Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Нима учун 4-сон БҲМСнинг ишонч билдирилаётган шахснинг имзоси тўғрисидаги нормаси ишламаяпти
4-сон БҲМСга асосан ишончнома электрон шаклда расмийлаштирилганда ишонч билдирилаётган шахснинг имзоси талаб этилмайди . Амалиётда эса уни қўйишга тўғри келади, буни ЭҲА операторлари тизими талаб қилади.
Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни faktura.uz электрон ҳисобварақ-фактуралар оператори Жамшид ҚОСИМОВ тушунтирди:
- Турли ЭҲА операторларининг мижозлари ўзаро ҳамкорлик қилганда, ҳужжатлар билан алмашиш роуминг-оператори – ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ орқали амалга оширилади. Ва ушбу алмашишни таъминлаш учун роуминг-оператори электрон ҳужжатлар шаклига муайян талаблар қўяди. Электрон ҳужжат айланиши оператори мазкур ҳолда ниманидир ўзи мустақил ўзгартира олмайди. Ҳужжатлар шаклига ҳар қандай ўзгартиришларни фақат роуминг-операторининг рухсати ва иштироки билан киритиш мумкин.
Электрон ишончноманинг шакли 2020 йил таҳриридаги 4-сон БҲМС қабул қилингунга қадар шакллантирилган. Бу вақтга қадар, яъни 2020 йил июнь ойига қадар электрон ишончномалар айланмасига тааллуқли ўзига хос масалалар умуман регламентланмаган. Шу боис уларнинг шакллари ҳужжат қандай кўринишга эга бўлиши ҳақида уларнинг ишлаб чиқувчилари тасаввурлари даражасида яратилган.
4-сон БҲМСнинг 96-бандида айтилишича, ишончнома электрон шаклда расмийлаштирилганда ишонч билдирилаётган шахснинг имзо намунаси реквизити тўлдирилиши талаб этилмайди. Икки хил талқин қилинишини олдини олиш учун биз бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларининг ишлаб чиқувчиси сифатида Молия вазирлигига мурожаат қилдик. Ва – молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ имзоси билан жавоб олдик, унда айтилишича, “Ишончнома электрон шаклда расмийлаштирилганда ишонч билдирилаётган шахснинг имзо намунаси реквизитининг электрон рақамли имзо қўйиш йўли билан тўлдирилиши мажурий эмас”.
Молия вазирлигининг тушунтиришидан келиб чиқадики, электрон ишончномани ишонч билдирилаётган шахснинг имзосини қўймасдан ҳам расмийлаштирса бўлар экан. Бироқ техник жиҳатдан тадбиркорларда ҳозирча фақат битта имконият мавжуд – уни кўрсатилган имзо билан расмийлаштириш.
Фикримча, мазкур масалада танлаш ҳуқуқи олди-сотди битими тарафларида бўлиши керак. Ва биз faktura.uz да уларга иккала муқобил вариантларни тақдим этишни кўзламоқдамиз.
«Янги технологиялар» ИАМга сўров юборганмиз ва масъулларнинг жавобини кутаяпмиз.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади