Инвестициявий чегирма қандай қўлланилади

preview

Buxgalter.uz молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг ўқувчилар саволларига жавобларини эълон қилишни давом эттиради.

- 2020 йилга қадар Ўзбекистонда солиқ солинадиган фойдани ишлаб чиқаришни модернизациялашга, қайта жиҳозлашга, янги технологик жиҳоз харид қилишга, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини қуриш ва реконструкция қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасига камайтириш тарзидаги имтиёз амал қилган. Ушбу имтиёз 2020 йил 1 апрелдан бекор қилинади.

Мазкур имтиёзни қўллаш осон кечмас эди, сабаби:

  • бу ҳисобланган амортизацияни чегириб ташлашни талаб қилар эди;
  • камайтириш суммаси солиқ солинадиган фойданинг 30%и билан чекланганди, шу муносабат билан кейинги солиқ даврларига ўтказилган.

Бошқа томондан, харид қилинган асосий воситалар икки марта чегириб ташланган, биринчи марта – фойдани камайтириш ҳисобига, иккинчи марта – амортизация ҳисоблаш орқали.

2020 йилдан бошлаб бир йўла инвестициявий чегирмаларнинг янги тартиби жорий этилмоқда .

Инвестициявий чегирма қуйидаги миқдорда қўлланилади:

1) янги технологик ускуналар қийматининг, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш харажатларининг, ахборот тизимларини яратишга доир инвестиция лойиҳалари доирасида маҳаллий ишлаб чиқаришнинг дастурий таъминотини сотиб олишга йўналтириладиган маблағлар суммаларининг 10%и миқдорида;

2) ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтиришга, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини реконструкция қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасининг 5%и миқдорида.

Инвестициявий чегирма янги технологик ускунани ишга тушириш амалга оширилган ёхуд ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини модернизация қилиш, қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган ҳисобот (солиқ) даврида қўлланилади.

Мисол
Инвестициявий чегирманинг қўлланилиши
2020 йилнинг январь ойида ишлаб чиқариш корхонаси қиймати 100 000 минг сўм бўлган янги технологик ускунани ишга туширди ва унга амортизация меъёрини 15% миқдорида белгилади. У солиқ солиш мақсадлари учун назарда тутилган йиллик энг юқори нормага тўғри келади . Амортизация тўғри чизиқли ҳисоблаш усули билан ҳисобланади.
Корхона 1 февралдан бошлаб амортизация ҳисоблашни бошлайди. 2020 йилнинг I чораги учун икки ой учун амортизация харажатларга киритилади:
100 000 х 15% :12 х 2 = 2 500 минг сўм.
Бундан ташқари, корхона ускуна қийматининг 10%и миқдорида бир йўла инвестициявий чегирмани қўллашга ҳақли:
100 000 х 10% = 10 000 минг сўм.
Шу тариқа, корхона 2020 йилнинг I чораги учун фойда солиғи ҳисоб-китобида янги технологик ускунанинг амортизация суммасини харажатларга киритади:
2 500 + 10 000 = 12 500 минг сўм.

Эътибор беринг
Мазкур мисолда 2 500 минг сўм миқдордаги амортизация суммаси бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади ва солиқ солиш мақсадларида харажатларга киритилади. 10 000 минг сўм миқдордаги амортизация суммаси фақат солиқ солиш мақсадларида харажатларга киритилади ва бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди.

Шу билан бирга, агар инвестициявий чегирма қўлланилганидан кейин солиққа оид зарар кўрилса, корхона уни кейинги йилларга ўтказишга ҳақли.

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text157942_investiciyaviy_chegirma_qanday_qullaniladi