МХИК ва штрих-код хато кўрсатилгани учун қандай жавобгарлик чоралари қўлланилади

preview

Ҳисобварақ-фактураларда идентификация кодлари ва штрих-кодлар қасддан нотўғри акс эттирилгани учун жавобгарликни кучайтириш юзасидан таклифлар киритиш муддати 2022 йил 1 сентябрга қадар узайтирилди 22.09.2021 йилдаги 595-сон ВМҚга 3-илованинг 12-б.. Бироқ МХИКдаги хатоликлар учун ҳозирданоқ катта миқдордаги жарималар қўлланилмоқда. buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди: 

 

– Ваколатли органлар идентификация кодлари ҳамда ЭҲФ ва онлайн-НКТ чекларидаги штрих-кодлар нотўғри акс эттирилиши масаласини фаол муҳокама қилмоқдалар. Бу зудлик билан ечим топилиши талаб этиладиган жуда муҳим масала деб ҳисоблайман. Ушбу масалани батафсил ўрганиб чиқмасдан жавобгарлик чорасини қўллаб бўлмайди. 

Ҳозир солиқчилар томонидан МХИКдаги хатоликлар аниқланиб, жазо чораси қўлланилмоқда. Бироқ мавжуд амалиёт юзасидан жиддий эътирозлар билдирилмоқда.

Товарни сотиб олиш ва уни кейинчалик сотишга ҳисобварақ-фактураларда турли МХИК кўрсатилган бўлса, текширувчилар бу ҳолат СКнинг 223-моддаси бўйича жаримани қўллаш учун етарли деб ҳисоблашмоқда. Бундан ташқари, улар ЭҲФда МХИК бўйича товар олингани қайд этилганлиги ва у омборда мавжуд эмаслиги ҳамда омборда умуман бўлмаган товар сотилганлигини асос қилиб кўрсатган ҳолда яширилган солиқ солинадиган базанинг 20%и эмас, балки 40%и миқдорида жарима ҳисоблашга ҳаракат қилмоқдалар. Бунда улар «товар номи» графасида ҳаммаси тўғри, фақат МХИК нотўғри кўрсатилган деган тушунтиришларни инобатга олмаяптилар.

МХИКдаги хатолик солиқ базаси яширилганлигидан далолат бермайди. Акс ҳолда ЭҲФдаги бошқа қайдлар, хусусан, ҳарфлар билан ёзилган товар номи умуман аҳамиятга эга бўлмай қолади. Шундай бўлса, уларнинг нима кераги бор?

Солиқ тўловчи, ҳақиқатан ҳам, солиқ базасини яшираётган бўлса, аввало у товарнинг номи ҳарфлар билан ёзиладиган графада бошқа МХИК билан бирга бошқа товарнинг штрих-кодини ҳам кўрсатган бўларди.

Солиқ тўловчилар «МХИК» ва «штрих-код» графаларига ҳанузгача жиддий ёндашмаяптилар. Бироқ Солиқ қўмитаси бундай хатоликларни эътиборсиз қолдиролмайди, акс ҳолда янгиликларни киритишдан кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди.

СКда МХИК ва штрих-кодларни кўрсатишда йўл қўйилган хатоликлар учун, агар солиқ тўловчи буни ҳуқуқбузарлик сифатида мустақил равишда ўзи тузатмаган тақдирда, жавобгарлик назарда тутилиши лозим деб ҳисоблайдиган мутахассисларнинг фикрини қўллаб-қувватлайман.

Бундан ташқари, ушбу норма ишлаши учун:

  • Солиқ ҳисобида МХИК ва штрих-кодларни қўллаш тўғрисидаги низом ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим;
  • МХИК кодлари учун норматив-ҳуқуқий база яратилишига алоҳида эътибор қаратилиши лозим;
  • МХИК коди тузилмаси, уларни шакллантириш ва қўллаш қоидалари аниқ баён этилиши лозим. Ҳозирча бундай ҳужжатлар мавжуд эмас.

Шунингдек Товарлар ва хизматлар ягона классификатори пухта ишлаб чиқилиши лозим. У анча эскириб қолган. Ҳозир айнан битта товар учун ташкилотларга турли МХИК берилмоқда. Товарлар гуруҳлари номи шундай берилганки, битта товарга турли кодлар танланиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам солиқ тўловчи ўзини йўқотиб қўймаслиги керак.

Қуйидагиларни тавсия қиламан:

  1. Ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-НКТ чекларида ҳужжатлар бўйича товар омборга келиб тушган МХИК ва штрих-кодни кўрсатиш лозим. МХИК ва штрих-кодлар ишлаб чиқарувчидан пировард истеъмолчига етиб боргунига қадар бўлган жараёнда умуман ўзгармайди.
  2. МХИК ва штрих-код хато кўрсатилган тақдирда:
  • ҳисобварақ-фактурада – тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактурани илова қилинг,
  • онлайн-НКТ чекида – «чекка тузатиш киритиш» функционалидан фойдаланинг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

 

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /uz/publish/doc/text173791_mhik_va_shtrih-kod_hato_kursatilgani_uchun_qanday_javobgarlik_choralari_qullaniladi