҳақида хабар бериш (шу жумладан, аноним хабар бериш) бўйича ўқувчилар учун тушунарли усулларда дастурлар ва тарғибот материалларини ишлаб чиқиш;

(б) болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда инклюзив, хавфсиз ва қулай таълим муҳитини яратиш, миллий таълим дастурларини такомиллаштириш;

(в) таълим ташкилотларида зўравонликнинг олдини олиш, педагоглар ва бошқа ходимлар ҳамда ўқувчилар ўртасида дўстона муҳитни яратиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, психологик хизматни самарали йўлга қуйиш;

(г) болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва унга қарши курашиш бўйича педагоглар ва бошқа ходимларнинг малакасини ошириш;

(д) болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда оила, маҳалла ва таълим ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, таълим ташкилотларида зўравонлик ҳолатини аниқлаш, хабар бериш ва муносабат билдириш бўйича ички тартиб қоидаларни ишлаб чиқиш;

(ж) таълим ташкилотларида ўқувчиларнинг бола ҳуқуқлари ва эркинликлари, уларни зўравонликнинг барча шаклларидан (шу жумладан, таъқиб этиш (буллинг) ва жинсий зўравонлик) ҳимоя қилиш, болалар ўртасида спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки инсон ақл-иродасига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишнинг олдини олиш, уларнинг соғлом турмуш тарзи, эрта никоҳнинг олдини олиш ва унинг салбий оқибатлари ҳамда репродуктив саломатлик тўғрисидаги хабардорлигини ошириш;

(з) таълим ташкилотларида ўқувчилар ўртасида, айниқса, бир таълим ташкилотидан бошқа таълим ташкилотига ўқишини кўчирган ўқувчиларнинг таъқиб этилиши (буллинг)нинг олдини олиш, уларнинг янги муҳитга мослашишига кўмаклашиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

(и) болалар ўртасида кибержиноятларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда болаларга нисбатан онлайн зўравонликнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини ошириш, жумладан, болалар, ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ўртасида рақамли саводхонликни ошириш ҳамда болаларнинг зарарли интернет саҳифаларига киришини чеклаш учун ота-оналар назорати механизмларини жорий этиш.



4-§. Зўравонликнинг олдини олиш

бўйича тарғибот тадбирлари


10. Жамиятда болалар учун зўравонликсиз, ғамхўр, ҳурматга ва гендер тенгликка асосланган муносабатларни қўллаб-қувватлайдиган меъёр ва қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилади:

(а) болаларга нисбатан зўравонлик, оиладаги низолар ва эрта никоҳнинг салбий таъсири ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш, оилаларда соғлом ижтимоий муҳитни тарғиб қилиш учун "маҳалла еттилиги" ва турли соҳаларда фаолият юритаётган ҳамда муайян ютуқларга эришган шахслар иштирокида тарғибот тадбирларини ташкил этиш;

(б) фуқароларнинг болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича хабар бериш юзасидан масъулиятини оширишга (болага доир шахсий маълумотларнинг махфийлигини таъминлаган ҳолда) қаратилган тарғибот материалларини тайёрлаш ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш;

(в) жамиятда болаларга нисбатан зўравонликни қўллаб-қувватловчи стереотипларни ўзгартиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишларини кенгайтириш;

(г) болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, қонунчилик ҳужжатлари ва дастурлар ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш;

(д) зўравонликка йўл қўймаслик ва оилада ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни ривожлантириш, эрта никоҳнинг олдини олишга қаратилган тарғибот материалларини тайёрлаш, тарғибот тадбирларини ташкил қилиш;

(ж) болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини ахлоқ меъёрларни ҳисобга олган ҳолда конструктив ёритиш учун оммавий ахборот воситалари ходимларининг салоҳиятини ошириш, журналистика этикасига риоя этилишини таъминлаш.



5-§. Зўравонликдан жабрланган болаларга ижтимоий

хизмат ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш

тизимини такомиллаштириш


11. Зўравонликдан жабрланган ёки ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларнинг сифатли тиббий, ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашиш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилади:

(а) зўравонлик ҳолатлари бўйича (шу жумладан, "ишонч телефони" ва телеграм-бот орқали) хабар беришнинг болалар учун тушунарли бўлган механизмларини яратиш ва уларни болалар ўртасида тарғибот қилиш чораларини кўриш;

(б) зўравонликдан жабрланган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, тиббий ёрдам кўрсатиш ва суд-тиббий экспертиза (аниқлаш, текшириш, расмийлаштириш, даволаш ва йўналтириш) бўйича клиник баённомалар (клиник протоколлар) ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш;

(в) болалар, уларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланувчи шахсларнинг зўравонликдан жабрланган ёки ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар учун мавжуд хизматлар ва тегишли давлат органларига хабар бериш механизмлари ҳақида хабардорлигини ошириш;

(г) "ишонч телефони" операторлари, таълим ташкилотлари ходимлари, ижтимоий ходимлар, тиббиёт ходимлари, профилактика инспекторлари ва инспектор-психологларни болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги хабарларга муносабат билдириш ва зарур маслаҳатлар бериш бўйича ўқитиш, зўравонлик ҳолати бўйича хабарларни қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ташқари учинчи шахсларга ошкор этмаслик, уларни хизматларга йўналтириш бўйича салоҳиятини ривожлантириш;

(д) зўравонликдан, айниқса, жинсий зўравонлик ва жинсий эксплуатациядан жабрланган болаларга шошилинч ёрдам кўрсатиш, уларни реабилитация қилиш, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш;

(ж) руҳий зўравонликдан жабрланган болаларга психологик хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, психологик ва психиатрия хизматларини кўрсатиш стандартлари ва тавсияларини (протоколларини) ишлаб чиқиш, болаларга психологик хизмат кўрсатувчи мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш;

(з) зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар учун профессионал тутинган оила, кундузги шаклда, кичик ҳажмли уйлардаги ва бошқа турдаги ижтимоий хизматларни йўлга қўйиш, мазкур жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотларни жалб қилиш;

(и) зўравонликдан жабрланган болаларга ижтимоий реабилитация хизматларини кўрсатувчи муассасалар фаолиятини такомиллаштириш;

(к) болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини шакллантириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ихтисослаштирилган бўлинмалар фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш;

(л) болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган адвокатлар корпусини шакллантириш, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура ва суд органлари ходимларининг процессуал ҳаракатлар жараёнида болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича малакасини ошириш;

(м) зўравонликдан жабрланган ҳамда ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларга ижтимоий хизматларни кўрсатувчи ижтимоий ходимларнинг салоҳиятини ошириш;

(н) зўравонликдан жабрланган ҳамда ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларга оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялашнинг муқобил шаклларини такомиллаштириш;

(о) зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар ҳамда уларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)га ихтисослашган ижтимоий хизматларни кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиш;

(п) интернат шаклидаги муассасалардан чиқарилган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, можаро зоналаридан ва хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлганлиги сабабли Ўзбекистон Республикасига олиб келинган болалар учун реинтеграция дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.



6-§. Болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш

ҳамда унга қарши курашиш мақсадида маълумотларни

тўплаш, мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш


12. Болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида маълумотларни тўплаш, мониторинг қилиш, мувофиқлаштириш, ҳамкорлик ва жавобгарлик механизмларини такомиллаштириш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилади:

(а) зўравонликдан жабрланган ҳамда ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, зўравонликка гувоҳ бўлган болалар ҳақидаги барча маълумотларни (шу жумладан, ёши, жинси, зўравонлик шакли, жисмоний ҳолати) ўз ичига олган ҳамда доимий янгиланиб турувчи ягона маълумотлар базасини яратиш ҳамда уни бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграция қилиш;

(б) болаларга нисбатан зўравонлик бўйича сўровнома (Survey on Violence Against Children (VAC), ЮНИСЕФнинг мультииндикатор кластер кузатувлари (MICS), ЖССТнинг мактаб саломатлиги сўровлари (SBHS) методикалари асосида аҳоли ўртасида сўровнома ва тадқиқотлар ўтказиш;

(в) болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга ихтисослашган халқаро ташкилотлар, жамиятлар ва институтлар (шу жумладан, Болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича глобал ташаббус (End Violence Against Children Global Initiative), Болаларга нисбатан шафқатсизлик ва ғамхўрлик кўрсатмасликнинг олдини олиш бўйича халқаро ҳамжамият (ISPCAN-International Society for the Prevention of Child Abuse and Neglect) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

(г) болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни барқарор молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш;

(д) болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича қонун ҳужжатлари устидан парламент назоратини таъминлаш.



4-БОБ. СТРАТЕГИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


13. Стратегияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш режалаштирилган:

(а) болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, зўравонликдан жабрланган ёки ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий қўллаб-қувватлашга доир муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ва маҳаллий стандартлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилади;

(б) болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳолатларини эрта аниқлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлар ўртасида самарали идоралараро ҳамкорлик тизими йўлга қўйилади;

(в) болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатини аниқлаш, баҳолаш, хабар бериш, таъсир чорасини қўллаш, давлат томонидан кафолатланган хизматлар кўрсатиш, реабилитация қилиш ва мослаштиришнинг яхлит интеграциялашган тизими яратилади;

(г) зўравонликдан жабрланган ёки ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар ва уларнинг оилаларига маҳалла, туман (шаҳар) ва вилоят даражасида ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва бошқа хизматлар кўрсатиш тизими йўлга қўйилади;

(д) зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларни ҳимоя қилиш ва уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизмат кўрсатиш қоидалари (стандартлари) ишлаб чиқилади, процессуал ҳаракатлар давомида болаларнинг ҳуқуқлари кафолатланган одил судлов тизими жорий этилади;

(ж) жамиятда болаларга нисбатан зўравонликни қўллаб-қувватловчи стереотиплар ўзгартирилади, зўравонликка қарши тоқатсизлик маданияти шакллантирилади, зўравонлик учун жавобгарлик муқаррарлиги таъминланади;

(з) ижобий хорижий тажрибалар асосида мамлакатда болаларга нисбатан ғамхўр, кўмаклашувчи ва қўллаб-қувватлайдиган тизим шакллантирилади.

          

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 24 декабрь