Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Тезда салбий қўшимча ЭҲФ тақдим этиш имконияти ёки - унинг муқобили зарур
Солиқ тўловчининг шахсий кабинетининг “ЮШнинг онлайн-НКМ ва виртуал кассалари тўғрисида маълумот” интерактив хизматининг “Тушумлар бўйича ҳисобот”даги “белги” салбий қўшимча ҳисобварақ-фактура тақдим этиш имконияти ёпилгандан кейин бухгалтерларда юзага келган муаммоларнинг фақат бир қисмини ҳал қилади. Бироқ унинг ўрнини босиш мумкин бўлмаган бошқа вазиятларда қандай йўл тутиш зарур? Ушбу масала бўйича фикр билан солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА ва «TRI-S-АUDIT» аудиторлик компанияси директори Светлана ГОЛОСОВА buxgalter.uz билан ўртоқлашди.
“Салбий қўшимча ЭҲФ одатдаги, стандарт хўжалик муомаларида зарур”
Гульнара ЭРГАШЕВА, солиқ маслаҳатчиси:
- Давлат солиқ қўмитаси, электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими регулятори сифатида солиқ тўловчиларни Солиқ кодекси нормаларига мувофиқ ишлашнинг техник имкониятини таъминлаши шарт.
СКнинг 257-моддаси солиқ тўловчига солиқ базасига тузатиш киритиш ҳуқуқини ва бунинг учун иккита инструментни беради - тузатиш киритиш ва қўшимча ҳисобварақ-фактура. Умидсиз қарзни ҳисобдан чиқариш, товарни қайтариш, чегирмалар, шартнома бўйича нархни ва товар сонини камайиш томонга ўзгартириш, харидорнинг товардан воз кечиши ва ҳ.к. каби одатдаги хўжалик муомаларида салбий қўшимча ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш муқаррардир.
Мен - соф, адолатли, рақобатли солиқ муҳити, шаффоф солиқ маъмурчилиги ва барча солиқ тўловчилар учун бир хил талаблар тарафдориман.
Бозорга ҚҚС тўланмасдан яратилган ёки импорт қилинган товарларни чиқараётган, контрабанда билан шуғулланаётган, ҚҚСни ғайриқонуний, шу жумладан - салбий ЭҲФ ёрдамида қоплаётган “нақдлаштирувчи фирмалар” билан кураш бораётганлигини тушунаман.
Солиқ қўмитаси ҳозир салбий ЭҲФ тақдим этишнинг техник имкониятини тақдим этмаяпти, бу, шубҳасиз, “нақдлаштирувчилар”га қарши курашда самарали чора. Бироқ ундан нақдлаштиришга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, шунчаки одатдаги хўжалик фаолиятида товарни қайтариш бўйича операцияларни амалга ошираётганлар ҳам қийналишмоқда.
ДСҚ мутахассислари шахсий суҳбатларда чекловлар - вақтинчалик бўлиб, ЭҲФ, онлайн-НКМ электрон ҳисоб-китоблар тизимларини такомиллаштириш ва интеграциялаш бўйича ишлар олиб борилаётганлигини тушунтиришга ҳаракат қилмоқда. Барча янгиликлар бўйича тушунтиришлар беришни ваъда бермоқда.
Бироқ ҳозирча янги инструментлар йўқ, ҳозирча янги тартиб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ёзилмаган экан, солиқ тўловчиларда қонунчиликда назарда тутилган барча инструментлардан тўлақонли фойдаланиш имконияти бўлиши керак.
“Нақдлаштирувчилар”ни аниқлаган ва жавобгарликка тортган ҳолда улар билан аниқ-равшан курашиш керак, деб ҳисоблайман.
“Ҳуқуқбузарлар билан курашаяпмиз, аммо ҳамма жазоланмоқда”
Светлана ГОЛОСОВА, «TRI-S-АUDIT» аудиторлик компанияси директори:
- Давлат солиқ қўмитаси мавжуд онлайн-НКМ, ЭҲФ ва солиқ ҳисоботи тизимларининг барча заиф томонларини яхшироқ билишига қўшиламан. Ва мен идоранинг ушбу тизимларни такомиллаштириш зарур деган позициясига қўшиламан. Бироқ буни аниқроқ амалга ошириш лозим.
Эскирган инструментларни уларнинг ўрнига янгилари яратилганда алмаштириш зарур. Бунда янги ечим нафақат техник, балки ҳуқуқий жиҳатдан жорий этишга тайёрланиши керак.
Бугунги кунда кўп қарорлар йўл-йўлакай қабул қилинаётгандек таассурот ҳосил бўлмоқда. Ушбу ечимлар охиригача ишлаб чиқилмаган, ўйланмаган. Бунга яққол мисол - салбий қўшимча ҳисобварақ-фактура тақдим этиш имкониятини ўчириш. Ушбу ечимга қонуний муқобил мавжудми? - Йўқ! Солиқ тўловчи нима қилиши даркор? Текширувчилар қандай йўл тутишлари зарур?
Ҳар қандай текширувчи, хусусан, аудитор, тадбиркорлик субъекти фаолиятини қонун нормаларига мувофиқ баҳолайди. СКнинг 257-моддасига мувофиқ салбий қўшимча ҳисобварақ-фактура тақдим этиши керак бўлган, бироқ бундай имконият мавжуд эмаслиги туфайли буни солиқ органлари томонидан ўрнатилган блокиратор оқибатида амалга ошира олмаганда, солиқ тўловчининг ҳаракатлари қандай баҳоланиши керак?
Бунда қонун мазкур вазият учун муқобил йўлни бермайди. Ўрнатилган блокировка корхонани ёки жарима санкцияларига ёхуд қўшимча солиқ тўланишига олиб келади.
Афсуски, бугунги кунда СКнинг 21-моддаси ва СКнинг 27-моддаси тўлиқ ҳажмда ишламаяпти, унга асосан солиқ тўловчи ўз хатоларини тузатиш ҳуқуқига эга, солиқ органлари эса унга бунда кўмаклашиши шарт.
Ҳозирча солиқ маъмурчилигининг янги ечимлари яратилиб, ишлаб чиқилаётган бир пайтда, тадбиркорлар амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқ ишлашнинг тўлақонли имкониятига эга бўлишлари керак. Инновацияни эса бунинг учун ҳам техник, ҳам ҳуқуқий нуқтаи назардан барчаси шай бўлганда жорий этиш зарур.
Акс ҳолда шахсларнинг нисбатан унча катта бўлмаган гуруҳи билан курашаётган, аммо барча, шу жумладан - виждонли солиқ тўловчилар жазоланаётган бўлиб чиқмоқда.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади