Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ҚҚС ва фойда солиғига ўтишда нимани албатта ҳисобга олиш керак
“Ўқув маркази абитуриентларни ОТМга ўқишга кириш учун тайёрлайди. Бир тайёрлов дастури 8 ой, бошқаси – 1 йил давом этади. Ташкилот 2022 йил август ойида очилган, 2022 йил 17 октябрдан бошлаб – лицензия олгандан кейин хизматлар кўрсатишни бошлади. 2023 йил 1 январдан бошлаб СКнинг 462-моддаси 7-қисмига асосан ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашга ўтамиз. Қуйидагиларни тушунтириб беришингизни сўраймиз: 1) 2022 ва 2023 йиллар учун умумбелгиланган солиқлар бўйича солиқ солиш тартиби; 2) бизнинг ташкилотимиз қандай солиқ имтиёзлари остига тушади ва ЭҲФ тақдим этишда ҳамда ҚҚС ва фойда солиғи бўйича ҳисоботларни жўнатишда улар қандай қўлланади; 3) биз СКнинг 59-моддаси, СКнинг 243-моддаси, СКнинг 337-моддасига асосан имтиёзни қўллашимиз мумкинми?”
Саволларга “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб берди:
– Корхона жами даромадининг ҳажмидан қатъи назар ихтиёрий равишда фойда солиғи ва ҚҚС тўлашга ўтишга ҳақли. Буни ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш учун ариза берилган ойдан кейинги ойнинг бошида амалга ошириш мумкин . Агар сиз ўтишдан олдинги даврда айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлган бўлсангиз, сиз учун ушбу солиқ бўйича мажбуриятлар сақланиб қолади (масалан, 2022 йилнинг декабрь ойи учун).
Ариза бериш учун my.soliq.uzдаги “ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш” интерактив хизматидан фойдаланинг. ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш учун аризани тўлдиринг ва ДСИга жўнатинг.
Ихтиёрий равишда ҚҚС ва фойда солиғи тўлашга ўтишда буни ҚҚС тўлашга ўтадиган ой бошланишига қадар 7 иш кунидан кечиктирмасдан амалга ошириш керак .
“Узоқ муддат кўрсатиладиган” хизматларни реализация қилишдан олинган даромад қандай аниқланади
Таълим хизматлари узоқ муддат кўрсатилишини ҳисобга олган ҳолда СКнинг 303-моддаси нормаларига риоя қилинг. Хусусан:
- агар тузилган контрактлар шартларида хизматларни босқичма-босқич топшириш назарда тутилмаган бўлса, узоқ технологик циклли ишлаб чиқариш (бир солиқ давридан ортиқ) бўйича уларни реализация қилишдан олинган даромад ҳисобга олиш маълумотлари асосида даромадни бир меъёрда эътироф этиш принципи инобатга олинган ҳолда тақсимланади;
- узоқ муддатли контрактни ҳисобот даврининг охирига келиб ҳақиқатда ижро этиш контрактни бажариш бошлангандан эътиборан қилинган харажатларнинг солиштирма миқдорини контрактни бажаришга доир харажатларнинг умумий суммасида ҳисоб-китоб қилиш асосида аниқланади;
- ҳисобот даврининг охиридаги даромад қилинган харажатларнинг ҳисоб-китоб қилинган солиштирма миқдори ва контракт бўйича даромаднинг (контракт нархлари) умумий суммасидан келиб чиқиб аниқланади. Мазкур контракт бўйича илгари ҳисобга олинган даромадлар жорий ҳисобот даврида хизматларни реализация қилишдан олинган даромадни аниқлаш чоғида чегириб ташланади.
Фойда солиғи
Таълимга оид хизматлар, шу жумладан тестлар ва имтиҳонлар ўтказишни ташкил этиш, бу – ижтимоий соҳадаги фаолият ҳисобланади .
Бунда юридик шахс, унинг бундай фаолиятдан олинган даромадлари текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадлар ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромадининг камида 90%ини ташкил этса, ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи шахс деб эътироф этилади.
Агар ташкилот ИФУТ коди бўйича ва лицензия шартларига биноан ижтимоий соҳага мансуб бўлса, у фойда солиғи бўйича ноль даражали ставкани қўллаши мумкин .
ҚҚС
Ўқитиш (таълим) соҳасидаги хизматларни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод қилинган . Бу ерда ташкилот my.soliq.uzдаги “Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат” хизмати орқали имтиёзни тасдиқлаши ва кейинчалик ЭҲФда ва ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботида ҚҚС бўйича имтиёзни автоматик тарзда қўллашдан фойдаланиши муҳимдир.
Агар сизда солиқ солинадиган айланмалар ва солиқ солишдан озод этилган айланмалар мавжуд бўлса, сиз СКнинг 268-моддасига мувофиқ алоҳида-алоҳида ҳисобни юритишингиз шарт .
ЖШДС ва ижтимоий солиқ
МҲФдан олинадиган солиқлар бўйича фаолият турлари бўйича ҳеч қандай преференциялар ва имтиёзлар назарда тутилмаган. Шу боис уларни СКнинг XIII ва XIV бўлимларига мувофиқ ҳисоблаб чиқаринг ва тўланг.
Ресурс солиқлари
Агар сизда кўчмас мулк мавжуд бўлса, мол-мулк солиғи , ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (СКнинг XVII бўлими) бўйича мажбуриятлар юзага келади.
Имтиёзлар
Мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқаришда солиқ базаси маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш (бундан туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари мустасно), жисмоний тарбия ва спорт, ижтимоий таъминот объектларининг ўртача йиллик қолдиқ қийматига (ўртача йиллик қийматига) камайтирилади .
Ер солиғи солинмайдиган ер участкалари жумласига маданият, таълим, соғлиқни сақлаш (бундан туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари банд қилган ерлар мустасно) ва ижтимоий таъминот объектлари эгаллаган ерлар киради .