Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Кредит ташкилотларида истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан "сирли мижоз" усулидаги назорат тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 23.12.2025 й. 3731-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 02.12.2025 й. 31/2-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2025 йил 23 декабрда 3731-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг

2025 йил 2 декабрдаги

31/2-сон қарорига

ИЛОВА



Кредит ташкилотларида истеъмолчиларга

хизмат кўрсатиш талабларига риоя этилишини

таъминлаш юзасидан "сирли мижоз" усулидаги

назорат тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом кредит ташкилотлари томонидан молиявий хизматлар истеъмолчилари (бундан буён матнда истеъмолчи деб юритилади) билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш чоғида уларнинг фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилишини текшириш мақсадида "сирли мижоз" усулидаги назорат тадбирларини ўтказиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом мақсадида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


кредит ташкилотлари - банклар, микромолия ташкилотлари ва ломбардлар ёки уларнинг ҳудудий хизмат кўрсатиш бўлинмаси (филиал, банк хизматлари кўрсатиш маркази ва бошқалар);


"сирли мижоз" - кредит ташкилотлари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш чоғида уларнинг фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилишини текшириш мақсадида кредит ташкилотининг фаолияти доирасида битимлар тузиш ёки операцияларни бажариш бўйича ҳаракатларни амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ёки унинг ҳудудий бошқармасининг масъул ходимлари;


"сирли мижоз" усулидаги назорат тадбирлари (бундан буён матнда назорат тадбири деб юритилади) - кредит ташкилотлари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш чоғида уларнинг фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилишини текшириш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар.


2. Назорат тадбири бевосита жойига чиққан ҳолда ёки масофадан туриб амалга оширилади.


3. Назорат тадбири қонунийлик, тадбир ўтказилаётганлигининг сир сақланиши, беғаразлик ва холислик, кредит ташкилотининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаслик, коррупсияга ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик принципларига асосланган ҳолда "сирли мижоз" томонидан амалга оширилади.


4. Назорат тадбири кредит ташкилотини олдиндан хабардор қилмаган ҳолда амалга оширилади.


5. Назорат тадбирининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

кредит ташкилотлари фаолиятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

кредит ташкилотлари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда уларнинг фаолиятига қўйиладиган қонунчилик талабларига риоя қилинишини ўрганиш ва ушбу талаблар бузилишининг олдини олиш;

кредит ташкилотларининг молиявий хизматлар кўрсатиш жараёнларидаги мавжуд тизимли камчиликларини ва уларни келтириб чиқараётган сабабларни таҳлил қилиш;

истеъмолчиларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқлардаги материалларда баён этилган ҳолатларга ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш натижасида юзага келган масалаларга аниқлик киритиш;

ўтказилган назорат тадбири натижалари асосида амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

назорат тадбири натижаларига кўра, камчиликка йўл қўйган кредит ташкилотларига мавжуд муаммони бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар, шунингдек, хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар бериш;

аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари бўйича кредит ташкилотларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўриш.


6. Назорат тадбирини ўтказишда кредит ташкилотининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашиш, истеъмолчи сифатида танишиш мумкин бўлмаган ҳужжатларни сўраш ва талаб қилишга йўл қўйилмайди.



2-БОБ. НАЗОРАТ ТАДБИРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ


7. Назорат тадбири қуйидаги маълумотлар асосида ташкил этилади:

истеъмолчиларнинг кўрсатилаётган молиявий хизматлар билан боғлиқ мурожаатларида қайд этилган асосли эътироз ва камчиликлар;

оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига оид материаллар;

кредит ташкилотлари фаолиятида қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари мавжудлиги юзасидан жамоатчилик фикри;

амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг кредит ташкилотлари амалиётида қўлланилаётганлигини (ижросини) ўрганиш бўйича таҳлиллар;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишини олдини олишга қаратилган назорат чораларини қўллаш бўйича маълумотлар.


8. Назорат тадбири мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган маълумотлар асосида ва (ёки) истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш талабларига риоя этилиши ва қоидабузарликларни олдини олиш мақсадида Марказий банк раисининг ўринбосари ёки Марказий банк ҳудудий бош бошқармаси бошлиғининг назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги фармойишига (бундан буён матнда фармойиш деб юритилади) мувофиқ амалга оширилади.


9. Назорат тадбири фармойишда кўрсатилган "сирли мижоз" томонидан амалга оширилади. Бунда бевосита жойига чиққан ҳолда назорат тадбири камида 2 нафар "сирли мижоз" иштирокида ўтказилиши талаб этилади.


10. Фармойишда кўрсатилган "сирли мижоз"ни ўзгартириш зарурати юзага келса, фармойишга тегишли ўзгартириш киритилади ва ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган Марказий банк ёки унинг ҳудудий бош бошқармасининг мансабдор шахсларидан бири томонидан имзоланади.


