Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
2023 йилда ЖШДС ва ижтимоий солиқни қандай тўлаймиз
2023 йил учун ЖШДС ва ижтимоий солиқ қисмида асосий ўзгартиришлар имтиёзлар ва йиллик ҳисоб-китобни топшириш муддатларига тааллуқли:
Нима сақлаб қолинади:
Қуйидагилар сақлаб қолинади:
- солиқ ставкалари;
- солиқларни ҳисоб-китоб қилиш, жумладан ШЖБПҲга 0,1% ўтказиш.
Ипотека бўйича имтиёз суммаси оширилмоқда
Жисмоний шахслар томонидан ипотека кредитларини сўндиришга йўналтириладиган даромадлар бўйича –ЖШДС бўйича солиқ солинмайдиган даромад суммаси 15 млн сўмдан МҲЭКМнинг 80 бараваригача (ёки 73,6 млн сўм) оширилди. Бунда турар жой қиймати –300 млн сўмдан ортиқ бўлмаслиги бўйича талаб бекор қилинмоқда.
Ҳаётини узоқ муддатга суғурталаш бўйича имтиёз бекор қилинмоқда
2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб ҳаётини узоқ муддатга суғурталаш ҳақини тўлашга йўналтириладиган жисмоний шахсларнинг даромадлари қисмида ЖШДС бўйича имтиёз бекор қилинмоқда.
Якка тартибдаги тадбиркорлар учун ЖШДС ставкалари индексация қилинмоқда
Қатъий белгиланган миқдорларда солиқни тўловчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ ставкалари 10%га индексация қилинмоқда.
Масалан, Тошкент шаҳрида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари чакана савдоси билан шуғулланадиган ЯТТ 2023 йилда ойига 825 000 сўм (2022 йилдагига нисбатан 750 000 сўм) тўлайди.
Йиллик ҳисоб-китобни топшириш муддати ўзгартирилди
Энди ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича йиллик ҳисоб-китобни кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай тақдим этиш зарур (илгари – йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатида).
2022 йил якунларига кўра йиллик ҳисоб-китобни солиқ тўловчилар 2023 йилнинг 15 февралидан кечиктирмай тақдим этадилар.
Жисмоний шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкалари индексация қилинди
ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш мақсадида жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари 10%га индексация қилинди.