Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ННТга мақсадли тушумларга фойда солиғи солиш лозимми?
Корхона уюшмага (ННТ) унинг уставда белгиланган фаолиятини юритишга бепул молиявий ёрдам кўрсатди. Корхона – ушбу уюшманинг аъзоси эмас. ННТга мақсадли тушумларга фойда солиғи солиниши ёки солинмаслигини buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти Олег ЦОЙ тушунтирди:
- Мақсадли тушумлар даромад сифатида ҳисобланмайди, демак, СКнинг 48-модда талаблари бажарилиши шарти билан фойда солиғи солинмайди .
Нотижорат ташкилотларни таъминлаш ва уларнинг уставда белгиланган фаолиятини юритишга йўналтирилган бепул келиб тушган тушумлар мақсадли тушумлар деб эътироф этилади :
- давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида;
- бошқа юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган.
Акциз тўланадиган товарларни олиш мақсадли тушумларга кирмайди.
Олувчи мақсадли тушумлардан топширувчи шахс ёки қонунчилик томонидан белгиланган мақсади бўйича фойдаланиши керак.
Агар тушумлар олувчи томонидан мақсадига биноан фойданилмаган бўлса, уларни мақсадли деб эътироф этиш мумкин эмас ва фойда солиғи ҳисоб-китобида жами даромадга киритиш зарур.
Бундан ташқари, хайр-эҳсон қилинган мулкдан хайр-эҳсон қилувчининг розилигисиз бошқа мақсадда фойдаланиш хайр-эҳсон қилувчига, унинг меросхўрларига ёки ҳуқуқий ворисига хайр-эҳсонни бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқини беради .
СКнинг 48-моддаси 6-қисмида нотижорат ташкилотларни таъминлаш ва уларнинг уставда белгиланган фаолиятини юритишга йўналтириладиган мақсадли тушумлар рўйхати келтирилган. Хусусан, уларга:
- ННТ муассисларининг, иштирокчиларининг, аъзоларининг “ННТлари тўғрисида”ги Қонун ва ташкилотнинг уставига мувофиқ амалга оширилган бадаллари;
- хайр-эҳсон, яъни умумфойдали мақсадларда ҳадя ;
- хайрия фаолиятини амалга ошириш учун олинган маблағлар ёки бошқа мол-мулк;
- уставда белгиланган фаолиятини амалга ошириш учун берилган бюджет маблағлари;
- нотижорат ташкилотлар томонидан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, уставда белгиланган фаолиятини амалга ошириш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ улар томонидан тузилган солиқ тўловчи бўлган таркибий бўлинмалардан бепул олинган маблағлар;
- уставда белгиланган фаолиятини амалга ошириш учун диний ташкилотлар томонидан олинган мол-мулк киради.
Бинобарин, агар ННТ томонидан олинган мақсадли маблағлар уларга Солиқ кодекси томонидан қўйиладиган талабларга мувофиқ келса, улардан мақсадига биноан фойдаланилган тақдирда, солиқ солиш мақсадида даромад ҳисобланмайди.
Таҳририятдан. 2020 йил учун мақсадли маблағлардан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот топширишни унутманг. Буни қандай амалга ошириш ҳақида бу ерда ўқинг.