Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.12.2025 й. 817-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
24.12.2025 й.
N 817
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА
ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР
КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги "Ўзбекистон Ре спубликаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси фаолиятини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-255-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2025 йил 24 декабрдаги
817-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг
айрим қарорларига киритилаётган
ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 сентябрдаги 490-сон қарори билан тасдиқланган Махсус таълим-тарбия муассасаларидаги алоҳида меҳнат шароитлари учун қўшимча ҳақ белгиланган педагог ходимлар лавозимлари рўйхати, мазкур тўловларнинг турлари ва миқдорларида:
I-банднинг биринчи хатбошисидаги "педагогик ходимлар," сўзлари "педагогик ходимлар (жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг тарбиячилари бундан мустасно)," сўзлари билан алмаштирилсин;
II-банднинг биринчи хатбошисидаги "болалар муассасаларидан ташқари" сўзлари "болалар муассасалари, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар, имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумлардан ташқари" сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўқитувчилар ва ўқувчилар турмуши моддий шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 1997 йил 20 августдаги 409-сон қарорининг 2-бандидаги "педагог ходимлар," сўзлари "педагог ходимлар (жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг тарбиячилари бундан мустасно)," сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг "Вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари тўғрисидаги намунавий низомларни тасдиқлаш ҳақида" 2016 йил 27 апрелдаги 123-сон қарорида:
а) 1-илованинг 6-банди ўн олтинчи хатбошиси "ҳудудда аҳолини жамоавий" сўзларидан кейин "ва адаптив" сўзлари билан тўлдирилсин;
б) 2-илованинг 6-банди ўн тўртинчи хатбошиси "ҳудудда аҳолини жамоавий" сўзларидан кейин "ва адаптив" сўзлари билан тўлдирилсин;
в) 3-илованинг 6-банди ўн тўртинчи хатбошиси "ҳудудда аҳолини жамоавий" сўзларидан кейин "ва адаптив" сўзлари билан тўлдирилсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг "Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 13 майдаги 391-сон қарорининг 3-банди қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
"давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, қўшма типдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги ўсишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлар бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳларда ишловчи мутахассис (тиббиёт ходимлари бундан мустасно), ишлаб чиқариш, ўқув ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз миқдорда устамалар тўланади".
5. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2023 йил 28 декабрдаги 687-сон қарорида:
а) 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ҳузурида "Ахборот технологиялар маркази" давлат муассасаси (кейинги ўринларда - Марказ) ташкил этилсин.
Белгилансинки:
а) Марказ:
хўжалик юритувчи субъект ҳисобланади;
Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси, Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари грантлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш, сервер, компьютер қурилмалари ва телекоммуникация тармоқларига техник хизмат кўрсатиш, Агентлик тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, сунъий интеллект билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш, "Call-марказ" ҳамда медиа-марказ фаолиятини ташкил этиш, автоматик тарзда амалга оширилаётган электрон тўловларни кузатиб бориш ва бошқа соҳаларда Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган лойиҳаларга мувофиқ тўғридан-тўғри шартнома асосида молиялаштирилади;
б) Марказ томонидан Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳамда Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар қиймати мазкур қарорга 3-иловага мувофиқ тартиб асосида аниқланади ҳамда аниқланган қиймат доирасида шартнома(лар) тузилади";
в ) 1-иловада:
7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"7. Жамғарма:
ушбу Низомнинг 18-бандига мувофиқ амалга ошириладиган харажатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси Кузатув кенгашига (кейинги ўринларда - Кузатув кенгаши);
умумий фаолияти бўйича эса Агентликка ҳисобдордир";
қуйидаги мазмундаги 10-1 - 10-5-бандлар билан тўлдирилсин:
"10-1. Кузатув кенгаши:
ҳар йили Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини, Жамғарма даромадлари ва харажатлари баланси прогноз кўрсаткичларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Жамғарма фаолияти ҳақидаги ҳисоботларини ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг биринчи чорагида эшитиб боради ва тасдиқлайди;
умумий тасдиқланган параметрлар доирасида, зарурат бўлганда, Жамғарма даромадлари ва харажатларининг прогноз параметрларига ўзгартиришлар киритади;
Жамғармага юкланган вазифаларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради;
Жамғарма олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун манфаатдор вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотларни жалб қилади, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайрияларини жалб этишда Жамғармага кўмаклашади;
Жамғармага юкланган вазифаларнинг ижросини ташкил қилиш, тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалиётга татбиқ этиш ва зарур тавсиялар тайёрланишини таъминлаш мақсадида эксперт-таҳлил гуруҳ (лар)ини ташкил қилади;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
10-2. Кузатув кенгаши мажлислари заруратга кўра, лекин бир йилда камида бир маротаба ўтказилади.
10-3. Кузатув кенгаши мажлисини кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса кенгаш раисининг ўринбосари бошқаради.
10-4. Кузатув кенгаши мажлиси унда кенгаш аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этганда, ваколатли (кворумга эга) ҳисобланади.
Кузатув кенгашининг қарори кенгаш аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Овозлар тенг бўлганда, Кузатув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
10-5. Кузатув кенгаши қарорлари Кузатув кенгаши мажлисининг баённомалари билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кузатув кенгаши раиси томонидан тасдиқланади";
11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"11. Агентлик:
Жамғарма томонидан аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда молиялаштириш тартиби ва қоидаларини белгилайди;
Жамғарма фаолияти, шу жумладан, маблағларнинг белгиланган йўналишлар бўйича мақсадли йўналтирилиши, ижтимоий соҳага доир қарорларнинг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан назоратни амалга оширади;
Агентликнинг умумий бошқарув ходимлари сони доирасида Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси (кейинги ўринларда - Дирекция) штатлар сони ва тузилмасига ўзгартириш киритади;
Жамғарма Ижрочи директори ва унинг ўринбосарини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимдан озод этади";
иккинчи, учинчи ва олтинчи хатбошиларидаги "Агентликка" сўзи "Кузатув кенгашига" сўзлари билан алмаштирилсин;
бешинчи хатбошидаги "Агентликка" сўзи "Кузатув кенгаши ва Агентликка" сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
"штатлар жадвали ва харажатлар сметасини зарур ҳолларда тасдиқланган сметаларга киритиладиган тегишли ўзгартиришларни тасдиқлайди;"
еттинчи хатбоши саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
18-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"18. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилади:
"Мурувват" интернат уйлари, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) ва ижтимоий хизматларни ташкил этиш харажатларини молиялаштириш;
Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари моддий-техника базасини ривожлантириш (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) ва фаолиятини такомиллаштириш харажатларини молиялаштириш;
аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш;
протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш дастурлари ва лойиҳаларини молиялаштириш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ёки Ижтимоий реестрга киритилган оилалар аъзоларининг имтиёзли ҳамда бепул стационар, шу жумладан, чет давлатлардаги тиббиёт муассасаларида даволанишини таъминлаш харажатларини қоплаш;
ногиронлиги бўлган шахсларни ўқув, дидактик ва бошқа муқобил материаллар билан таъминлаш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ва маънавий ривожланиши учун шароитлар яратиш ҳамда уларни маданий тадбирлар ва спортга жалб этиш харажатларини молиялаштириш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаган иш берувчиларга қонунчиликда белгиланган тартибда субсидия ажратиш;
ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар ва қулай муҳит яратишга қаратилган дастур ва чора-тадбирларни молиялаштириш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг функционал имкониятларини баҳолаш хизматини ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда автотранспорт ва бошқа зарур жиҳоз ва ускуналар харид қилиш бўйича лойиҳа ва дастурларни молиялаштириш;
ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексаларга хизмат кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш;
меҳрибонлик уйлари ва болалар уйлари моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) ва ижтимоий хизматларни ташкил этиш харажатларини молиялаштириш;
вояга етмаган болаларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш хизматларини молиялаштириш;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шунингдек, истисно тариқасида, камбағал оилаларнинг васийлик ва ҳомийлик тайинланган болаларига ёрдам кўрсатиш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг иқтидорли болаларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирлар харажатларини қоплаш;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг соғлигини сақлаш, саломатлигини тиклаш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, таълим бериш, касб-ҳунарга йўналтириш ва ишга жойлаштириш тадбирларини ташкил этиш;
