Бухгалтерия ва солиқ ҳисобида курсдаги фарқлар қандай ҳисобга олинади

preview

Шу йилдан бошлаб курсдаги фарқларнинг солиқ ҳисоби бухгалтерия ҳисобидан фарқ қилади. Ва ушбу ўзгартиришлар ҳали барчага ҳам тушунарли эмас. 

Buxgalter.uz илтимосига биноан янги тартибнинг асосий жиҳатларини Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларини прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА ва “Finatex” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Ирина ПОДОЛЬСКАЯ тушунтиришди:

 

Солиқ солиш мақсадларида курсдаги фарқларни эътироф этиш қоидалари

Фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадларида:

  • курсдаги ижобий фарқлар даромадлар деб эътироф этилади;
  • салбий фарқлар – харажатлар деб эътироф этилади.

Айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадларида курсдаги ижобий ва салбий фарқлар ўртасидаги фарқ жами даромадга киритилади. Курсдаги салбий фарқ ижобий фарқдан ортиқ бўлган тақдирда улар ўртасидаги фарқ “манфий” белгили бўлади. Бу ҳолда у айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасини камайтирмайди .

Эътибор беринг
Айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадларида курсдаги фарқлар фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадларида аниқланадиган қоидалар бўйича аниқланади.

Солиқ солиш мақсадларида курсдаги фарқларни аниқлаш тартибини СКнинг 320-моддаси тартибга солади.

2022 йилга қадар солиқ солиш мақсадларида курсдаги фарқлар бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобга олинган. 2022 йилдан бошлаб СКнинг 320-моддаси мазмуни ўзгармади.

 

Солиқ солиш мақсадларида курсдаги фарқ қандай аниқланади

Фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадларида валюта қимматликларини (бундан номинали чет эл валютасида ифодаланган қимматли қоғозлар мустасно), қиймати чет валютасида ифодаланган талаблар ва мажбуриятларни қўшимча баҳолашда (қийматини пасайтиришда) юзага келадиган курсдаги фарқ курсдаги ижобий (салбий) фарқ деб эътироф этилади .

Валюта қимматликлари жумласига: чет эл валютаси, номинали чет эл валютасида ифодаланган қимматли қоғозлар ва тўлов ҳужжатлари, норезидентлар томонидан чиқарилган, номиналга эга бўлмаган қимматли қоғозлар, соф қуйма олтин киради .

Хусусан, фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришда қуйидагилар қийматини қўшимча баҳолашдан (қийматини пасайтиришдан)  юзага келадиган курсдаги фарқ ҳисобга олинади:

  • талаблар (олинадиган счётлар) - олиниши лозим бўлган суммалар чет эл валютасида белгиланган дебиторлик қарзи, берилган кредитлар ва қарзлар (шу жумладан облигацияларни олишда);
  • мажбуриятлар (тўланадиган счётлар) - тўланиши лозим бўлган суммалар чет эл валютасида белгиланган кредиторлик қарзи, олинган кредитлар ва қарзлар (солиқ тўловчи томонидан эмиссия қилинган облигациялар бўйича).

Курсдаги фарқ суммаси чет эл валютаси курсининг Марказий банк томонидан белгиланган миллий валютага нисбатан ўзгариши асосида аниқланади.

Агар шартнома шартларига биноан контрагентларнинг талаблари (мажбуриятлари) суммаси чет эл валютасида ифодаланган бўлиб, лекин миллий валютада тўланиши лозим бўлса, томонлар ўзаро ҳисоб-китоблар учун чет эл валютаси курсини мустақил равишда белгилашлари мумкин. Бу қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган ёки шартнома томонлари аниқлайдиган курс бўлиши мумкин. Масалан - мажбурият бўйича ҳисоб-китобни амалга ошириш санасида валютани сотиб олиш курси. Бунда солиқ солиш мақсадларида бундай талаблар (мажбуриятлар) қийматини қўшимча баҳолаш ёки пасайтириш ҳам қонун ҳужжатлари ёки томонлар келишувига кўра белгиланган курснинг ўзгариши асосида аниқланади.

Эътибор беринг

Берилган (олинган) бўнакларни қайта баҳолашдан юзага келадиган курсдаги ижобий (салбий) фарқ солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олинмайди.  Бу - бухгалтерия ва солиқ ҳисоби мақсадларида курсдаги фарқлар қиймати фарқланишига олиб келадиган омиллардан бири. Шу муносабат билан  фойда солиғи (айланмадан олинадиган солиқ)ни ҳисоблаб чиқаришда бўнак тўлангандан кейин олинган товарлар (хизматлар)ни, шунингдек бўнак олингандан кейин эътироф этиладиган товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромадни солиқ ҳисобида бўнак тўланган (олинган) санадаги курс бўйича акс эттиришни инобатга олиш муҳимдир.

