Бухгалтер фойда солиғи бўйича оқибатларни қандай алгоритм бўйича аниқлаши мумкин

preview

Яхши бош бухгалтер битимни муҳокама қилишда унинг солиқларга таъсирини тушуниш қобилияти билан ажралиб туради. Операцияларнинг ҳар хил тури фойда солиғига қандай таъсир этиши ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан “Arkad Audit” консалтинг фирмаси таъсисчиси Наталья ТУРАЛИНОВА гапириб берди:

 

– Фойда солиғи бўйича оқибатларни аниқлашда:

    1) сизнинг корхонангиз шартнома шартларидан келиб чиққан ҳолда ким - солиқ тўловчи ёки солиқ агенти ҳисобланишини тушуниш;

    2) битим бухгалтерия ва солиқ фойдасига таъсир этиши ёки этмаслигини, бу баланс операцияси ёки харажат операцияси эканлигини аниқлаш;

    3)  ушбу саволларга жавоблардан келиб чиқиб – фуқаролик, бухгалтерия ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бўйича аниқ саволни шакллантириш зарур.

Тажрибамиздан келиб чиқсак, бундай изчилликка риоя қилган ҳолда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини тушуниш (ва эслаб қолиш) мумкин. Бухгалтер фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолатини ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш қоидаларини тўғри тушунган ҳолда хўжалик фаолияти фактларини ҳисобда акс эттиради. Сўнгра, ушбу фактлар солиқ базасини шакллантириши ёки шакллантирмаслигини аниқлаш қолади.

Мисолларда кўриб чиқамиз.

 

1. Харажат операциялари

Харажат операциялари, баланс операцияларидан фарқли ўлароқ, корхонанинг бухгалтерия фойдасини камайтиради. Агар ўтказмаларда  МНҲ харажатлар счётлари бўлса (91, 94, 96, 97, 98), бу – харажат операцияси.

Харажат операциялари фойда солиғига қандай таъсир этади?

Мисол: корхона реклама хизматларини импорт қилади. Ижрочи – Ўзбекистонда ДМ мавжуд бўлмаган Россия компанияси. Реклама Россия ОАВда чиқади. Алгоритмни қўллаймиз:

  1. Бизнинг корхонамиз шартнома бўйича кимлигини аниқлаймиз – буюртмачи. Хизматларни импорт қилиш чоғида биз норезидентга тўлаймиз. Демак, бизнинг корхонамиз кўпроқ – норезидентнинг (ДМсиз) даромадларидан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида солиқ агенти.
  2. Кирувчи хизмат – бу ҳар доим бухгалтерия ҳисобида харажат. Бу қандай харажат эканлигини тушуниш лозим: у бошқа активларнинг таннархига кирадими ёки давр харажатларига киритиладими. Бизнинг мисолимизда гап давр харажатлари ҳақида бормоқда. Демак, бу баланс операцияси эмас, ушбу битимнинг натижалари корхонанинг бухгалтерия ва солиқ фойдасига таъсир этади.
  3. Энди, биз – солиқ агенти (биринчи солиқ мажбурияти) эканлигимизни ва битим бизнинг, солиқ тўловчи (иккинчи солиқ мажбурияти - чегириб ташлашнинг асосланганлиги тасдиқлаш) сифатида фойдамизни камайтиришини билган ҳолда, солиқ оқибатларини тушуниш учун СКнинг 351-моддаси, СКнинг 305-моддаси ва СКнинг 317-моддасига мурожаат қиламиз.

СКнинг 351-моддаси Ўзбекистондаги манбалардан даромадлар оладиган юридик шахслар - норезидентларга (ДМ эмас) солиқ солишни регламентлайди. Бундай шахслар фойда солиғи тўловчилар тоифасига тушади . Ўзбекистон корхонаси норезидент хизматларига ҳақ тўлаган пайтда, норезидентда даромад юзага келади. Бунда қонун чиқарувчи солиқ тўлаш мажбуриятини солиқ агенти, тўлов манбаи зиммасига юклайди. Мазкур ҳолда - сизнинг корхонангиз зиммасига юклайди .

СКнинг 351-моддаси 1-17-бандларида кўрсатилган норезидентнинг (ДМсиз) даромадларидан солиқни тўлов манбаи ҳар доим – хизмат қаерда кўрсатилганлигидан қатъи назар ушлаб қолади. Ушбу талаб иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномалар нормаларини қўллашда олиб ташланади. Бунда 1-17-бандларда белгиланмаган хизматларни кўрсатишдан олинган даромадларга фақатгина улар Ўзбекистоннинг ҳудудида кўрсатилган тақдирда солиқ солинади .

1-17-бандларда даромадлар рўйхатига эътибор билан қараймиз. Ушбу рўйхат орасида реклама хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлар йўқ. Демак, солиқ фақатгина реклама Ўзбекистоннинг ҳудудида кўрсатилган тақдирда юзага келади. Бизнинг ҳолда у Россияда кўрсатилади. Хулоса: норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқ - мавжуд эмас.

Солиқ агентининг мажбурияти хавфи олиб ташлангандан кейин, чегириб ташлашнинг асосланганлигини тасдиқлаш зарур.

Реклама харажатлари, башарти бундай харажатларнинг корхонанинг фаолияти билан алоқаси ҳужжат билан тасдиқланган бўлса, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган деб эътироф этилади . Бизнинг тасарруфимизда шартнома, смета, бажарилган ишлар далолатномалари мавжуд, бизнинг маҳсулотимиз реклама қилинмоқда. Фойда солиғи ҳисоб-китобида харажатни тўлиқ ишонч билан харажатга киритамиз.