жиноят содир этган ва жиноий жавобгарликнинг энг кичик ёшига етмаган болаларга психологик ёрдам кўрсатиш, уларни касбга ўқитиш ва тарбиялаш тадбирларини ташкил этиш;
қаровсиз ва бошпанасиз қолган, зўравонлик қурбони бўлган, жиноят қурбонлари ва гувоҳлари бўлган, жиноят содир этган ва жиноий жавобгарлик ёшига етган ҳамда фуқаролик процессида иштирок этаётган болаларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини ташкил этиш;
вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ва республика таълим муассасаларининг лойиҳа ҳамда дастурларини молиялаштириш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 3 ёшгача бўлган фарзандларига давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари хизматлари учун ҳақ тўлаш харажатларини қоплаш;
эҳтиёжманд аҳоли қатламига тиббий, психологик ва бошқа хизматлар кўрсатиш;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда ижара тўловларини қоплаш;
оилавий шароити оғир бўлган уйсиз фуқароларни вақтинча бошпана (ижтимоий уйлар) билан таъминлаш;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ўқиш, касбга тайёрлаш, малакасини ошириш билан боғлиқ харажатларини қисман ёки тўлиқ қоплаш;
зўравонликдан жабр кўрган шахсларни ҳимоя ва реабилитация қилиш билан боғлиқ лойиҳа ва тадбирларни молиялаштириш;
паллиатив ёрдам кўрсатиш марказлари ва шелтерлар, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларининг моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) харажатларини молиялаштириш;
алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган шахсларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш ва уларга хизмат кўрсатиш мақсадида кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, "Имкон" реабилитация марказига эга кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар, имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумлар ҳамда Агентлик тизимидаги бошқа ташкилотларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш, ўқув қўлланмалар ва дидактик материаллар билан таъминлаш ва бошқа) харажатларини молиялаштириш;
алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган шахсларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш ва уларга хизмат кўрсатиш мақсадида кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, "Имкон" реабилитация марказига эга кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар, имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумлар лойиҳалари ва қўллаб-қувватлаш дастурларини молиялаштириш;
Агентлик тизимидаги таълим муассасаларининг (кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари, имконияти чекланган шахслар учун махсус техникум, "International inclusive hub" халқаро таянч инклюзив профессионал таълим маркази ва бошқалар) тарбияланувчилари, ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган (ташкил этиладиган) миллий ва халқаро кўрик-танлов, олимпиада, мусобақа, беллашув ва бошқа тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни (иштирокчиларнинг келиб кетиш, яшаш, транспорт, меҳмонхона, овқатланиш, эсдалик совғаларини бериш, тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа харажатлар) молиялаштириш;
туну кун фаолият кўрсатадиган Call-марказ хизматини ташкил этиш ва такомиллаштириш;
"ижтимоий карта"ларни жорий этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;
ногиронлиги бўлган шахслар ва ҳаракатланиш имконияти чекланган шахслар, шунингдек, аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун "ижтимоий такси" хизматини ташкил этиш ва такомиллаштириш;
"Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ходимлари ва маҳаллалардаги ижтимоий ходимларга фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичини (KPI) баҳолаш асосида рағбатлантириш тўловларини жорий этиш;
жойларда ижтимоий хизматларни ташкил этиш ва уларни кўрсатиш харажатларини молиялаштириш;
ижтимоий ҳимоя соҳасини автоматлаштириш ва рақамлаштириш тадбирларини, шу жумладан, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, техник ускуна ва воситаларни сотиб олиш ҳамда тизимда ахборот коммуникация ва технологияларини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа тадбирларни молиялаштириш;
СМС-хабар юбориш хизматлари бўйича барча харажатларни молиялаштириш;
халқаро маслаҳатчилар, консалтинг ва тадқиқот компанияларини ёллашни молиялаштириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш чора-тадбирлари;
ахборот-маълумот ва реклама, мақолалар, брошюралар, қўлланмалар ҳамда бошқа ахборот материалларини тайёрлаш ва нашр этиш, шу жумладан, видео ва аудио роликлар ҳамда фильмлар яратиш, илмий-амалий тадқиқотлар ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тадбирларни ташкил этиш учун ҳақ тўлаш;
аҳолига ижтимоий ёрдам ва хизматларни кўрсатиш соҳасида тажриба-лойиҳаларни молиялаштириш;
Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари ходимларини қўллаб-қувватлаш (рағбатлантириш, мукофотлаш, устамалар тўлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш даври учун пуллик компенсация) ва ижтимоий ҳимоя қилиш;
Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш харажатларни қоплаш;
конференциялар, семинарлар, олимпиадалар, танловлар, кўргазмалар, чет элда ўтказиладиган тадбирлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;
Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари ходимлари ҳамда тизим ташкилотлари ўқувчи ва тарбияланувчиларининг республикада ва чет элда ташкил этиладиган тадбирларда қатнашиши билан боғлиқ барча харажатларни молиялаштириш;
шартнома асосида жалб қилинадиган юқори малакали, шу жумладан, хорижий мутахассисларнинг харажатларини (меҳнатга ҳақ тўлаш, яшаш, транспорт харажатлари ва бошқалар) молиялаштириш;
нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан амалга ошириладиган ижтимоий мавзудаги лойиҳалар ҳамда давлат ижтимоий буюртмаларини молиялаштириш;
фуқаролар, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектларини "Ижтимоий ҳимоя фидойиси" идоравий кўкрак нишони билан тақдирлаш, мукофотлаш ва бошқа харажатларни молиялаштириш;
Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизимдаги ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш;
ижтимоий ҳимоя соҳасига ҳомийлик қилиш истаги бўлган юридик ва жисмоний шахслар билан амалга ошириладиган лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш;
Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизимдаги ташкилотлар ходимларини ҳамда жалб қилинган волонтёрлар учун махсус кийим-бош, сумка ва бошқа совғалар бериш ҳамда бошқа харажатларини қоплаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва қарорлари билан белгиланган миқдорда Агентлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтириш;
Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларининг моддий-техника базасини такомиллаштириш, шу жумладан, асбоб-ускуналар, инвентарь, автотранспорт воситалари, диагностика воситалари, ихтисослаштирилган тиббий-реабилитация ускуналари ҳамда ўқув материаллари ва бошқаларни харид қилиш, шунингдек, ўқув қўлланмалар ва дидактик материаллар билан таъминлаш;
Агентликнинг ахборот-коммуникация тизимларини ривожлантириш ва бошқа соҳалар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун "Ахборот технологиялар маркази" давлат муассасаси фаолиятини молиялаштириш ва сақлаш харажатлари учун субсидия ажратиш;
Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш марказини ташкил этиш, сақлаш, ходимларини рағбатлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) харажатларини молиялаштириш;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни муқобил жойлаштириш шаклларини, шу жумладан, кичик ҳажмли болалар уйларини ташкил этиш тадбирларини (уй-жой харид қилиш, қуриш, жорий таъмирлаш, ижарага олиш. тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш, сақлаш ва бошқа харажатлар) молиялаштириш;
ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларини ташкил этиш билан боғлиқ барча харажатларни молиялаштириш;
ижтимоий ҳимоя соҳасидаги лойиҳаларни халқаро молия ташкилотлари билан биргаликда молиялаштириш;
ҳомийлардан мақсадли жалб қилинган маблағларни келишувга кўра ҳомийлар томонидан белгиланган ижтимоий лойиҳаларга йўналтириш.
Жамғарма Кузатув кенгашининг топшириғига асосан қўшимча тадбирларга ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларга маблағ ажратилиши мумкин";
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"19. Қуйидаги бюджет маблағлари ҳисобидан харажатлар Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари орқали алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали молиялаштирилиб, Жамғарма харажатлари билан қўшилган ҳолда ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлар ҳисоботларида акс эттирилади:";
бешинчи хатбошидаги "вояга етказаётган" сўзлари "парваришлаётган" сўзи билан алмаштирилсин;
саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш;";
22-банднинг учинчи хатбошисидаги "рухсати билан" сўзлари "буйруғига асосан" сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги 22-1-банд билан тўлдирилсин:
"22-1. Кузатув кенгашининг қарорига мувофиқ Жамғармадан харажатлар мазкур Низомнинг 22-банди учинчи хатбошисида белгиланган тартибда амалга оширилади";
23-банд "бюджетдан ташқари жамғармаларига" сўзларидан олдин "алоҳида махсус ғазна ҳисобварақлари ёки" сўзлари билан тўлдирилсин;
қуйидаги мазмундаги 25-1-банд билан тўлдирилсин:
"25-1. Жамғарма билан тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун ундирилган жарима ва пеня суммалари Жамғарманинг ривожлантириш жамғармасида жамланади ҳамда Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси томонидан мустақил равишда сарфланади";
г ) қуйидаги мазмундаги 3-илова билан тўлдирилсин:
"Вазирлар Маҳкамасининг
2023 йил 28 декабрдаги
687-сон қарорига
3-ИЛОВА
" Ахборот технологиялар маркази" давлат муассасаси
томонидан Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳамда
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг бюджетдан
ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган
лойиҳалар қийматини аниқлаш
ТАРТИБИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) буюртмасига асосан Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ва Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан "Ахборот технологиялар маркази" давлат муассасаси (кейинги ўринларда - Марказ) томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг қийматини аниқлаш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Тартибда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
лойиҳа - Агентлик буюртмасига асосан ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш, сервер, компьютер қурилмалари ва телекоммуникация тармоқларига техник хизмат кўрсатиш, Агентлик тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, сунъий интеллект билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш, "Call-марказ" ҳамда медиа-марказ фаолиятини ташкил этиш, автоматик тарзда амалга оширилаётган электрон тўловларни кузатиб бориш ва бошқа соҳалардаги хизматларни амалга ошириш;
лойиҳаларга жалб қилинадиган мутахассислар - лойиҳа доирасида жалб қилинадиган дастурчилар, лойиҳачилар, "Call-марказ" хизмати ходимлари, Медиа-марказ ходимлари, Марказнинг ҳудудий мутахассислари ва бошқа ишларда иштирок этувчи ходимлар.
2-боб. Агентлик буюртмасига асосан Жамғарма ва Агентликнинг
бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Марказ томонидан
амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича шартнома
қийматини аниқлаш тартиби
3. Лойиҳалар бўйича шартноманинг умумий қиймати қуйидаги харажатлардан шаклланади:
лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ тўғридан-тўғри харажатлар;
солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар харажатлари;
марказ, бошқарув ва ёрдамчи ходимларни сақлаш харажатлари;
Марказнинг фойдаси.
4. Ахборот тизимларни техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ тўғридан-тўғри харажатлар лойиҳаларга жалб қилинадиган мутахассисларга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ҳамда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлардан келиб чиқиб ҳисобланади.
Бунда:
а) лойиҳа қийматини аниқлашда инобатга олинадиган мутахассисларнинг шартли штат бирликлари сони ҳар бир ахборот модули учун ўртача 1,85 штат бирлиги ҳисобидан келиб чиқиб аниқланади;
б) меҳнатга ҳақ тўлаш фонди қуйидаги формула асосида ҳисоби-китоб қилинади:
МҲТФ = 1,85 * МС * 16 * МҲТЭКМ * ЛАООС;
МҲТФ - меҳнатга ҳақ тўлаш фонди;
МС - модуллар сони;
МҲТЭКМ - Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (агар марказ ижтимоий солиқ тўловчи бўлса, унда ушбу миқдор ижтимоий солиқ миқдорига оширилиб ҳисобга олинади);
ЛАООС - лойиҳалар амалга ошириладиган ойлар сони.
Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 5 фоиз миқдорида белгиланади.
5. "Call-марказ" хизмати бўйича лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ тўғридан-тўғри харажатлар жалб қилинадиган мутахассисларга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ҳамда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлардан келиб чиқиб ҳисобланади.
Бунда:
а) "Call-марказ" хизмати лойиҳаси қийматини аниқлашда инобатга олинадиган мутахассисларнинг (колл-марказ раҳбарлари, супервайзер ва бошқа ходимларни ҳисобга олган ҳолда) шартли штат бирликлари сони Агентликнинг қисқа рақамлари орқали аудио, визуал ва матнли ҳар ойлик 2 300 та мурожаат учун бир штат бирлиги ҳисобидан аниқланади;
аудио, визуал ва матнли ҳар ойлик мурожаатлар сони лойиҳа қийматини ҳисоблашдан олдинги 3 ойлик ўртача кўрсаткичлари олинади. Бунда лойиҳани амалга ошириш даврида аудио, визуал ва матнли мурожаатлар ошган тақдирда охирги 3 ойлик кўрсаткичлардан келиб чиқиб, лойиҳа қиймати қайта кўриб чиқилиши ва амалдаги шартномага тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин;
б) меҳнатга ҳақ тўлаш фонди қуйидаги формула асосида ҳисоб-китоб қилинади:
МҲТФ = ЎОҚС /2300 * 10,5 * МҲТЭКМ * ЛАООС;
МҲТФ - меҳнатга ҳақ тўлаш фонди;
ЎОҚС - охирги уч ойдаги ўртача аудио, визуал ва матнли мурожаатлар сони;
МҲТЭКМ - Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (агар марказ ижтимоий солиқ тўловчи бўлса, унда ушбу миқдор ижтимоий солиқ миқдорига оширилиб ҳисобга олинади);
ЛАООС - лойиҳалар амалга ошириладиган ойлар сони.
Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 5 фоиз миқдорида белгиланади.
6. Агентликнинг ҳудудий бўлинмаларидаги мавжуд компьютер ва оргтехника воситаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ тўғридан-тўғри харажатлар жалб қилинадиган мутахассисларга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ҳамда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлардан келиб чиқиб ҳисобланади.
Бунда:
а) Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари, шу жумладан, ижтимоий ходимлар томонидан фойдаланилаётган оргтехникаларга техник хизмат кўрсатиш лойиҳаси ходимлари сони ҳар бир ҳудудда компьютер, ноутбук, принтер, сканер, электрон доскаларнинг сони 450 тагача бўлган ҳудудда бир шартли штат бирлиги, 450 дан 600 тагача бўлган ҳудудларда 1,5 шартли штат бирлиги, 600 дан юқори бўлган ҳудуд учун 2 шартли штат бирлиги ҳисобидан аниқланади;
б) меҳнатга ҳақ тўлаш фонди қуйидаги формула асосида ҳисоб-китоб қилинади:
МҲТФ = ШШБС * 11,5 * МҲТЭКМ * ЛАООС;
МҲТФ - меҳнатга ҳақ тўлаш фонди;
ШШБС - шартли штат бирликлари сони ҳар бир ҳудуддаги компьютер, ноутбук, принтер, сканер, электрон доскаларнинг сонидан келиб чиқиб, мазкур банднинг "а" кичик бандида кўзда тутилган шартлар асосида ҳисобланган йиғиндисига тенг;
МҲТЭКМ - Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (агар марказ ижтимоий солиқ тўловчи бўлса, унда ушбу миқдор ижтимоий солиқ миқдорига оширилиб ҳисобга олинади);
ЛАООС - лойиҳалар амалга ошириладиган ойлар сони;
Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 5 фоиз миқдорида белгиланади.
7. Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича харажатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобланади.
8. Марказ, бошқарув ва ёрдамчи ходимларни сақлаш харажатлари мазкур тартибнинг 4-6-бандларида кўзда тутилган лойиҳалар қиймати билан бирга кўзда тутилади ҳамда чекланган маблағлар миқдори ушбу бандларга мувофиқ аниқланган лойиҳа қийматининг 40 фоизгача миқдорида белгиланади.
Бошқарув ва ёрдамчи ходимларнинг чекланган сони ва уларга меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари Агентлик директорининг буйруғи асосида белгиланади.
Бунда:
бошқарув ходимларига Марказ директори, унинг ўринбосарлари, инсон ресурслари, ҳисобхона, таҳлилий режалаштириш, юридик хизмат, умумий (ижро ва девонхона) бўлинма ходимлари, шунингдек, автоматик тарзда амалга оширилаётган электрон тўловларни кузатиб бориш бўлими ходимлари киради;
ёрдамчи ходимлар сони Вазирлар Маҳкамасининг "Меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида" 2025 йил 24 июлдаги 465-сон қарорига мувофиқ айрим ёрдамчи ходимлар тоифасига мансуб касб ва лавозимлар учун ходимлар сонининг намунавий нормалари доирасида белгиланади.
9. Марказ фойдаси лойиҳалар бўйича харажатларнинг 2 фоизи миқдорида белгиланади. Йил якуни билан Марказ умумий фойдаси Агентлик директори томонидан тақсимланади.
10. Агентлик буюртмасига асосан Марказ томонидан ишлаб чиқиладиган янги лойиҳаларнинг қиймати лойиҳанинг техник талаби, амалга ошириш муддати, жалб қилинадиган мутахассислар тоифаси ва сонидан келиб чиқиб, Агентлик директорининг тегишли буйруғи асосида белгиланади.
11. Марказ томонидан лойиҳаларга жалб қилинадиган мутахассислар белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, Агентлик томонидан тасдиқланадиган лойиҳалар муддатлари доирасида муддатли меҳнат шартномаси асосида жалб қилинади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
12. Мазкур тартибнинг 4-6-бандларида шартли равишда инобатга олинадиган штат бирликлари ва иш ҳақи миқдорлари ҳамда бошқа харажатлар фоизлари фақатгина лойиҳа қийматини аниқлашда фойдаланилади.
Амалиётда:
зарур бўлган мутахассислар сони ва улар меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари лойиҳаларга ажратилган маблағлар доирасида марказ томонидан мустақил белгиланади;
хўжалик ва бошқа харажатлар ҳақиқий талабдан келиб чиқиб, умумий сумма доирасида фойдаланилади;
зарур ҳолларда, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ёки Марказ лойиҳалари бўйича иш ҳажми ўзгарганда, лойиҳа қиймати чорак якуни билан қайта кўриб чиқилиши мумкин.
13. Марказни хўжалик юритувчи субъект сифатида назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентлик ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади".
6. Вазирлар Маҳкамасининг "Энг фаол ижтимоий ходим" кўрик-танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2024 йил 3 февралдаги 69-сон қарори 4-бандининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш, шу жумладан, уларга бир йўла тўланадиган пул мукофотини ва давлат олий таълим муассасаларида ўқиганлик учун йиллик тўлов-контракт суммасининг тегишли қисмини тўлаш ҳамда кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланишини таъминласин;".
7. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 июлдаги 463-сон қарори билан тасдиқланган Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"Бунда ҳудуднинг жамоавий ва адаптив спорт турлари бўйича спорт мусобақаларидаги натижалари ва аҳолини жамоавий ва адаптив спорт турларига жалб қилиш мезонларига алоҳида эътибор қаратилади".
8. Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент шаҳрида "International inclusive hub" халқаро таянч инклюзив профессионал таълим маркази фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида" 2024 йил 19 августдаги 518-сон қарори 10-бандининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"Марказга 1 та имконияти чекланган шахсларга мўлжалланган йўловчи автобусни ижара (аутсорсинг) асосида жалб қилиш учун Агентликнинг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан маблағлар ажратилишини таъминласин".
9. Вазирлар Маҳкамасининг "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ва "Саховат ва кўмак" жамғармалари маблағлари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2025 йил 23 июлдаги 462-сон қарори қуйидаги мазмундаги 2-1-банд билан тўлдирилсин:
"2-1. "Аёллар дафтари" ёки "Ёшлар дафтари"га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва уларнинг аъзоларига "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2026 йил 1 январга қадар кўрсатилган ижтимоий ёрдамлар пуллари фуқаролар ихтиёрида қолдирилсин".
10. Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада жадаллаштиришга оид чора-тадбирлари тўғрисида" 2025 йил 6 августдаги 499-сон қарорига 1-илова 1-позициясининг "Давлат хариди миқдори" устуни "АҚШ доллари" сўзларидан кейин "(қўшилган қиймат солиғисиз)" сўзлари билан тўлдирилсин.
Изоҳ. Мазкур илова 5-банди "в" кичик бандининг ўттиз тўққизинчи хатбошиси 2026 йил 1 февралдан кучга киради.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 25 декабрь

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter