Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Инвестициявий чегирма қандай қўлланилади
Темир йўл транспорти корхонаси 2021 йилда: 1) электровозлар ва вагонлар харид қилди; 2) давлат инвестиция лойиҳаси доирасида АВ объектини барпо этди ва ишга туширди; 3) ўз вагонларини капитал таъмирлади ва модернизация қилди. Корхона мазкур учта вазиятда СКнинг 308-моддасига асосан инвестициявий чегирмани қўллай олармиди? Буни Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА тушунтириб берди:
– Фойда солиғи ҳисоб-китобида инвестициявий чегирмани қўллаш муайян шартларга риоя қилинишини талаб қилади.
Инвестициявий чегирма янги технологик ускунани ишга тушириш амалга оширилган, ўз ишлаб чиқаришини модернизация қилиш, техник ёки технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш амалга оширилган, ишлаб чиқариш янги қурилиш шаклида кенгайтирилган ҳисобот (солиқ) даврида қўлланилади.
Барча ҳаракатлар 2021 йилда амалга оширилганлиги боис, ўша даврда амал қилган нормаларга амал қилиш лозим.
2021 йилда инвестициявий чегирма қуйидаги миқдорда қўлланилган :
- янги технологик ускуналар қийматининг, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва (ёки) технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш харажатларининг ва (ёки) ахборот тизимларини яратишга доир инвестиция лойиҳалари доирасида маҳаллий ишлаб чиқаришнинг дастурий таъминотини сотиб олишга йўналтириладиган маблағлар суммаларининг 10%и миқдорида;
- ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтиришга, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасининг 5%и миқдорида.
2021 йил таърифи бўйича:
- товарларни (хизматларни) ишлаб чиқариш жараёнида солиқ тўловчи томонидан фойдаланиладиган, чиқарилган кунидан эътиборан кўпи билан 3 йил ўтган машиналар, аппаратлар, қурилма ва механизмлар янги технологик ускуналар деб эътироф этилади;
- асосий воситалар объектини технологик ёки хизмат мақсадини ўзгартириш, уларнинг унумдорлигини ошириш ёки бошқа сифат кўрсаткичларини яхшилашга йўналтирилган ишлар модернизация қилиш деб эътироф этилади;
- маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жараёнида фойдаланиш мақсадида янги бино ва иншоотларнинг қурилиши ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш деб эътироф этилади.
Шуни инобатга олиш жоизки, инвестициявий чегирма амортизация харажатлари деб эътироф этилади.
Қуйидагилар ҳисобига барпо этилган активлар амортизация қилинмайди:
1) Президентнинг, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ёки Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ текинга олинган активлар;
2) инвестор ва давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ўртасида тузилган шартномага биноан инвестиция мажбуриятлари сифатида киритиладиган активлар.
Тегишинча, бундай активлар бўйича инвестициявий чегирма қўлланилмайди.
2022 йил 1 январга қадар амал қилган СК таҳриридаги 306-модданинг 9-қисмига асосан темир йўлнинг ҳаракатдаги таркиби фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадларида “ҳаракатланувчан транспорт” деб номланган.
Хулосалар:
2021 йилда:
- ишга туширилган электровозлар ва вагонлар қийматининг 10%и миқдорида инвестициявий чегирма қўлланилмайди;
- корхона вагонларни модернизация қилиш харажатларининг 10%и миқдорида инвестициявий чегирмани қўллаши мумкин эди, башарти у туфайли АВ объектининг технологик ёки хизмат мақсади ўзгарган бўлса, уларнинг унумдорлиги ошган ёки бошқа сифат кўрсаткичлари яхшиланган бўлса;
- капитал таъмирлаш харажатларига чегирма қўлланилмайди;
- ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтиришга, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишга йўналтирилган маблағлар суммасининг 5%и миқдорида чегирмани қўллаш мумкин. Бунда, агар барпо этилган активлар солиқ солиш мақсадларида амортизация қилинмаса, уларга инвестициявий чегирма қўлланилмайди.
2022 йилдан бошлаб амортизация қилинадиган актив у бўйича инвестициявий чегирма қўлланилган санадан эътиборан 3 йил ичида реализация қилинган, бепул берилган ва бошқача тарзда чиқиб кетган тақдирда инвестициявий чегирманинг амал қилиши бекор қилинади. Бунда активнинг чиқиб кетиши рўй берган ҳисобот (солиқ) даврида жамғарилган амортизация суммасидан инвестициявий чегирма суммаси чегириб ташланади .
Мазкур норма активнинг фавқулодда вазиятлар туфайли чиқиб кетиши ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.