Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Норезидент томонидан хизматлар кўрсатилиши қачон ДМ ташкил этилишига олиб келиши мумкин
«Хорижий корхона йил давомида Ўзбекистон корхонасига хизматлар кўрсатади. Хизматлар ижрочисининг ходимлари ишнинг бир қисмини буюртмачи офисида бажаришлари мумкин. Бунда чет эл юридик шахсининг доимий муассасаси ташкил этиладими? Буюртмачи корхона ДМ мавжуд бўлмаганда норезидентнинг даромадидан солиқни ушлаб қолиши ва норезидентларнинг даромадларидан Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этиши керакми?».
ДСҚ Солиқ солиш услубияти департаментининг халқаро солиқ солиш бўлими бошлиғи Раъно АЛИШАЕВА buxgalter.uz илтимосига кўра саволларга жавоб берди:
Вазият:
«Ўзбекистон резиденти бўлган ташкилот бухгалтерия ва солиққа оид хизматларни кўрсатиш учун Россия компанияси билан импорт контрактини тузди. Шартноманинг амал қилиш муддати – 12 ой. Шартномага кўра, агар бу ахборот тўплаш учун зарур бўлса, ижрочи ташкилот ходимлари масофадан – РФда туриб ҳам, буюртмачи офисида – Ўзбекистонда ҳам ишлашлари мумкин. Хизматлар буюртмачи номидан ва унинг топшириғига кўра давлат ёки молиявий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Контракт шартларига кўра, хизматлар ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда тақдим этилади, Ўзбекистон корхонаси хизматлар қийматидан ҚҚС суммасини мустақил равишда ҳисоблайди ва бюджетга ўтказади. Ўзбекистон билан РФ ўртасида Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузилган. Даромадни тўлаш пайтига келиб ижрочи компания РФ солиқ резиденти эканлигини тасдиқловчи сертификатни тақдим этди. РФда солиқ тўловчи РФ резидентига тўлов амалга оширилганини ҳисобга олган ҳолда норезидентнинг Ўзбекистондаги даромадларидан солиқ ушлаб қолинмаган».
ДМ аломатлари мавжуд бўлганда
– Чет эл юридик шахси Ўзбекистондаги тадбиркорлик фаолиятини тўлиқ ёки қисман қайси доимий фаолият жойида амалга ошираётган бўлса, ўша жой чет эл юридик шахсининг Ўзбекистондаги доимий муассасаси деб эътироф этилади.
ДМ ташкил этилишига олиб келадиган аломатлар масаласида СК 36-моддаси ва Россия билан тузилган иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимнинг 5-моддасига амал қилишни тавсия этамиз. Хусусан, СК 36-м. 3-қ. 2-бандига мувофиқ, қуйидагилар ҳам доимий муассаса деб эътироф этилади:
- «хизматлар кўрсатиш, шу жумладан ушбу чет эл юридик шахси томонидан ўз хизматчилари ёки шу мақсадлар учун унинг томонидан ёлланган бошқа ходимлар орқали бажариладиган маслаҳат хизматлари, башарти бундай фаолият (айни бир лойиҳа билан боғлиқ шахс ёки чет эл юридик шахсининг боғланган тарафи учун) Ўзбекистон ҳудудида исталган кетма-кетликдаги 12 ойлик давр мобайнида камида 183 кун давом этса».
Хизматлар кўрсатиш бўйича контрактда норезидент томонидан Ўзбекистон ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам хизматлар кўрсатилишини назарда тутувчи қоидалар мавжуд бўлганда, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш тартиби хизматларнинг ҳар бир тури учун алоҳида-алоҳида қўлланилади.
Норезидент томонидан ягона ишлаб чиқариш-технологик цикл доирасида хизмат кўрсатишнинг ҳар бир босқичи норезидентнинг даромадларидан тўлов манбаида солиқни ушлаб қолиш мақсадида хизматларнинг алоҳида тури сифатида кўриб чиқилади . Бунда контракт бўйича норезидент даромадларининг умумий суммаси Ўзбекистонда ва унинг ташқарисида хизматлар кўрсатишдан олинган даромадларга асосланган тарзда тақсимланган бўлиши керак.
Норезидент хизматларни олувчига Ўзбекистон қонунчилигига ва (ёки) чет давлатнинг қонунчилигига мувофиқ тузилган, норезидент томонидан тасдиқланган ҳисоб-китоб ҳужжатларининг кўчирма нусхасини тақдим этиши шарт. Ушбу ҳужжатлар норезидентнинг умумий даромад суммаси Ўзбекистонда ва унинг ташқарисида хизматларни кўрсатишдан олинган даромадларга тақсимланганлигини тасдиқлаши керак. Бундай тақсимланиш мавжуд бўлмаганда, ҳам Ўзбекистонда, ҳам унинг ташқарисида хизматларни кўрсатишдан норезидентга тўланадиган даромаднинг бутун суммасига солиқ солиниши лозим.
Кўриб чиқилаётган ҳолатда норезидент хизматлар кўрсатиш бўйича импорт контракти доирасида хизматларни кўрсатишнинг ҳар бир босқичида ижрочи ташкилот мутахассисларининг Ўзбекистон ҳудудида бўлиши тартибини белгилаш, яъни аниқлаштириш лозим.
Норезидентнинг даромадларидан олинадиган фойда солиғи
Иккита вазиятни кўриб чиқамиз:
1) норезидент кўрсатадиган хизматлар ДМ ташкил этилишига олиб келмайди.
Бу ҳолда хорижий компаниядан ўз давлатининг солиқ резиденти эканлиги ҳақидаги ҳужжатни сўраб олишингиз керак . Даромадни тўлаш пайтига келиб қўлингизда ушбу ҳужжат бўлиши лозим. Акс ҳолда сизда тўлов манбаида 20% ставка бўйича даромадлардан солиқни ушлаб қолиш ва уни тўлаш санасидаги МБ курси бўйича бюджетга тўлаш мажбурияти юзага келади .
Норезидентларнинг даромадларидан солиқ агенти тўлов манбаида ушлаб қоладиган юридик шахсларнинг фойда солиғи ҳисоб-китоби даромадлар тўланган ойдан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай тегишли шаклда тақдим этилади . Фойда солиғи бўйича электрон ҳисобот таркибида у 10307_5 кодига эга Ҳисоб-китобдир;
2) норезидент кўрсатадиган хизматлар ДМ ташкил этилишига олиб келади.
Бу ҳолда норезидент ўз солиқ мажбуриятларини мустақил равишда бажаради.
Бундай вазиятда норезидентга даромад тўлашдан аввал ундан солиқ органи томонидан тасдиқланган, ДМ сифатида солиқ ҳисобига қўйилганлиги ҳақидаги маълумотномани сўраб олинг . Ушбу маълумотнома корхонангизга тўлов манбаида солиқни ушлаб қолмаслик имконини беради.
Унда ДМ ташкил этиладиган норезидент даромадни тўлаш пайтига келиб сизга бундай ҳужжатни тақдим этмаган бўлса, корхонангиз солиқни ушлаб қолиши шарт .
Маълумотнома тақдим этилгач, ушлаб қолинган солиқ суммаси ДМнинг солиқ мажбуриятларини қоплаш ҳисобига ҳисобга олинади . Ҳисобга олиш солиқ ушлаб қолинганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда амалга оширилади.
ҚҚС
Умумий қоидага кўра, башарти бундай хизматларнинг харидорлари Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга оширса ёки турса, унинг ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади . Ўзбекистон ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этиладиган аниқ ҳолатлар СК 241-м. 3-қисмида белгиланган.
Электрон шаклдаги хизматларни реализация қилиш жойи уларнинг харидори фаолиятни амалга ошираётган (турган) жойга қараб белгиланади. Бинобарин, Ўзбекистонда турган ёки фаолиятни амалга ошираётган шахслар томонидан сотиб олинган электрон хизматларга Ўзбекистонда ҚҚС солинади .
Саволда келтирилган хизматлар хусусиятидан келиб чиқилса, Ўзбекистон уларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Тегишинча, Россия компанияси Ўзбекистонда ДМ орқали фаолиятни амалга оширса, ушбу хизматлар бўйича ҚҚСни Ўзбекистон бюджетига тўлайди .
Норезидентнинг хизматлари ДМ ташкил этилишига олиб келмаса, ушбу ҚҚС кимнинг ҳисобидан тўланаётганини контрактда кўрсатган маъқул. Акс ҳолда ташкилотингиз уни ўз ҳисобидан тўлашига тўғри келади .