Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ЭҲФда нимага “солиқ узилиши коэффициенти” пайдо бўлди
ЭҲФда харидор ва сотувчи реквизитлари тагида янги қатор - “солиқ узилиши коэффициенти” пайдо бўлди. Бу нима учун керак бўлиши ҳақида buxgalter.uz илтимосига кўра, ДСҚ ахборот-коммуникация технологиялари департаменти бошлиғи Ҳаётжон Насруллоев сўзлаб берди:
- “Солиқ узилишлари – бу солиқ тўловчи томонидан тўланиши шарт бўлган солиқлар ҳамда амалда тўланган солиқ суммаси ўртасидаги фарқ. Мазкур ҳолатда - солиқ тўловчи томонидан етказиб берувчи – контрагентлардан олинадиган ЭҲФ асосида ҳисобга олинадиган солиқ ҳисоботида ҚҚС суммасининг акс этиши. Бунда мазкур операциялар бўйича кўрсатилган контрагентлар бюджетга ҚҚС тўламаган ёки бу операцияларни ЭҲФда акс эттирмаган, ёҳуд солиқ органларига солиқ ҳисоботини тақдим этмаган.
Солиқ тўлашдаги узилишларни аниқлаш учун товарлар (хизматлар) етказиб бериш занжирининг иккинчи, учинчи ва кейинги бўғинларидаги контрагентлар томонидан бюджетга ҚҚС тўланмаганлиги ҳам ҳисобга олинади. Уларнинг хатти-ҳаракатлари келишув (ҳуқуқий, иқтисодий ёки бошқа назорат) хусусиятига эгадир.
Эндиликда ЭҲФдаги контрагентлар реквизитлари остида рангли майдончада узилиш коэффициентлари кўрсатилади. Уларга қараб, эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан ўша аниқ контрагент билан ишлаш қанчалик хавф туғдиришини баҳолашингиз мумкин. Узилиш коэффиеценти қанчалик юқори бўлса, ранг шунчалик “қизғиш” тусга кираверади:
- 0,00 дан 0,20 гача – яшил чизиқ;
- 0,21 дан 0,40 гача – зангори;
- 0,41 дан 0,60 гача – ёрқин қизил;
- 0,61 дан 1,0 гача – тўқ қизил.
Ҳозиргача узилиш коэффициенти – солиқ тўловчилар учун зарур маълумот бўлиб, хавф-хатардан огоҳ бўлишдаги яна бир белги ҳисобланади.
Контрагентда коэффициент қанчалик юқори бўлса, ҳамкор билан иш олиб борилганда шунчалик эҳтиёткор ва диққат-эътиборли бўлиш лозим.
Узилиш коэффициенти юқори бўлган солиқ тўловчилар эса, ўз навбатида, контрагентларини эътибор билан қайта кўриб чиқишлари лозим. Сабаби, ҚҚС занжирида кимдир солиқ тўламаса, бу сизга ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлаган