Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ижтимоий солиқ бўйича имтиёз қандай қўлланилади (ПФ-53-сон Фармон)
2022 йил 1 февралдан бошлаб бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилувчилар ижтимоий солиқни 1% миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш ҳуқуқига эга.
Бу ҳолда уни ҳисоб-китоб қилиш тартиби қандай ва қайси давр учун экспорт улуши маҳсулотларнинг камида 80%ини ташкил қилиши керак - муайян ой учунми ёки йил бошидан? Буни Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ тушунтирди:
– 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар ижтимоий солиқни 1% миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш ҳуқуқига эга . Бундай маҳсулотларни реализация қилишдан (шу жумладан - комиссионер ёки ишончли вакил орқали) тушган умумий тушумда экспорт улуши камида 80%ни ташкил қилиши керак.
Ижтимоий солиқ бўйича солиқ базаси - бу корхонанинг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича харажатлари .
Агар умумий тушумда экспорт улуши бўйича шартларга риоя қилинган бўлса, ижтимоий солиқни 1% ставкага кўпайтириш билан ҳисоблаб чиқарилади.
Имтиёз 2022 йил 1 февралдан берилганига қарамай, кўрсатилган товарларни реализация қилишдаги умумий тушумда экспорт улуши ҳисобот йили бошидан ўсиб борувчи якун билан аниқланади.
Масалан, агар:
- ҳисобот йилининг январь-февраль даври учун умумий тушумда экспорт улуши 80%га етган бўлса, корхона февраль ойи учун ижтимоий солиқни 1% ставка бўйича ҳисоблаб чиқаришга ҳақли;
- шу йилнинг январь-март даври учун экспорт улуши 80%дан кам бўлса, февраль-март учун солиқ суммасини 12% ставка бўйича қайта ҳисоблаш зарур.