11. Фармойишда бир кредит ташкилотида назорат тадбирини ўтказиш учун уч иш кунигача, давомли операциялар (ҳаракатлар) учун ушбу операциянинг (ҳаракатнинг) охирги кунигача бўлган муддат белгиланиши мумкин.


12. Фармойишда қуйидаги маълумотлар акс эттирилган бўлиши лозим:

назорат тадбири ўтказиладиган кредит ташкилоти номи;

назорат тадбири ўтказилиши лозим бўлган муддат;

ўтказиладиган назорат тадбирининг тури (бевосита жойига чиққан ҳолда ёки масофадан туриб);

назорат тадбири давомида амалга оширилиши лозим бўлган операциялар (ҳаракатлар);

назорат тадбирини амалга ошириш учун зарур бўлган пул маблағлари (зарур бўлганда);

"сирли мижоз"ларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

назорат тадбири натижаларини расмийлаштириш;

назорат тадбири давомида фото, аудио ва видеотасвирларнинг зарурлиги тўғрисида маълумот.


13. Назорат тадбири пул маблағларидан фойдаланган ҳолда ёки улардан фойдаланмасдан туриб амалга оширилиши мумкин.


14. Назорат тадбирини бевосита жойига чиққан ҳолда ўтказиш жараёнида кредит ташкилоти ходимини ҳуқуқбузарлик содир этишга ундаш тақиқланади.


15. "Сирли мижоз" кредит ташкилотига истеъмолчи сифатида боради ва фармойишда кўрсатилган операцияларни (ҳаракатларни) амалга оширади.


16. Назорат тадбири масофадан туриб амалга оширилганда кредит ташкилотининг расмий веб-сайти, масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари ва бошқа ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланилади.


17. Назорат тадбири давомида яширин аудио ёки видео кузатув мосламаларидан фойдаланилиши мумкин.

Масофадан туриб амалга ошириладиган назорат тадбири дастурий-техник воситалар ёки компьютер, планшет ва смартфон экранида намоён бўладиган тасвирларни техник воситалар ёрдамида видеоёзиш орқали амалга оширилиши лозим.


18. Назорат тадбири давомида ёзиб олинган аудио ёки видео кузатув мосламаларидаги маълумотлардан фақат мазкур Низом доирасида Марказий банк томонидан назорат чораларини амалга оширишда ҳамда ўтказилган назорат тадбирлари бўйича низоли вазиятларга аниқлик киритиш мақсадида фойдаланилади.

Назорат тадбири натижалари, уни ўтказиш давомида тўпланган фото ва видео материаллар шахсга доир маълумотлар бўйича амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда истеъмолчиларнинг хабардорлигини ошириш учун Марказий банкнинг расмий веб-сайтида ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиниши мумкин.


19. Назорат тадбири якунлангандан сўнг, "сирли мижоз" томонидан мазкур Низомнинг иловасида келтирилган шаклда далолатнома тузилади.


20. Далолатномада қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

назорат тадбири амалга оширилган сана;

фармойишнинг рақами ва санаси;

назорат тадбири ўтказилган кредит ташкилотининг номи;

назорат тадбири бевосита жойига чиққан ҳолда ёки масофадан туриб ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот;

"сирли мижоз" томонидан назорат тадбири давомида амалга оширилган операциялар (ҳаракатлар);

назорат тадбири давомида амалга оширилган нақд ёки нақд пулсиз тўловлар тўғрисида маълумот (агар шундай тўловлар амалга оширилган бўлса);

"сирли мижоз" томонидан кредит ташкилоти фаолиятида аниқланган хато ва камчиликлар (ёки уларнинг мавжуд эмаслиги) тўғрисида маълумот;

назорат тадбирини амалга оширган "сирли мижоз"нинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

қўшимча маълумотлар (агар мавжуд бўлса).

Далолатнома "сирли мижоз" томонидан имзоланади.


21. Далолатнома расмийлаштирилган куннинг ўзида унинг нусхаси назорат тадбири ўтказилган кредит ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосарига "сирли мижоз" томонидан қоғоз шаклида топширилади ва бу ҳақда далолатномага белги (далолатнома нусхасини қабул қилиб олган кредит ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосари имзоси, лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми) қўйилади.

Кредит ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосари далолатнома нусхасини олишдан бош тортган тақдирда, "сирли мижоз" далолатномага унинг нусхасини олишдан бош тортганлиги тўғрисида белги (кредит ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосари далолатнома нусхасини олишдан бош тортди деб ёзади ва имзоси билан тасдиқлайди) қўйилади.

Бунда кредит ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосари далолатнома нусхасини олишдан бош тортганда ёки назорат тадбири якунида кредит ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосарини топишнинг имкони бўлмаганда, далолатнома нусхаси мазкур далолатнома тузилган санадан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай назорат тадбири ўтказилган кредит ташкилотига юборилади.


22. Назорат тадбири натижасига асосан кредит ташкилоти томонидан қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, далолатнома нусхаси мазкур далолатнома тузилган санадан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай назорат тадбири ўтказилган кредит ташкилотининг бош офисига юборилади.


23. Агар кредит ташкилотида ўтказилган назорат тадбири юзасидан эътирозлар (фикр-мулоҳазалар) мавжуд бўлса, бу тўғрисида далолатнома нусхасини олган кундан бошлаб ўн иш кунидан кечиктирмай Марказий банк ёки унинг ҳудудий бошқармасига асослантирилган тушунтириш юбориши лозим.


24. Агар назорат тадбири кредит ташкилотида ўтказилаётган инспекция текшируви давомида амалга оширилган бўлса, далолатнома нусхаси кредит ташкилотида ўтказилган инспекция ҳисоботига илова қилинади.


25. Далолатнома кредит ташкилоти томонидан қабул қилинган кундан бошлаб:

уч кундан кечиктирмай Шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг намунавий тартибига (рўйхат рақами 3478, 2023 йил 15 ноябрь) мувофиқ, назорат тадбири пайтида олинган шахсий маълумотларни қайта ишлашни тўхтатади ёки унинг тугатилишини таъминлайди ва йўқ қилади ёки уларнинг йўқ қилинишини таъминлайди;

ўттиз иш кунидан кечиктирмай "сирли мижоз" томонидан олинган Марказий банкнинг маблағларини ушбу "сирли мижоз"нинг сўровига асосан қайтариш чораларини кўради.


26. Кредит ташкилоти назорат тадбирини ўтказиш давомида тадбирда иштирок этган "сирли мижоз" билан амалга оширилган ҳаракатлар бўйича маълумотларни кредит бюроларига юборган тақдирда, кредит ташкилоти далолатнома нусхасини олган кундан кейинги ўн иш кунидан кечиктирмай кредит тарихи ёзувларини ва (ёки) бошқа маълумотларни бекор қилиш ёхуд кредит ҳисоботларига киритиладиган маълумотлардан чиқариш бўйича зарурий чора-тадбирларни амалга ошириши лозим.


27. Далолатноманинг қоғоз шакли ва сканер қилинган PDF формати ҳамда аудио ва видеоёзувлар бир йил муддат давомида Марказий банк ёки унинг ҳудудий бошқармасида сақланади.


28. Назорат тадбирлари давомида аниқланган қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари бўйича кредит ташкилотларига нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи Марказий банк томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


29. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА



Назорат тадбири амалга оширилганлиги тўғрисидаги

ДАЛОЛАТНОМА


№ __________


Назорат тадбири ўтказилган ҳудуд ва сана:________________________


"___" "___________" 20__йил


Мазкур далолатнома ________________________________ да (назорат тадбири ўтказилган кредит ташкилотининг қисқартирилган ёки тўлиқ номи) ўтказилган назорат тадбири натижалари бўйича тузилди.

Назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги фармойишнинг рақами ва санаси: №_______, "____" __________ 20___ йил.

Назорат тадбирини амалга ошириш шакли:_________________________. (бевосита жойига чиққан ҳолда ёки масофадан туриб кўрсатилади)

Назорат тадбири давомида амалга оширилган операциялар (ҳаракатлар):

         

Назорат тадбири давомида амалга оширилган нақд ёки нақд пулсиз тўловлар ҳақида маълумот (агар амалга оширилган бўлса):


.

Назорат тадбирини ўтказиш жараёнида:


1. Сарфланган пул маблағлари суммаси (агар сарфланган бўлса): ___________


2. Марказий банкнинг фойдаланилган бошқа мол-мулки (агар фойдаланилган бўлса):

          

         

3.Масофадан туриб назорат тадбирини ўтказишда фойдаланилган ахборот-коммуникация технологиялари тўғрисида маълумот:

     

       

4. Аниқланган ҳолатлар (кредит ташкилотлари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш чоғида уларнинг фаолиятига қўйиладиган талабларга доир амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиши аниқланганлиги тўғрисидаги маълумотлар (қонунчилик ҳужжатининг номи ва тегишли моддаси/банди кўрсатилади)

       

       

        

    

5. Яширин аудио ёки видео техник мосламаларидан фойдаланган ёки фойдаланмаган ҳолда амалга оширилганлиги кўрсатилади:

    

      

6. Далолатномага илова қилинадиган ҳужжатлар (агар мавжуд бўлса):

   

      

7. Қўшимча маълумотлар:

        

         

Мазкур далолатноманинг нусхаси "___" ___________ 20__ йил соат __:__ да назорат тадбири ўтказилган кредит ташкилотига тақдим этилди:


Топширди: (Ф.И.О ва имзоси) ____________________________________

Қабул қилди: (Ф.И.О ва имзоси) __________________________________


Далолатнома нусхасини олишдан бош тортди: (бош тортган шахс ва "сирли мижоз"нинг Ф.И.О ва имзоси)

"Сирли мижоз"нинг Ф.И.О ва имзоси



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 24 декабрь