Бунда сотиб олинган товарлар (хизматлар)нинг ва реализация қилишдан олинган тушумнинг бухгалтерия ҳисоби бухгалтерия ҳисоби стандартлари (МҲХС ёки БҲМС) бўйича юритилади. Шу боис солиқ ва бухгалтерия ҳисобида ҳисобга олинадиган товарлар (хизматлар)нинг қиймати ва даромадлар (харажатлар)нинг суммаси фарқланиши мумкин.

 

БҲМС ва солиқ солиш мақсадларида курсдаги фарқларни ҳисобга олиш нима билан фарқ қилади

4-сон БҲМСга асосан чет эл валютасига сотиб олинган товарлар (хизматлар)нинг қиймати уларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасидаги Марказий банк курси бўйича миллий валютада аниқланади. Тегишинча, агар етказиб берувчига чет эл валютасида бўнак тўланган бўлса, товар (хизмат)ни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш пайтида курсдаги фарқ пайдо бўлиши мумкин. Бироқ солиқ ҳисобида даромадларда ҳам, харажатларда ҳам, харид  қилинган товарлар (хизматлар) қийматида ҳам - бундай фарқ бўлмайди.

Бунда айрим вазиятларда бўнак шартнома шартлари бўйича қайтарилиши мумкинлигини инобатга олиш муҳимдир. Бу ҳолда бундай вазият юзага келган пайтда бўнак қайта баҳоланиши керак, сабаби у чет эл валютасида аниқланадиган талабга (ёки мажбуриятга) айланади.

Солиқ ҳисоботида курсдаги фарқларни акс эттириш учун бухгалтерия ва солиқ ҳисоби мақсадларида уларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритишни тавсия қиламиз. Бухгалтерия ҳисоби мақсадларида аниқланадиган курсдаги ижобий фарқ 9540-“Валюталар курслари фарқидан даромадлар” счётида, салбий фарқ – 9620-“Валюталар курслари фарқидан зарарлар” счётида акс эттирилади.

Тегишинча, фойда солиғи (айланмадан олинадиган солиқ) бўйича солиқ базасини аниқлашда ҳисобга олинадиган курсдаги фарқларни маълумотлари фақат солиқ солиш мақсадларида фойдаланиладиган ва бухгалтерия баланси маълумотларига таъсир этмайдиган алоҳида регистрда ҳисобга олишни (ёки мустақил солиқ балансини юритишни) тавсия қиламиз.

 

Чет эл валютасини сотиб олиш (сотиш) курсининг Марказий банк курсидан оғиши қандай талқин қилинади

Чет эл валютасини сотиб олиш (сотиш) операциялари мамлакатнинг валюта бозорида амалга ошириладиган валюта операциялари рўйхатига киради. Уларни амалга ошириш тартиби Қоидаларда белгиланган.

Чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш операциялари валюта бозорида талаб ва таклиф асосда шаклланган валютанинг тижорат курси бўйича амалга оширилади . Тижорат курси, қоидага кўра, чет эл валютасини сотиб олиш (сотиш) санасида белгиланган Марказий банк курсидан фарқ қилади.

Солиқ ва бухгалтерия ҳисоби мақсадларида валюта ҳисобварақларини қайта баҳолашдан курсдаги фарқ турли саналарда Марказий банк курси ўзгарганда ҳосил бўлади . Бунда Марказий банк курси ва чет эл валютасини сотиб олиш (сотиш)да амалда бўлган тижорат курси ўртасидаги фарқ курсдаги фарқ ҳисобланмайди.

Тижорат курсининг Марказий банк курсидан ижобий ёки салбий оғишларини чет эл валютасидаги операциялар бўйича даромадлар (ёки зарарлар) сифатида эътироф этиш лозим. Бу - молиявий фаолиятдан даромадлар (зарарлар) .

Эътибор беринг

Солиқ солиш мақсадларида чет эл валютасини сотиб олиш (сотиш) курсининг Марказий банк курсидан оғиши курсдаги фарқ деб эътироф этилмайди. Бу айниқса айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун муҳимдир. Айланмадан олинадиган солиқни аниқлашда солиқ базасига тижорат курси ва Марказий банк курси ўртасидаги ижобий оғишларни бошқа даромадлар сифатида киритиш лозим. Салбий оғишлар солиқ базасини камайтирмаслиги керак.

Қуйидаги тавсияда сиз курсдаги фарқлар тўғрисида кўпроқ йўл-йўриқлар ва тушунтиришларни топасиз:

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text183998_buhgalteriya_va_soliq_hisobida_kursdagi_farqlar_qanday_hisobga_olinadi