Эстрада ижрочиларига солиқ солишда нима ўзгаради

preview

Президент томонидан 13 июль куни “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Ҳужжат ушбу тоифадаги солиқ тўловчиларни босқичма-босқич қатъий белгиланган миқдорда ва даромадлар тўғрисида декларация асосида ЖШДС тўлашга ўтказишни назарда тутади.

 

Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг рейтинг гуруҳлари (тоифалари) 6 тадан 3 тага қисқартирилди:

  • III рейтинг гуруҳи – 2 ва ундан кўп ижрочилари иштирокида турли тадбирларда қатнашиш;
  • II рейтинг гуруҳи –2 ва ундан кўп ижрочилари иштирокида турли тадбирларда қатнашиш, ОАВда аудио ва видеоматериалларни тақдим этиш, биттадан кўп жанр тақдим этилган концертларда иштирок этиш;
  • I рейтинг гуруҳи – 2 ва ундан кўп ижрочилари иштирокида турли тадбирлардаа қатнашиш, ОАВда аудио ва видеоматериалларни тақдим этиш, биттадан кўп жанр тақдим этилган концертларда иштирок этиш, хорижда яккахон концертлар бериш.

 Давлат божи ставкаси ижрочи кимга ва қайси гуруҳга мансублигига боғлиқ.

 

Лицензия асосида давлат божи

Концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи жисмоний шахсларга 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат божининг қатъий белгиланган миқдорда қуйидаги ставкалари белгиланади:

  • I рейтинг гуруҳи учун - БҲМнинг 20 баравари миқдорида;
  • II рейтинг гуруҳи учун - БҲМнинг 10 баравари миқдорида;
  • III рейтинг гуруҳи учун - БҲМнинг 3 баравари миқдорида.

Қуйидагилар давлат божини тўлашдан озод этилади:

  • пенсионерлар;
  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • талабалар – ўқиш муддати давомида.

Юридик шахс мақомига эга ижодий жамоалар давлат божини лицензия олишда тўлайди. Агар улар параллел равишда мустақил ижрочи сифатида қатнашмасалар, бундай жамоа аъзолари давлат божини тўлашлари керак эмас. Агарда бутун жамоа давлат божини тўлашдан озод қилинган шахслардан таркиб топган бўлса, мазкур юридик шахс божни тўламайди.

 

ЖШДС

Концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи жисмоний шахслар ЖШДСни қатъий белгиланган миқдорда ёки декларация асосида тўлашни танлаши мумкин. Бироқ ўтиш босқичма-босқич амалга оширилади:

Хонандалар ЖШДСни декларация асосида тўлаш ҳуқуқига 2024 йил 1 январдан бошлаб, қолган барча ижрочилар – 2026 йил 1 январдан бошлаб эга бўлишади. Бунда қуйидагилар солиқ солинадиган базадан чегириб ташланади:

  • йиллик умумий даромаднинг 30%и миқдоридаги харажатлар тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмаган ҳолда;
  • тасдиқланган харажатлар суммаси умумий даромаднинг 30%идан ошган тақдирда қўшимча равишда ушбу даромаднинг 10%и миқдори чегирилади;
  • давлат божи ва ижтимоий солиқ.

Қатъий белгиланган миқдордаги солиқ тўлашни танлаган ижрочилар ЖШДСни бир йилда 1 марта қуйидаги миқдорларда тўлайди:

  • I рейтинг гуруҳи – 2,7 млн сўм миқдорида;
  • II рейтинг гуруҳи – 1,8 млн сўм миқдорида;
  • III рейтинг гуруҳи – 1 млн сўм миқдорида.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади


ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /uz/publish/doc/text182899_estrada_ijrochilariga_soliq_solishda_nima_uzgaradi