Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қўшимча ҳисоблашлар Солиқ кодекси тўғри таржима қилинганлигига боғлиқ бўлиши керакми
Ўзбек тилидаги СКнинг 299-моддаси мазмуни унинг рус тилидаги таҳриридан фарқ қилади. Бу айрим текширувчилар рус тилидаги Кодекс билан ишлаётган корхоналарга мунтазам қўшимча фойда солиғи ҳисоблашга уринишларига олиб келмоқда.
Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА СКнинг 13-моддасига мувофиқ қўшимча ҳисоблашлар учун асослар йўқ, ҳуқуқий зиддиятларни эса имкон қадар тезроқ бартараф этиш лозим, деб ҳисоблайди:
СКнинг 299-моддаси “Безвозмездно полученное имущество”/“Текин олинган мол-мулк (хизматлар)” мол-мулкни тақдим этиш эмас, балки уни қарзга олиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Модданинг номидан келиб чиқилса, унда қарз берувчининг эмас, балки қарз олувчининг даромади аниқланади.
Рус тилидаги Солиқ кодекси матнига нисбатан эътирозлар йўқ, унда ҳаммаси тўғри. Кўриб чиқилаётган модданинг матнида гап айнан қарз олувчининг даромади ҳақида бормоқда .
Бироқ ўзбек тилидаги СКнинг 299-моддаси 4-қисмининг иккинчи жумласида матнни теришда хатога йўл қўйилган - “Қарз олувчи” ўрнига хато тарзда “Қарз берувчи” (кредитор) деб ёзилган.
Ушбу нормани СКнинг 297-моддаси нормаси билан солиштирган ҳолда айнан ўзбек тилидаги матнни теришда хатога йўл қўйилганлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Унда ўзбек тилида ва рус тилида: “...ушбу Кодекснинг 299-моддасига мувофиқ текин олинган мол-мулк (олинган хизматлар)” дейилган.
Солиқ кодексининг олдинги таҳририда ҳам мазмуни бўйича шунга ўхшаш модда бўлган - 2007 йил таҳриридаги СКнинг 135-моддаси. Унда ўзбек тилидаги ва рус тилидаги матнларда тафовут бўлмаганди.
Хатоларнинг оқибатлари
Ушбу зиддият текширувларга мораторий якунлангандан сўнг - солиқ текширувлари бошланиши билан деярли дарҳол юзага чиқди.
Афсуски, бугунги кунда текширувчилар орасида кодексни фақат ўзбек тилида сўзма-сўз ўқийдиган мутахассислар кўп. Бунда улар матндаги яққол камчиликларни сезишмайди, нега бундай бўлди, деб савол беришмайди. Нима учун хануз ушбу номувофиқлик бартараф этилмаганлигини мен фақат шундай тушунтиришим мумкин.
Тадбиркорлар ва солиқ маслаҳатчилари, қоидага кўра, кодекснинг иккала вариантини ўқишади, айниқса - ноаниқ жиҳатлар бўлса.
Кўп корхоналар рус тилида ёзилганига амал қилишган, сабаби бу кўп йиллик амалиётга мувофиқ келади, мантиқли ҳамда моҳияти ва мазмуни бўйича СКнинг бошқа нормалари билан тафовут қилмайди.
Мен амалиётда солиқчилар “ўзбек тилидаги Солиқ кодекси - асосий” деб туриб олиб, қўшимча ҳисоблашларни юклашга уринадиган вазиятларга дуч келганман.
Қонун чиқарувчи ушбу низоларга нуқта қўйиши керак. Зиддиятларни бартараф этиш лозим, СКнинг ўзбек ва рус тилларидаги матнларида ягона маъно бўлиши керак.
Масала очиқ қолганда қандай ишлаш лозим
Ҳамма СКнинг 13-моддасига амал қилиши керак, деб ҳисоблайман. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади.
Зиддиятлар бартараф этиладиган вақтда Молия вазирлиги ва ДСҚнинг қўшма тушунтириши олинса, айни муддао бўларди.
Таъкидлайман: мен солиқ аудити инспекторларининг СКнинг 299-моддаси матнини турлича талқин қилиш асосида қўшимча фойда солиғи ҳисоблаш қисмида позицияларини мутлақо асослантирилмаган ва нотўғри деб ҳисоблайман:
- берилган молиявий қарзлар бўйича;
- савдо шохобчалари учун бинони текин фойдаланишга беришни назарда тутувчи операциялар (битимлар) бўйича.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади