Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қайси экспортчилар 2022 йил 1 ноябрдан кейин имтиёзларга эга бўладилар
30 сентябрь куни Президент «Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-228-сон Фармонни имзолади. Ҳужжатда имтиёзларга эга бўладиган экспортчи корхоналарни саралаб олиш мезонлари, ушбу имтиёзлар рўйхати ва қўллаб-қувватлаш дастурини жорий этиш босқичлари белгиланган.
1. «Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти» дастурини амалга ошириш босқичлари
Дастур уч босқичда амалга оширилади:
- 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб 50 та корхона қўшимча қўллаб-қувватланади;
- 2023 йил 1 январдан бошлаб уларнинг сони 100 тага етади;
- 2023 йил 1 июлдан бошлаб – умуман олганда 200 та экспортчи корхона имтиёзлар билан қамраб олинади.
Имтиёзга эга бўладиган корхоналар рейтинги муайян мезонлар бўйича Экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш ягона порталида – www.exportportali.uz автоматик режимда белгиланади.
2. Иштирокчилар учун мезонлар
Дастурда иштирок этиш учун номзод экспортчи қуйидаги мезонларга мувофиқ келиши керак:
1) юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган ва камида сўнгги 2 йил давомида фаолият юритаётган бўлиши;
2) охирги 12 ой мобайнида экспорт қилинган тайёр маҳсулот суммаси 1 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлиши;
3) умумий тушум ҳажмида экспортдан тушум улуши 30%дан юқори бўлиши;
4) экспортга чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар тури 2 тадан ортиқ бўлиши;
5) охирги 12 ой мобайнида экспорт географияси, қўшни давлатларни инобатга олмаган ҳолда, 2 та мамлакатдан ортиқ бўлиши;
6) охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмида муддати ўтган дебитор қарздорликнинг улуши 5%дан кам бўлиши.
3. Иштирокчилар учун имтиёзлар
Дастурга киритилган экспортчи корхоналар экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун субсидиялар олишлари мумкин:
- 1 млн АҚШ долларигача – экспорт ҳажми 1 млн АҚШ долларидан 5 млн АҚШ долларигача бўлганда;
- 2 млн АҚШ долларигача – экспорт ҳажми 5 млн АҚШ долларидан 10 млн АҚШ долларигача бўлганда;
- 3 млн АҚШ долларигача – экспорт ҳажми 10 млн АҚШ долларидан 15 млн АҚШ долларигача бўлганда;
- 4 млн АҚШ долларигача – экспорт ҳажми 15 млн АҚШ долларидан 20 млн АҚШ долларигача бўлганда;
- 5 млн АҚШ долларигача – экспорт ҳажми 20 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлганда;
- 30 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда – битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиш учун.
4. Барча экспортчилар учун имтиёзлар
2022 йил 1 ноябрдан бошлаб барча экспортчиларни, Дастурга киритилишидан қатъи назар, қуйидаги янгиликлар кутмоқда:
- бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5%идан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланилмайди;
- экспорт қилувчи ташкилотларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги имтиёзлар товарларни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланилади;
- қовун, канакунжут, хантал ва махсар уруғлари экспортига рухсат берилади.
5. Ташкилотингиз товарларни экспорт қилиш билан шуғулланса, қуйидаги тавсиялар сизга фойдали бўлиши мумкин:
- Товарларни экспорт қилганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади;
- Экспорт операциялари қандай ўтказилади;
- Экспорт операциялари қандай ҳисобга олинади.
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади.