Риэлторларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.12.2025 й. 838-сон қарорига 2-илова)
Вазирлар Маҳкамасининг
2025 йил 30 декабрдаги
2-ИЛОВА
Риэлторларга малака сертификатини
бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Мазкур Низом риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари томонидан жисмоний шахсларга малака сертификатини бериш учун малака имтиҳонини ўтказиш ва малака сертификатини бериш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги;
электрон тизим - малака комиссияси томонидан талабгорлардан келиб тушадиган аризаларни қабул қилувчи, малака сертификатини берувчи ва жамоат бирлашмалари ҳамда ваколатли давлат органи ўртасида интеграция қилинган махсус электрон тизим;
имтиҳон ташкилотчиси - Кенгаш қарори асосида жамоат бирлашмалари томонидан аутсорсингни ўтказиш бўйича очиқ танлов натижаларига кўра тайинланадиган, малака сертификатини олиш учун ариза берувчиларни компьютер тестларидан ўтказиш имкониятига эга бўлган юридик шахс;
Кенгаш - малака комиссиясини тасдиқловчи ва унинг ишини белгиловчи, риэлторлик фаолияти соҳасидаги камида иккита профессионал жамоат бирлашмаларидан таркиб топган идоралараро ишчи орган;
малака сертификати - жамоат бирлашмаси томонидан берилган ҳамда жисмоний шахснинг риэлторлик фаолияти соҳасида риэлторлик хизматларини кўрсатиш (ишларни бажариш) ҳуқуқини берадиган ҳужжат;
малака имтиҳони - талабгорнинг билим даражаси риэлторга қўйилган талабларга мос келишини текширишга йўналтирилган, малака имтиҳони комиссияси томонидан тест синови шаклида, шу жумладан, экстерриториал тамойил асосида ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган имтиҳон;
малака комиссияси - малака имтиҳонини ўтказишда жамоат бирлашмалари ва ваколатли давлат органи вакиллардан таркиб топган Кенгаш томонидан тасдиқланган комиссия;
малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш - малака сертификатининг амал қилиши 5 йил ўтгандан сўнг узайтирилиши;
малака сертификатини қайта расмийлаштириш - малака сертификатига эга шахснинг паспорт маълумотлари (серияси, рақами, идентификацияловчи ID-картаси серияси, рақами, агар мавжуд бўлса) ўзгарганда қайта расмийлаштирилиши;
малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиш - малака сертификатининг юридик кучи вақтинча тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатлар бартараф этилгунга қадар, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши;
малака сертификатининг амал қилишини тугатиш - малака сертификатини бериш шартларининг бузилиши ёки мазкур Низомда назарда тутилган асослар бўйича талабгор малака сертификатининг юридик кучи йўқотилиши;
малака сертификатини бекор қилиш - малака сертификатининг берилган кундан бошлаб юридик кучи тўлиқ бекор қилиниши ва мазкур сертификат билан боғлиқ барча ҳуқуқ ва ваколатлар тугатилиши;
Малака сертификати реестри (кейинги ўринларда - Реестр) - ваколатли давлат органи томонидан шакллантириладиган ва унинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган малака сертификатига эга риэлторлар ҳақидаги ахборотни тўплаш, ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш имконини берувчи ягона ахборот тизими;
махсус ўқиганлик ҳақида сертификат - риэлторлик ташкилотлари ва риэлторлик фаолияти соҳасидаги риэлторлик ташкилотларининг жамоат бирлашмалари таклифларини ҳисобга олган ҳолда, ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган 60 соатдан кам бўлмаган дастур бўйича риэлтор риэлторларни тайёрлаш марказида махсус ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари - белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ва камида элликта риэлторлик ташкилотининг ва риэлторнинг аъзолигига асосланган жамоат бирлашмаси;
риэлтор - жамоат бирлашмалари томонидан белгиланган тартибда берилган риэлторнинг малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;
талабгор - малака сертификатини олишга ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришга даъвогар жисмоний шахс;
халқаро сертификат - "Сертификатланган тижорат кўчмас мулк ва инвестициялар бўйича мутахассис (CCIM Certifiyed Commercial Investment Member)", "Сертификатланган уй-жой бўйича мутахассис (CRS (Certifiyed Residential Specialist)", "Халқаро мулк бўйича сертификатланган мутахассис CIPS (Certifiyed International Property Specialist)", "Халқаро кўчмас мулк бўйича мутахассис (FIREC FIABCI International Real Estate Consultant)", "Сертификатланган глобал кўчмас мулк бўйича мутахассис (FCP FIABCI Certifiyed Global Real Estate Professional)" сертификатлари.
3. Талабгорларга малака сертификатини бериш, унинг амал қилишини узайтириш, қайта расмийлаштириш хизматлари (кейинги ўринларда - хизмат) Давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда - Марказ) ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали малака сертификатини беришга масъул бўлган малака комиссияси томонидан кўрсатилади.
4. Имтиҳон ташкилотчиси қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган бўлиши, замонавий ўқув талабларига жавоб бериши, шунингдек, зарур техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видеокамера, интернет алоқаси ва бошқалар) билан таъминланган бўлиши лозим.
5. Кенгаш:
малака имтиҳонини ўтказишни ташкил қилади, шунингдек, ўзининг расмий веб-сайтига малака имтиҳонини ўтказиш санаси, вақти ва жойи, тавсия этилган материаллар ва ўқув дастурлари, тест саволлари ва уларнинг жавоблари, малака имтиҳонлари натижалари тўғрисидаги ахборотларни жойлаштиради;
имтиҳон ташкилотчиси билан малака имтиҳонини ўтказиш бўйича аутсорсинг шартномаси тузади;
малака комиссиясини тасдиқлайди;
тест саволлари вариантлари ва уларнинг жавобларини, риэлторларни тайёрлаш бўйича ўқув марказларининг таклифларини инобатга ва ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда, риэлторлар учун ўқув дастури асосида ишлаб чиқади ҳамда уларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ янгилаб боради;
тест синовларини ўтказиш ва имтиҳон ташкилотчисини танлаш шартлари, талаблар ва тартибини ваколатли давлат органи билан келишган ҳолда тасдиқлайди;
республиканинг барча ҳудудларида малака имтиҳонлари ўтказилишини ва уларда иштирок этиш имкониятини таъминлайди;
талабгорларнинг аризаларини белгиланган тартибда кўриб чиқади ёки кўриб чиқишни рад этади.
Кенгаш фаолияти жамоат бирлашмалари томонидан тасдиқланган регламент асосида амалга оширилади.
6. Малака сертификатига эга бўлган ҳар бир жисмоний шахс малака сертификати олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар уч йилда камида бир марта жамоат бирлашмалари ва ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган малака ошириш дастурлари бўйича 20 соатдан кам бўлмаган ҳажмда малака ошириш курсларида ўқиши шарт.
Халқаро сертификат эгаси бўлган жисмоний шахс ўз танловига кўра намунавий дастур бўйича ёки халқаро сертификат дастури доирасида малака ошириш курсларидан бирида ўқиши мумкин.
ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
7. Риэлторларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
8. Талабгор хизматдан фойдаланиш учун Марказга ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими талабгор номидан ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда - талабгор мустақил равишда мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради ва унга қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:
риэлторларни тайёрлаш марказларида махсус ўқув курсини тугатганлиги тўғрисидаги сертификатнинг нусхаси;
риэлторнинг халқаро сертификати рақами ва берилган вақти (нусха ёки электрон шаклда илова қилинади, агар мавжуд бўлса);
нотариал тасдиқланган ишончнома (агар учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилинаётган бўлса).
Талабгордан мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
9. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Mobil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
10. Мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳужжатлар талабгор томонидан ваколатли давлат органига Марказ ёки ЯИДХП орқали тақдим этилади. Илова қилинадиган ҳужжатлар PDF, PNG ёки JPEG форматда бўлиши лозим.
11. Хизмат кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорига тенг бўлган йиғим ундирилади.
Сўровнома қабул қилингандан сўнг малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгор томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорига тенг бўлган йиғим тўланади.
Хизматни кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилган тақдирда, белгиланган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.
"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланади.
Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўлангани Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.
Йиғимлар мазкур Низомнинг 12-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.
12. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Марказга ўзи келиб мурожаат этганда:
18 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
0,5 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар - Кенгаш томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмаларининг тегишли ҳисобварағига тенг улушда тақсимланади;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;
11,75 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (жумладан 0,5 фоизи - Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар - Кенгаш таркиб топган жамоат бирлашмаларининг тегишли ҳисобварағига тенг улушларда тақсимланади.
Малака имтиҳонида иштирок этиш учун йиғимлар Кенгаш фаолияти юзасидан тузилган регламентга мувофиқ тақсимланиши мумкин.
13. Талабгордан сўровнома қабул қилингандан сўнг малака имтиҳонида иштирок этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорига тенг бўлган йиғим имтиҳон ташкилотчисининг тегишли ҳисобварағига аутсорсинг шартномасида белгиланган миқдорда Кенгаш таркиб топган жамоат бирлашмалари томонидан тенг улушларда ўтказилади.
14. Талабгор хизматлардан фойдаланишда уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор хизматлардан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
15. Малака комиссияси сўровнома келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунида талабгорнинг малака имтиҳонида иштирокини тасдиқлайди ёки рад этади.
16. Мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ёки тўлиқ ҳолда тақдим этилмаганда, талабгор малака имтиҳонида иштирок этмайди.
17. Талабгорнинг малака имтиҳонида иштирок этиши рад этилганда, малака комиссияси томонидан рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда уч иш куни ичида хабардор қилинади.
18. Талабгорга ҳужжатларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этган ҳолда ўн иш кун муддатда сўровномани қайта юбориш имконияти берилади. Бунда қайта юборилган сўровномани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.
Малака имтиҳонида иштирок этиш қайта киритилган сўровнома малака комиссияси томонидан уч иш куни муддатда кўриб чиқилади.
Талабгор томонидан ўн иш куни ўтгандан кейин мурожаат қилган тақдирда, мурожаат янги деб ҳисобланади ва талабгордан йиғим ундирилади.
19. Қуйидагилар талабгорнинг малака имтиҳонида иштирок этиш тўғрисидаги сўровномасини рад этиш учун асос бўлади:
мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатлар талабга жавоб бермаганда;
ҳужжатларда ёлғон ёки қалбаки маълумотлар кўрсатилгани аниқланганда;
талабгор томонидан мазкур Низомнинг 18-бандида назарда тутилган муддатларга риоя этилмаганда.
Сўровноманинг бошқа сабабларга кўра рад этилиши тақиқланади.
20. Малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгорларнинг рўйхати малака комиссияси томонидан тасдиқланади. Бунда малака имтиҳони гуруҳлар шаклланишига қараб, талабгорларнинг сўровномаларига асосан малака комиссияси назорати остида икки ойда камида бир марта ўтказилади.
21. Малака комиссияси ваколатли давлат органи ва Кенгаш томонидан камида етти нафар аъзодан, шу жумладан, комиссия раисидан иборат таркибда тузилади.
Малака комиссияси Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади ва таркибига ваколатли давлат органининг икки нафар вакили ҳамда жамоат бирлашмаларининг камида икки нафар вакили киритилади.
Малака комиссияси раиси Кенгаш аъзолари ва ваколатли давлат органи томонидан ҳар йили кўпчилик овоз билан жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари орасидан сайланади.
22. Малака комиссияси томонидан комиссия котиби этиб ваколатли давлат органи ходими белгиланади. Бунда комиссия котиби талабгорлардан келиб тушадиган аризаларни қабул қилиш, имтиҳон рўйхатини шакллантириш, малака имтиҳони натижаларига кўра баённома ва малака сертификатларини расмийлаштириш, Реестрни юритиш учун масъул ҳисобланади.
23. Малака имтиҳонини ўтказиш куни, вақти ва жойи тўғрисида маълумотлар имтиҳон санасидан ўн беш кун олдин жамоат бирлашмалари, ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
24. Малака имтиҳонида иштирок этувчи талабгорлар рўйхати имтиҳон санасидан беш кун олдин жамоат бирлашмалари ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
25. Имтиҳон ташкилотчиси малака имтиҳони тестларига рухсатсиз ёки тасодифан киришнинг олдини олади, тестларни йўқ қилиш, ўзгартириш, блокировка қилиш, улардан нусха кўчириш, тарқатишдан ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий ва техник чора-тадбирларни амалга оширади.
26. Талабгор томонидан малака имтиҳони вақтида ушбу Низомнинг 33-бандида кўрсатилган талаблар бузилгани ёки имтиҳон натижаларга таъсир қилувчи хати-ҳаракатлар амалга оширгани аниқланганда, имтиҳон ташкилотчиси далолатнома тузади ва ушбу талабгорнинг имтиҳон натижалари малака комиссияси томонидан бекор қилинади.
27. Малака имтиҳонини топширишда талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) тақдим этади. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ёхуд малака имтиҳонига кечиккан талабгорлар келмаган ҳисобланади ҳамда навбатдаги малака имтиҳонидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади, бу ҳақида талабгор Марказ (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) уч иш кунидан кечиктирмай хабардор қилинади.
28. Агар талабгор тегишли тарзда хабардор қилинганидан кейин иккинчи марта малака имтиҳонини топшириш учун келмаса, талабгорга хизмат кўрсатиш рад қилинган ҳисобланади. Бунда малака имтиҳонидан ўтиш учун тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.
Ҳужжатлар талабгор томонидан мазкур Низомда белгиланган умумий тартибда қайта топширилади.
29. Малака имтиҳони компьютерда топшириладиган тест синовлари орқали талабгорнинг танловига кўра ўзбек ёки рус тилида ўтказилади.
Малака имтиҳонини ўтказиш жараёнини узлуксиз равишда овозли видеотасвирга тушириш учун имтиҳон ташкилотчиси малака имтиҳонини ташкил этган ҳолда, алоҳида тест хоналарини ажратади ҳамда уларни замонавий техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видеокамера, интернет алоқаси ва бошқалар) билан таъминлаб, талабгорлар учун тегишли шарт-шароитлар яратади.
30. Ваколатли давлат органи ўз ваколатлари доирасида жамоат бирлашмалари ва имтиҳон ташкилотчисига малака имтиҳонларини ўтказишни ташкил этишда техник ва услубий жиҳатдан ёрдам кўрсатади.
Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳонини ўтказиш жараёнининг видеотасвири ваколатли давлат органида камида бир йил мобайнида сақланади.
31. Тест синови ўқув дастурининг барча бўлимларини акс эттирадиган камида 50 та саволдан иборат бўлади ҳамда умумий имтиҳон вақти давомийлиги эллик дақиқани ташкил этади.
32. Талабгорнинг тўғри жавоблари малака имтиҳонидаги тест саволлари сонининг камида 70 фоизини ташкил қилса, у малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ҳисобланади.
33. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида талабгорга қуйидагилар тақиқланади:
қонунчилик ҳужжатлари ва йўриқнома материаллари, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;
мобил алоқа ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;
бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;
малака имтиҳони хонасидан ташқарига чиқиш (тест синови ўтаётган хонадан ташқарига чиққан шахслар қайта ичкарига киритилмайди).
Ушбу талабларни бузган талабгорлар белгиланган тартибда тест синови ўтказилаётган хонадан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади.
Бегона шахсга малака имтиҳонида иштирок этишга рухсат берилмайди.
34. Малака имтиҳонидан ўтмаган талабгор малака имтиҳонини такроран топшириш учун малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида бир ой вақт ўтгандан сўнг ушбу Низомда белгиланган тартибда малака имтиҳонидан ўтиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли. Мурожаат умумий тартибда кўриб чиқилади.
35. Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгорларга йиғим қайтариб берилмайди.
36. Малака имтиҳонини топшириш натижалари салбий баҳоланган талабгорнинг ҳужжатлари унга қайтарилмайди.
37. Малака имтиҳонининг натижалари малака имтиҳони ўтказилган кундан сўнг уч иш кунида малака комиссияси баённомаси билан тасдиқланади ҳамда жамоат бирлашмалари, ваколатли давлат органи ва имтиҳон ташкилотчисининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.
38. Малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгорлар томонидан берилган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда комиссиянинг йиғилиш баённомалари беш йил мобайнида имтиҳон ташкилотчисида сақланади.
РАСМИЙЛАШТИРИШ, БЕРИШ ВА
МАЛАКА СЕРТИФИКАТЛАРИНИНГ
РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ
39. Кенгаш таркибига кирган жамоат бирлашмалари QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган малака сертификатини расмийлаштиради ҳамда реал вақт режимида талабгорга ЯИДХП орқали юборади. Ушбу малака сертификати Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида юридик кучга эга.
40. Малака сертификати беш йил муддатга берилади ва унинг амал қилиш муддати беш йил муддатга узайтирилиши мумкин.
41. Малака сертификати мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилади ва берилган Реестрга тегишли ёзув киритилади.
42. Реестр ваколатли давлат органи томонидан юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
малака сертификати олинган сана, уни олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
шахсини тасдиқловчи (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-картаси) маълумотлар ва яшаш манзили;
иш жойи;
малака сертификатининг ҳисобга олиш серияси, рақами ва берилган санаси;
малака сертификатининг амал қилиш муддати узайтирилгани, амал қилиши тўхтатилгани, тугатилгани, бекор қилингани ва қайта расмийлаштирилгани тўғрисида маълумотлар.
Реестр шакли ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади ва электрон шаклда юритилади.
43. Реестрга киритилган талабгорнинг шахсини тасдиқловчи (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-картаси) маълумотлари ва яшаш манзили каби шахсий маълумотлардан ташқари барча маълумотлар танишиб чиқиш учун оммабоп бўлиб, ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
44. Марказ малака сертификати олингандан сўнг ўн дақиқа мобайнида уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ҳамда талабгорни бу ҳақида хабардор қилади. Талабгорнинг сўровига кўра Марказ малака сертификатини электрон ёки қоғоз шаклида тақдим этиши мумкин.
4-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯНИ КЎРИБ ЧИҚИШ
45. Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгор малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб ўттиз иш куни ичида малака комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма равишда тақдим этилади.
Малака комиссияси ўн иш куни ичида киритилган апелляцияни кўриб чиқади ва белгилаган муддатда талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда хабар беради.
46. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан малака комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
имтиҳон натижаларини (ёзма равишда асосланган хат асосида) ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;
апелляцияни қаноатлантириш ва талабгор малака имтиҳонини топширган деб ҳисоблаш тўғрисида;
талабгорни такроран малака имтиҳонига қўйиш тўғрисида.
47. Малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
апелляция мазкур Низом талабларини бузган ҳолда тақдим этилган бўлса;
апелляцияда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса.
48. Малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисидаги қарор апелляция берган талабгорнинг малака имтиҳони мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилгани ҳолатлари аниқланган тақдирда қабул қилинади.
49. Малака комиссияси томонидан апелляция берган талабгор учун малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, такрорий малака имтиҳони учун йиғим тўланмайди ва мазкур Низомда белгиланган тартибда ўтказилади.
50. Талабгор такроран апелляция бериши мумкин эмас.
51. Малака комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга судга шикоят қилиниши мумкин.
АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ
ВА ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ
52. Малака сертификатида кўрсатилган маълумотлар ўзгарган тақдирда, талабгор малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун имтиҳон ташкилотчисига ўн иш куни ичида Марказ ёхуд ЯИДХП орқали электрон шаклда ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда сўровномани тўлдиради.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
53. Малака сертификатини қайта расмийлаштиришда тўлов ундирилмайди.
54. Малака комиссияси талабгорнинг сўровномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда малака сертификатини қайта расмийлаштиради ва ушбу Низомнинг 37-бандида белгиланган тартибда талабгорга юборади, шунингдек, бу тўғрисидаги маълумотни жамоат бирлашмалари, имтиҳон ташкилотчиси ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларига жойлаштиради.
55. Ваколатли давлат органи малака сертификатини қайта расмийлаштиришда Реестрга тегишли ўзгартиришлар киритади.
56. Малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун талабгордан қайта имтиҳондан ўтиш талаб қилинмайди.
Амал қилиш муддати чекланган малака сертификатини қайта расмийлаштиришда илгари берилган малака сертификатининг амал қилиш муддати ўзгармайди.
57. Малака сертификати чекланган муддатга берилганда талабгор малака сертификатининг амал қилиш муддати тугашига қадар имтиҳон ташкилотчисига Марказга бевосита ўзи ёки ишончли вакили орқали унинг муддатини узайтириш учун мурожаат этади ёхуд ЯИДХПда электрон шаклда ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тартибда сўровномани тўлдиради.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
58. Малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Хизмат кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, белгиланган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.
"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланади.
Хизмат кўрсатилгани учун йиғим тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
59. Талабгор томонидан ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда, сўровнома ва унга илова қилинадиган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, беш иш куни ичида хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имконияти берилади.
Тўловлар мазкур Низомнинг 12-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.
60. Талабгор Марказга келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор уни тасдиқлагандан сўнг ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, ўн дақиқада имтиҳон ташкилотчисига электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик тарзда имтиҳон ташкилотчисига юборилади.
61. Малака сертификати муддати мазкур Низомнинг 57-бандида белгиланган талабларга риоя этилганда ва риэлторлар малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда узайтирилади.
Бунда сўровномани кўриб чиқиш ва малака имтиҳонини ўтказиш мазкур Низомнинг 2-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади.