 

2. Баланс операциялари

Баланс операциялари корхонанинг молиявий натижаларига таъсир этмайди ва қоидага кўра, солиқ тўловчининг фойда солиғи бўйича мажбуриятларига (солиқ агентининг мажбуриятлари билан чалкаштирманг) таъсир этмайди. Истисно – ҳисобда текин олинган мол-мулкни акс эттириш. Бухгалтерия ҳисобида бу – баланс операцияси, солиқ ҳисобида у жами даромадга таъсир этади.

Бундан келиб чиқиб шундай хулоса қилиш мумкинки, баланс операциялари улар даромадларга ҳам, харажатларга ҳам олиб келмаслиги сабабли бизнинг корхонамизнинг солиқ фойдасини оширмайди.

Мисол:  корхона норезидентдан (ДМсиз) кўчмас мулк сотиб олди.  Кўчмас мулк Ўзбекистонда жойлашган.

  1. Бизнинг корхонамиз шартнома бўйича кимлигини аниқлаймиз - харидор. Норезидентга тўлаймиз, демак, бизнинг корхонамиз кўпроқ - норезидентнинг (ДМсиз) даромадларидан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида солиқ агенти.
  2. Мол-мулкни сотиб олиш бухгалтерия ҳисобида баланс операцияси сифатида акс эттирилади. Демак - корхонанинг бухгалтерия ва солиқ фойдасига таъсир қилмаган ҳолда.
  3. Бундан келиб чиққан ҳолда бизнинг вазиятимизда норезидентга (ДМсиз) даромадлар тўлашда солиқ агенти сифатидаги ўз мажбуриятимизни аниқлашимиз етарли. Бундай операция корхонамизнинг солиқ фойдасига таъсир этмайди.

Илгариги мисолда бўлгани каби, норезидентнинг даромади СКнинг 351-моддаси 1-17-бандларига тушишини аниқлаймиз. Ҳа, бундай даромад 5-бандда (б) кўрсатилган. Демак, сизда солиқ агенти мажбуриятлари юзага келади. Уларни фақатгина иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномалар нормаларини қўллаган ҳолда олиб ташлаш мумкин. Шундан кейин Ўзбекистонда кўчмас мулк сотувчиси ҳисобланган резидентнинг давлати билан бундай шартнома мавжудлигини аниқлаштириш лозим. Агар мавжуд бўлса, СКнинг 357-моддаси нормаларини қўллаймиз.

 

3. Чегириб ташланмайдиган харажатлар

Чегириб ташланмайдиган харажатлар солиқ фойдасига таъсир этмайди. У жами даромад ва фақат чегириб ташланадиган харажатлар ўртасидаги фарқдан ҳисоблаб чиқарилади . Айнан шу туфайли тажрибали бухгалтер солиқ базасини аниқлашда уларни ҳисоб-китобга олмайди .

Мисол: корхонанинг жами даромади 500 млн сўмни ташкил этди. Харажатлар жами – 600 млн сўм, шундан чегириб ташланадиган харажатлар – 200 млн сўм. Солиқ фойдаси 300 млн сўмга (500 – 200) тенг.

Мисол: жами даромад – 0 сўм. Харажатлар – 8 млн сўм, чегириб ташланадиган харажатлар – 0 сўм. Солиқ базаси – 0 сўм.

Мисол: яқинда очилган корхонанинг директори шахсий банкетига корпоратив картадан 8 млн сўм тўлади. Корхона фақат битта битимни ўтказди – устав фондини шакллантирди (баланс операцияси), жўнатиш ва даромадлар бўлмади. Банкетга ҳақ тўлаш бўйича харажат қандай солиқ оқибатларига олиб келади?

Директорнинг мақсадсиз харажат бўйича моддий наф тарзидаги даромади - бу фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташланмаслиги тушунарли. Бундай операция фойда солиғини тўлашга олиб келадими?

Корхонада даромадлар бўлмаганлиги боис, Ҳисоб-китобни топшириш пайтида корхонанинг молиявий ҳисоботида зарар турибди - 8 млн сўм. Фойда солиғи ҳисоб-китобида солиқ базаси нолга тенг (даромадлар ва чегириб ташланадиган харажатлар мавжуд эмас). Мазкур ҳолда чегириб ташланмайдиган харажатлардан фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш – бу хато.

 

Хулоса қиламиз:

  • Фойда солиғини прогноз қилишда нафақат солиқ тўловчининг, балки солиқ агентининг ҳам (қоидага кўра, хизматлар импортида) мажбуриятларини ҳисобга олиш зарур.
  • Баланс операциялари, қоидага кўра, қўшимча фойда солиғи ҳисоблашга олиб келмайди.
  • Харажат операциялари бухгалтерия фойдасини камайтиради, бироқ солиқ фойдаси ҳисоб-китоби учун фақат чегириб ташланадиган харажатлар ҳисобга олинади.
Эътибор беринг

Баланс операциялари ва чегириб ташланмайдиган харажатларни батафсил таснифлаш ва улар бўйича саволларни Наталья ТУРАЛИНОВА “Фойда солиғи бўйича чегириб ташланмайдиган харажатларни қандай ўз вақтида аниқлаш мумкин” вебинарида муҳокама қилади.

Ўтказиш санаси – 2022 йил 22 июль.

“Норма” мижозлари учун иштирок этиш бепул.

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text182917_buhgalter_foyda_soligi_buyicha_oqibatlarni_qanday_algoritm_buyicha_aniqlashi_mumkin