Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 21.04.2026 й. 195-сон "Аҳолининг экологик турмуш тарзини шакллантириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳаракатларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.04.2026 й.

N 195




АҲОЛИНИНГ ЭКОЛОГИК ТУРМУШ ТАРЗИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ҲАМДА ТАДБИРКОРЛИК

СУБЪЕКТЛАРИНИНГ АТРОФ-МУҲИТГА

САЛБИЙ ТАЪСИРИНИ КАМАЙТИРИШ

ҲАРАКАТЛАРИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил иқтисодиёт" йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида" 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармонига мувофиқ аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармонига мувофиқ:

а) экологик тамойилларни ўзининг кундалик ҳаётига жорий этишда юқори кўрсаткичларга эришганларга "Экофаол фуқаро" мақомини бериш ҳамда улар учун давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банкларда истеъмол кредитини олишда чегирма тақдим этиш;

б) қуйидаги йўналишларда белгиланган кўрсаткичларни бажарган тадбиркорлик субъектларига "яшил тадбиркор" мақомини бериш:

кўкаламзорлаштириш, жумладан, корхонани "яшил белбоғ" билан ўраш, суғориш тизимларини ўрнатиш, томчилатиш, ёмғирлатиш ва контейнерли (қопли) суғориш тизимини жорий қилиш;

энергия тежамкорлигини таъминлаш, жумладан, энергия тежовчи ускуналар ва технологияларни жорий қилиш;

корхонанинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, жумладан, экологик ҳуқуқбузарлик содир этмаслик, атмосферага ташламаларни онлайн мониторинг қилиш тизимини жорий этиш;

ишлаб чиқаришга циркуляр иқтисодиётни жорий қилиш ("7R" тамойилини татбиқ этиш);

в) "яшил тадбиркор" мақомини олган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги қўллаб-қувватлаш чораларини қўллаш:

"Шаффоф қурилиш" платформасида устуворлик бериш;

муайян муддат давомида экологик текширувлардан озод этиш;

халқаро бозорларга чиқиш учун қўллаб-қувватлаш;

Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги доирасида қўшимча балл бериш.


2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) "Экофаол фуқаро" мақоми ҳар чоракда ўтказиладиган танлов асосида ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл тўплаган 50 нафар танлов иштирокчиларига берилади;

"Экофаол фуқаро" мақомини бериш учун танлов Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг (кейинги ўринларда - Экология қўмитаси) "ekofaolfuqaro.uz" махсус платформасида ўтказилади;

танлов ғолиблари ҳар чорак якунидан кейинги ойнинг 20-санасига қадар тантанали тарзда Экология қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан тақдирланади;

б) "Яшил тадбиркор" мақоми бир йилда бир маротаба ўтказиладиган танлов асосида энг юқори балл тўплаган 10 та тадбиркорлик субъектларига берилади;

"Яшил тадбиркор" мақомини бериш учун танлов Экология қўмитасининг "yashiltadbirkor.uz" махсус платформасида ўтказилади;

танлов ғолиблари кейинги йилнинг биринчи чорагига қадар тантанали тарзда Экология қўмитаси томонидан тақдирланади;

в) танлов натижаларини баҳолашнинг тўпланган якуний баллари махсус платформада автоматлаштирилган ҳолда аниқланади;

г) истисно тариқасида, Экология қўмитаси раисининг қарорига кўра экологик тамойилларни ўзининг кундалик ҳаётига жорий этиш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришда юқори кўрсаткичларга эришган шахсларга "Экофаол фуқаро" мақоми ва "Яшил тадбиркор" мақоми танлов ўтказмасдан берилиши мумкин;

д) мазкур қарорда назарда тутилган тадбирлар доирасидаги харажатлар Экология жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


3. Қуйидагилар:

"Бир миллион яшил оила" умуммиллий ҳаракати доирасида "Экофаол фуқаро" мақомини бериш ҳамда мақомни олган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

"Яшил тадбиркор" мақомини бериш ҳамда мақомни олган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Экология қўмитаси уч ой муддатда:

"Экофаол фуқаро" мақоми ҳамда "Яшил тадбиркор" мақомини олиш имкониятини берувчи "ekofaolfuqaro.uz" ва "yashiltadbirkor.uz" махсус платформаларини (кейинги ўринларда - махсус платформалар) ишга туширсин;

Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда махсус платформаларга танлов иштирокчилари томонидан киритилган маълумотларни автоматлаштирилган ҳолда тасдиқлаш имкониятини яратиш мақсадида Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, "Ҳудудгаз таъминот" АЖ, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, "Ўзсувтаъминот" АЖнинг маълумотлар базасини махсус платформаларга "Электрон ҳукумат" тизими Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилиш чораларини кўрсин;

Савдо-саноат палатаси ва Солиқ қўмитаси билан биргаликда "Яшил тадбиркор" мақомини олган тадбиркорлик субъектлари учун "Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги" электрон платформасида қўшимча балл бериш имкониятини яратиш мақсадида ушбу барқарорлик рейтингига тегишли мезонлар киритиш масаласида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


5. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими электрон платформаси "Яшил тадбиркор" платформаси билан интеграция қилинишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ушбу қарор ижроси билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.


7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 22 апрель