62. Малака сертификати қайта расмийлаштирилганда ва муддати узайтирилганда, Реестрга тегишли ўзгартиришлар киритилади.
АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ,
ТУГАТИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ
63. Малака сертификатининг амал қилишини малака комиссияси хулосасига асосан тўхтатиб туриш учун қуйидагилар асос бўлади:
талабгорнинг аризаси;
талабгор ўз фаолиятини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатлари ёки малака сертификати талабларини бузганда;
талабгор томонидан ваколатли давлат органининг талабгор зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи кўрсатма бажарилмаганда.
Риэлторнинг малака сертификатининг амал қилиши тўхтатилган талабгор риэлторларни тайёрлаш дастури бўйича умумий ўқув курсларида қайта таълим олгандан сўнг малака сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолат бартараф этилди деб ҳисобланади.
64. Малака сертификатининг амал қилиши малака комиссияси хулосасига асосан ваколатли давлат органи томонидан тўхтатиб турилади. Малака сертификатининг амал қилиши ваколатли давлат органи томонидан олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Талабгор ушбу Низомнинг 62-бандида назарда тутилган малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни ваколатли давлат органи белгилаган муддатда бартараф этмаганда, ваколатли давлат органи малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисида судга даъво аризаси киритади.
65. Ваколатли давлат органининг малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори бўйича бир иш куни ичида талабгор хабардор қилинади ва малака сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилгани ҳақида Реестрга тегишли ёзув киритилади.
66. Ваколатли давлат органи малака сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларнинг талабгор томонидан бартараф этилиши учун етарли, аммо беш иш кунидан кам ва олти ойдан кўп бўлмаган муддат беради.
67. Камчиликлар бартараф этилгани тўғрисидаги маълумот тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида ваколатли давлат органи маълумотларни ўрганиши лозим.
Ўрганишлар натижасида малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар талабгор томонидан бартараф этилгани аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органи бир иш куни ичида камчиликлар бартараф этилгани тўғрисида талабгорни хабардор қилади.
68. Малака сертификатининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда ваколатли давлат органининг қарорига биноан тугатилади:
талабгор малака сертификатини амал қилишини тугатиш бўйича мурожаат қилганда;
малака сертификатини бериш тартиби бекор қилинганда;
малака сертификатининг амал қилиш муддати тамом бўлганда;
талабгорнинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
талабгор вафот этганда;
талабгор томонидан ваколатли давлат органига малака сертификатининг амал қилишини бир йилгача тўхтатиб туриш тўғрисида мурожаат қилиниб, мазкур муддат давомида малака сертификатининг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида ваколатли давлат органига мурожаат қилинмаган тақдирда.
69. Ваколатли давлат органи қуйидаги ҳолларда малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисида судга мурожаат қилади:
талабгор малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни ваколатли давлат органи белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
талабгор малака сертификати ёки унга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда.
Малака сертификати амал қилишининг тугатилишига асос бўладиган қўпол қоидабузарликларга қуйидагилар киради:
риэлтор томонидан риэлторлик хизматларини кўрсатиш давомида олинган маълумотлар буюртмачининг ёзма рухсатисиз учинчи шахсларга бериш;
малака сертификатини риэлторлик фаолиятида фойдаланиш мақсадида бошқа жисмоний шахсга берилгани аниқлангани;
муайян мансабни эгаллаш ёки хўжалик соҳасида муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жазони назарда тутувчи суд ҳукмининг қонуний кучга киргани;
фуқарони белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга киргани.
70. Малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарорнинг қонунга хилофлиги ёки малака сертификати қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олингани аниқланганда, ваколатли давлат органи малака сертификатининг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилади.
71. Ваколатли давлат органининг малака сертификатини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори ёхуд малака сертификатини тугатиш ёки бекор қилиш бўйича судга даъво киритилганда, талабгор иш материаллари билан танишишга ҳамда улардан кўчирма олишга, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар беришга, далилларни тақдим этишга ва уларни текширишда иштирок этишга, илтимосномалар тақдим этишга ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.
72. Ваколатли давлат органининг ёки суднинг малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриши, тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарори ҳақида бир иш куни ичида талабгор хабардор қилинади ва Реестрга тегишли ёзув киритилади.
Малака сертификати амал қилиш тугатилганда ёки бекор қилинганда, талабгор малака сертификатини олиш бўйича бир йилдан сўнг ушбу Низомга асосан умумий тартибда мурожаат қилиши мумкин.
73. Жамоат бирлашмалари ва ваколатли давлат органи ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
Ваколатли давлат органи томонидан ушбу Низом талаблари ижросини таъминланишини доимий назорат қилади ва мониторинг юритади.
74. Талабгор жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
75. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
1-ИЛОВА
Риэлторларнинг малака имтиҳонини ўтказиш
ва уларга малака сертификатини бериш бўйича
СХЕМА
Босқичлар
|
Субъектлар
|
Тадбирлар
|
Муддатлар
|
|||
1-босқич |
Талабгор |
Малака сертификатини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилади
|
Ўз хоҳишига кўра |
|||
2-босқич |
Давлат хизматлари маркази |
1. Сўровнома шаклини тўлдириб, имтиҳон ташкилотчисига юборади. |
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида
|
|||
ЯИДХП |
2. Тўлдирилган сўровномани автоматик тарзда имтиҳон ташкилотчисига юборади.
|
Аниқ вақт режимида |
||||
3-босқич |
Малака имтиҳони ташкилотчиси |
1. Ариза тушгандан сўнг малака имтиҳонига қўйиш ёки рад этиш мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.
|
уч иш куни муддатда |
|||
2. Малака имтиҳонига қўйилган талабгорлар рўйхатини ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштиради.
|
Имтиҳон санасидан беш кун олдин |
|||||
4-босқич |
Малака имтиҳони ташкилотчиси |
Малака имтиҳони натижалари тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг малака сертификатини QR-код (матрик штрихли код) билан расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди, Давлат хизматлари маркази (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.
|
Реал вақт режимида |
|||
5-босқич |
Давлат хизматлари маркази |
1. Малака сертификатини талабгорнинг электрон манзилига юборади, бу ҳақида талабгорни ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
|
ўн дақиқа муддатда |
|||
2. Талабгор ўзи келиб мурожаат қилганда, рухсатномани электрон ёки қоғоз шаклида талабгорга тақдим этади.
|
Талабгор сўровига кўра |
2-ИЛОВА
Риэлторларнинг малака имтиҳонини ўтказиш
ва уларга малака сертификатини бериш бўйича
СЎРОВНОМА
__________________ _____(санаси) |
__________________ (рақами) |
1. Ф.И.О. |
|
2. Паспорт маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, агар мавжуд бўлса) |
|
3. Риэлторларни тайёрлаш марказлари махсус ўқув курсининг сертификати рақами ва берилган вақти (нусха ёки электрон шаклда илова қилинади) |
|
4. Риэлторнинг халқаро сертификати рақами ва берилган вақти (нусха ёки электрон шаклда илова қилинади, агар мавжуд бўлса) |
|
5. Манзили |
|
6. Мобил телефони, электрон почта манзили (e-mail) |
|
7. Риэлторнинг малака сертификатини олиш, малака имтиҳонини топшириш учун |
|
8. Риэлторнинг малака сертификати амал қилиш муддатини узайтириш, малака имтиҳонини топшириш учун |
|
9. Риэлторнинг малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун* |
*) Қайта расмийлаштириш учун малака имтиҳонини топшириш талаб этилмайди.
3-ИЛОВА
Риэлторлик ташкилотлар уюшмаси |
|||
Ўзбекистон риэлторлар гильдиясининг |
|||
_________________-сон |
|||
РИЭЛТОР МАЛАКА СЕРТИФИКАТИ |
|||
Фото |
|||
Тошкент ш. |
(берилган вақти) |
||
Риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари кенгаши томонидан |
|||
(кимга - риэлторнинг малака сертификатини олган шахснинг Ф.И.О.) |
|||
Паспорт маълумотлари: _______________________________________________________________________________________________ |
|||
20__ йил __ ____________даги малака имтиҳон комиссияси қарорига асосан риэлторнинг малака сертификати 20__ йил __ __________дан 20__ йил __ ___________ гача муддатга берилди. |
|||
______________________________________ |
______________ |
QR-код |
|
Риэлторлик ташкилотлар уюшмаси раиси Ф.И.О. |
имзо |
||
______________________________________ |
______________ |
QR-код |
|
Ўзбекистон риэлторлар гильдияси раиси Ф.И.О. |
имзо |
||
Риэлторнинг малака сертификати амал қилиш муддати 20___ йил ___ ____________дан 20__ йил ___ _______________гача узайтирилди. |
|||
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 30 декабрь

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter