Футбол ҳомийлари учун фойда солиғи бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми

preview

“Корхона раҳбарияти футбол клубига ҳомийлик ёрдамини тақдим этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Кейинчалик ёрдам суммасига фойда солиғи бўйича солиқ солиш базасини камайтириш мумкинми?

Бундай имконият 16.03.2018 йилдаги ПҚ-3610-сон қарорнинг 11-бандида назарда тутилган. Аммо СКнинг 483-моддасига қўшимчалар киритаётган 18.07.2023 йилдаги ЎРҚ-857-сон Қонунда эса – бу мавжуд эмас”. 

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди.

 

Солиқ маслаҳатчиларининг тушунтиришлари билан тезкор тарзда танишиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Бошланишига Президентнинг 16.03.2018 йилдаги ПҚ-3610-сон қарори билан тақдим этилган имтиёзларнинг мақомини аниқлаштириб бераман.

2020 йилнинг 1 январигача қабул қилинган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, шу жумладан Президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади .

ПҚ-3610-сон қарорда иккита банд солиқ имтиёзларига бағишланган. Булар 10 ва 11-бандлар.

 

10-бандда назарда тутилган имтиёзларга нисбатан уларнинг амал қилиш муддати – 2023 йил 1 январга қадар деб белгиланган. 18.07.2023 йилдаги ЎРҚ-857-сон Қонун ушбу имтиёзларнинг амал қилиш муддатини 2026 йил 1 январга қадар узайтиради (сабаби имтиёзлар ўхшаш) ва уларни СКнинг 483-моддасида вақтинчалик имтиёзлар рўйхатига киритади.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клублари яқин 3 йилда қуйидагиларни тўлашдан озод қилиниши маълум бўлади:

  • барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно);
  • ўзи жалб қилган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган ЖШДСни;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, ЎзРда ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари, трансляция қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, инвентарь ва техника, фармакология товарлари, спорт озиқ-овқатлари, футбол (футзал) майдонлари учун сунъий ўтлар, шокпад, гранулалар, махсус елимлар ва махсус профессионал спорт кийим-бошлари, транспорт воситалари, шу жумладан махсус транспорт воситалари учун ҚҚСни.

 

Сўнгра Президентнинг 16.03.2018 йилдаги ПҚ-3610-сон қарорининг 11-банди бўйича имтиёзлар ҳақида.

18.07.2023 йилдаги ЎРҚ-857-сон Қонунда кўрсатиб ўтилган имтиёзлар орасида ҳомийга Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клублари фаолиятини молиялаштиришга йўналтириладиган ҳомийлик ёки хайрия ёрдами суммасига фойда солиғи бўйича  солиқ солиш базасини камайтириш имконини берадиган имконият мавжуд эмас. Улар орасида ПҚ-3610-сон қарорнинг 11-бандида назарда тутилган бошқа имтиёзлар ҳам мавжуд эмас.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтаманки, мазкур имтиёзлар Солиқ кодексининг ҳеч бир моддасида назарда тутилмаган.

 

Эслатиб ўтамиз
СКнинг 75-моддасига мувофиқ солиқ имтиёзлари Солиқ кодекси билан тақдим этилади, бундан ЎзР Президентининг қарорлари билан тақдим этиладиган имтиёзлар мустасно. Президент томонидан айрим солиқлар бўйича солиқ имтиёзлари, ҚҚС, акциз солиғи солинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилганда ва (ёки) реализация қилинганда акциз солиғи ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан ва фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғидан ташқари, фақат белгиланган солиқ ставкасини камайтириш, лекин кўпи билан 50%га камайтириш тарзида ва кўпи билан 3 йил муддатга берилиши мумкин.

 

ПҚ-3610-сон қарорнинг 11-бандида назарда тутилган имтиёзларни қўллаш билан боғлиқ муаммолар 2020 йилда Солиқ кодексининг амалдаги таҳририни амалга киритиш билан бошланган. Солиқ органлари ушбу имтиёзларни, СКнинг 3-моддасига мувофиқ улар Солиқ кодексига мувофиқ келмаслигини важ қилиб, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб қўллашга имкон беришмаяпти.

Солиқчилар 30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 4-моддасига ҳавола беришади, унда 2020 йилнинг 1 январигача қабул қилинган имтиёзларни белгиланган амал қилиш муддати тугагунига қадар қўллаш мумкинлиги айтилган (ҳавола вақтинчалик имтиёзларга, доимий имтиёзларга эмас). Ушбу нормадан келиб чиқиб, ПҚ-3610-сон қарорнинг 11-бандининг қўлланилиши (мазкур қарор де-юре ўз кучини йўқотмаганлигига қарамай) мақсадга мувофиқ эмас, сабаби унда амал қилинишига нисбатан вақтинча чеклов йўқ.

Солиқчилар ўз ҳаракатларини тушунтирган ҳолда, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 46-моддасига ҳавола беришади. Илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан зарур ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади ҳамда илгари қабул қилинган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари, агар улар янги ҳуқуқий нормаларга зид бўлса ёхуд янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тўлалигича қамраб олинган бўлса, ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим. ПҚ-3610-сон қарорнинг 11-банди билан боғлиқ ҳолатда бундай чоралар ваколатли органлар томонидан қабул қилинмаган.

 

Хулоса

20.04.2021 йилдаги ЎРҚ-682-сон Қонуннинг 46-моддасига мувофиқ 16.03.2018 йилдаги ПҚ-3610-сон қарорнинг 11-бандида назарда тутилган имтиёзлар тўғридан-тўғри Солиқ кодексининг амалдаги таҳририда ёзилган тақдирда уларни қўллаш мумкин бўларди. У ерда улар мавжуд эмас.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

 


Имтиёзлар Имтиёзлар Имтиёзлар /uz/publish/doc/text191931_futbol_homiylari_uchun_foyda_soligi_buyicha_imtiezni_qullash_mumkinmi