Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Агар контрагент ҳисобварақ-фактурани рад этса, нима қилиш лозим
Харидор етказиб берувчи томонидан тақдим этилган ЭҲФни имзолашни рад этиш ҳуқуқига эга. Бундай вазиятда қандай йўл тутиш лозим? ЭҲФни барибир имзолашмаса, оқибатлар қандай бўлади? Ахир у бу ҳолатда ҚҚС ҳисоб-китоби бўйича реализация кўрсаткичларига кирмайдику.
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга ДСҚнинг Солиқ солиш бўйича маслаҳат бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВ жавоб берди:
1. Хато ЭҲФга қачон тузатиш киритиш зарур
- Оддий хатолар ЭҲФни рад этиш сабабларидан бири ҳисобланади: товар номи ёки сони, ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси ҳақиқатда юклаб жўнатилганига тўғри келмайди ва ҳ.к. Бу вазиятда етказиб берувчи ЭҲФ тизимига кириши ва рад этиш сабабини кўриб чиқиши лозим, уни одатда харидор пастда тегишли майдонга ёзади.
Агар ЭҲФ хато билан тузилган бўлса, илгари ёзилган ҳисобварақ-фактурани бекор қилиш ва тузатилганини расмийлаштириш зарур (буни қандай бажариш ҳақида бу ерда ўқинг. Таҳририят изоҳи).
2. Қачон тузатиш киритилган ЭҲФни расмийлаштириш лозим
- Қўшимча тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактура қуйидаги ҳолда расмийлаштирилади :
1) товарлар тўлиқ ёки қисман қайтарилганда;
2) кўрсатилган хизматлардан воз кечилганда;
3) битим шартлари ўзгарганда, шу жумладан жўнатилган товарларнинг, кўрсатилган хизматларнинг нархи ва (ёки) сони (ҳажми) ўзгарганда;
4) товарларни (хизматларни) сотувчи томонидан чегирмалар берилганда.
Солиқ базасига уни камайтириш ёки кўпайтириш тарафга тузатиш киритиш 1 йиллик муддат доирасида, кафолат муддати белгиланган товарлар (хизматлар) бўйича эса - кафолат муддати доирасида амалга оширилади.