2023 йилда фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлашда нимани эътиборга олиш керак

preview

Фойда солиғини тўловчилар кутилаётган фойда суммасидан келиб чиққан ҳолда фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлаш ҳуқуқига эга . Ушбу масала юзасидан 2023 йилда қандай жиҳатлар ҳисобга олиниши лозимлигини buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА тушунтириб берди:


Бўнак тўловлари қандай тўланади  

Фойда солиғини тўловчилар I чоракда бўнак тўловларини 2022 йилнинг IV чораги учун бўнак тўловлари суммасидан келиб чиққан ҳолда тўлайдилар. II–IV чоракларда эса аввалги чорак учун Ҳисоб-китоб бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасидан келиб чиқиб тўлайдилар . Бунда солиқ тўловчи бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаган тақдирда, бўнак тўловлари суммаси солиқ органи томонидан ҳисоблаб чиқарилади. Буни у чорак биринчи ойининг 15-санасидан кечиктирмай жорий чоракда кутилаётган фойда суммасидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириши мумкин.

Масалан, 2022 йил IV чоракда корхона ҳар ойда 25 млн сўм миқдорида бўнак тўловларини тўлаган. Бу 2023 йилнинг I чорагида ҳам у дастлабки ҳолатда бўнак тўловларини худди шундай миқдорда тўлаши кераклигини билдиради.

Бироқ, агар сиз фойданинг ошиши ёки камайишини кутаётган бўлсангиз, солиқ органларига I чорак учун бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишингиз мумкин. Сиздаги маълумотлар бўнак тўловларини тўлаш учун асос бўлади. Фақат қуйидагини ҳисобга олинг: кутилаётган фойда суммаси асоссиз камайтириб кўрсатилган тақдирда солиқ органлари солиқ тўловчи томонидан тақдим этиладиган солиқ бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотномага пеня ҳисоблаган ҳолда ўзгартиришлар киритишга ҳақли .

Бундай ҳолатда умумий қоида амал қилади: ҳисоб-китоб ўзгартирилган тақдирда (тўлиқ тўланмаган тўлов аниқланганда), пеня, агар СКда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган солиқни тўлаш кунидан кейинги кундан бошлаб солиқни тўлаш бўйича мажбуриятни бажариш кечиктирилган ҳар бир календарь кун учун автоматик тарзда ҳисобланади.

 

Маълумотнома қандай тақдим этилади

Маълумотнома чорак биринчи ойининг 15-санасидан кечиктирмай , яъни:

  • I чорак учун – 15 январь дам олиш кунига тўғри келганлигини ҳисобга олган ҳолда, 16 январдан кечиктирмай .
  • II чорак учун – 15 апрель дам олиш кунига тўғри келганлигини ҳисобга олган ҳолда, 17 апрелдан кечиктирмай;
  • III чорак учун – 15 июль дам олиш кунига тўғри келганлигини ҳисобга олган ҳолда, 17 июлдан кечиктирмай;
  • IV чорак учун – 15 октябрь дам олиш кунига тўғри келганлигини ҳисобга олган ҳолда, 16 октябрдан кечиктирмай тақдим этилади.

Сиз маълумотномани тақдим этсангиз, аввалги чорак якунлари бўйича бўнак тўловлари ҳисоблаб чиқарилмайди.

 

Фойда солиғини тўловчиларнинг ҳаммаси маълумотномани тақдим этиши лозимми

– Йўқ, ҳаммаси эмас.

Биринчидан, барча солиқ тўловчилар бўнак тўловларини тўловчилар ҳисобланмайди. Бўнак тўловларини фақат жами даромади 2022 йилдаги ёки 2023 йил мобайнида киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошадиган корхоналаргина тўлайдилар .

Жами даромади ҳажми 5 млрд сўмдан ошмайдиган корхоналар фойда солиғини ҳисоб-китобга асосан чорак якунлари бўйича тўлайдилар.

Иккинчидан, фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўловчилар учун маълумотномани тақдим этиш бу мажбурият эмас, балки ҳуқуқ ҳисобланади.

Агар сиз бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаган бўлсангиз, тўловларни аввалги чорак кўрсаткичлари бўйича тўланг. Мазкур ҳолатда сизнинг ҳар ойлик бўнак тўловингиз солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилади.

Бўнак тўловларини (маълумотнома ёки аввалги чорак якунлари бўйича) тўлаш  – ҳар ойнинг 23-санасидан кечиктирмай амалга оширилиши керак.

Эътибор беринг
Қарзни ундириш чораларига ўзгартиришлар киритилмади. Агар солиқ тўловчида сўндирилмаган солиқ қарзи мавжуд бўлса, солиқ органи унга солиқларни тўлаш муддати ўтганидан кейин 3 кундан кечиктирмай солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома юборади .

 

Бўнак тўловларини тўловчи маълумотномани ўз вақтида тақдим этмаган, фойда эса камайган бўлса, нима қилиш керак

Мазкур ҳолатда сиз бўнак тўловларини 2022 йилнинг IV чораги натижалари бўйича тўлайсиз.

I чорак якунлари бўйича Ҳисоб-китобда фойданинг ҳақиқий суммасини кўрсатинг. Агар у прогноз қилинганидан кам бўлса, бўнак тўловлари ҳисоб-китобдаги солиқ суммасидан ортиқ бўлади. Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига кўра :

  • фойда солиғи ёки бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши;
  • тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин.

II чоракда бўнак тўловлари суммаси I чорак якунлари бўйича ёки маълумотномага асосан аниқланади, маълумотномани сиз 15 апрелдан кечиктирмай (15 апрель дам олиш кунига тўғри келганлиги сабабли 17 апрелдан кечиктирмай) тақдим этасиз.

 

“Ноль” кўрсаткичли бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш мумкинми

Ҳисобот давридаги солиқ солинадиган фойда суммаси нолга тенглигига ишончингиз комил бўлса, мумкин.

Бироқ шуни ҳисобга олишингиз лозимки, солиқ органлари тақдим этиладиган фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотномага ўзгартиришлар киритишга ҳақли . Шу боис сизга берилган ҳуқуқни суиистеъмол қилманг.

 

2022 йил якунлари бўйича зарар кўрилган бўлса, 2023 йилда бўнак тўловларини тўлаш керакми?

– Ҳа, агар 2022 йилда жами даромад ҳажми 5 млрд сўмдан ошган бўлса, тўлаш керак. Мазкур ҳолатда 2023 йилда сиз фойда солиғи бўйича бўнак тўловларининг тўловчиси бўласиз.

Бунда I чоракда сиз бўнак тўловларини 2022 йил IV чорак даражасида тўлашингиз керак. IV чоракда бўнак тўловлари нолга тенг бўлган тақдирда, 2023 йил I чоракда ҳам улар тўланмайди.

II чоракдан бошлаб сиз бўнак тўловларини аввалги чорак натижалари бўйича ёки бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномага асосан тўлайсиз.

Эътибор беринг
2023 йилги фойдани 2022 йилда кўрилган зарар суммасига сиз фақат 2023 йил якунлари бўйича камайтиришга ҳақлисиз .