«Картотекада» ЭҲФ оператори билан қандай ҳисоблашиш ёки уни алмаштириш мумкин

preview

Счётда – 0 сўм, корхона «картотекада ўтирибди». Бундай шароитда ЭҲФ оператори хизмат кўрсатишни тўхтатиб қўймаслиги учун унинг хизматларига қандай ҳақ тўлаш керак? Муаммони ҳал қилишнинг иккита варианти – buxgalter.uz шарҳида.

 

1-вариант: ариза ва ҳисоб-китоб билан банкка мурожаат қиламиз

МБнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти бош мутахассиси Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ ташкилот учун ЭҲА оператори билан қилинадиган ҳисоб-китоблар кечиктириб бўлмайдиган харажатлар ҳисобланиши сабабли, ариза ва ҳисоб-китоб билан банкка мурожаат қилишни тавсия этади (buhgalter.uz ушбу механизмни бу ерда батафсил кўрсатган). Бунда электрон ҳужжат айланиши операторининг хизматлари учун тўловни ҳисобга олган ҳолда кечиктириб бўлмайдиган харажатларнинг умумий суммаси ўтган ой давомида асосий счётга келиб тушган бутун тушумнинг 5%идан ошмаслиги кераклигини назарда тутиш лозим. Бу ҳолда банк сизга ЭҲФ оператори билан счётлар бўйича ҳисоблашиш имконини беради.

Тажрибали ва зукко бош бухгалтер корхона картотекага тушишдан қочиб қутула олмайдиган ҳолатга тўқнаш келишига ҳозирлик кўриб, кечиктириб бўлмайдиган ишлаб чиқариш харажатларини тўлаш учун доим олдиндан маблағларни захиралаб қўяди. Бироқ ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин...

Ёдингизда бўлсин, «2-картотека» мавжуд бўлганда харажатларни тўлаш имконини олиш муддати ариза ва ҳисоб-китобни топшириш муддатига бевосита боғлиқ бўлади.

Ариза ва ҳисоб-китобни топшириш муддати

Счётдан тўлаш ҳуқуқи бериладиган муддат

Ойнинг 1–10 саналарида

Ойнинг 11-санасидан кейин

Ойнинг 10–20 саналарида

Ойнинг 21-санасидан кейин

Ойнинг 20–30 (31) саналарида

Ариза топширилган ойдан кейинги ойнинг 3-санасидан кейин

 

2-вариант: ЭҲФ операторини алмаштирамиз

Операторнинг хизматлари учун ҳақни шу заҳоти, шошилинч тўлаш зарур бўлса, нима қилиш керак? Умуман олганда, ЭҲФ операторининг хизматларига ҳақ тўлаш учун корхона харажатларини қандайдир қилиб мақбуллаштириш мумкинми? Керакли операторни танлаб, бундай вазифаларни ҳал қилиш мумкин. Фаолият юритувчи операторлар рўйхати ДСҚ сайтида жойлаштирилган. Тариф сиёсатларини яна бир бор баҳолаб, хоҳишингиз бўлганда операторни алмаштиришга тўла ҳақлисиз.

Маслаҳатим: муайян ҳажмдаги хизматларни (масалан, 1 мингта ЭҲФ доирасида) бепул тақдим этишга тайёр бўлган операторнинг сайтида тез рўйхатдан ўтиб, энг шошилинч ҳисобварақ-фактураларни тақдим этишингиз мумкин. Сўнг хотиржам шароитда ўтишни якунига етказишингиз мумкин.  

Бир оператордан бошқасига ўтаётганда сизнинг ЭҲФ ва бошқа электрон ҳужжатларингиз турли операторларнинг ресурсларига сочилиб кетади, деб ўйлаш керак эмас. Барча ҳужжатларни янги жойда синхронлаштирса бўлади.

Сall-марказлардаги маслаҳатчилар «ўтиш» бўйича барча масалаларни ҳал қилишда ёрдам берадилар. Ҳужжатларнинг бир қисмини – автоматик равишда, бир қисмини – қўлда, яна бир қисмини эса фақат оператор ёрдамида ўтказиш мумкин бўлишига олдиндан маънан тайёр бўлиш керак.

Шуниси эътиборга лойиқки, операторлар орасида «ўтиш» масаласида буткул бепул ёрдам беришга тайёрлари бор. Бу жуда қувонарли ҳолат!

Олег ГАЕВОЙ.

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /uz/publish/doc/text161342_kartotekada_ehf_operatori_bilan_qanday_hisoblashish_eki_uni_almashtirish_mumkin