Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Иш ҳақи бўйича бўнак тўлаш чоғида ЖШДС тўлаши лозимми
Янги таҳрирдаги СК қабул қилиниши муносабати билан айрим банклар иш ҳақи бўйича бўнак тўлаш билан бир вақтда ЖШДС тўлашни талаб қила бошлади. Бундай талаб қонунийлиги юзасидан саволга Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ жавоб беради.
- СКнинг 367-моддаси иккинчи қисмига асосан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромад олинганда, бундай даромаднинг олинган санаси деб, солиқ тўловчига меҳнат шартномаси (контракти) асосида меҳнат мажбуриятларини бажарганлиги учун, унга даромадлар ҳисобланган ойнинг охирги куни эътироф этилади.
СКнинг 390-моддасига асосан тўлов манбаида ҳисоблаб чиқарилган ЖШДС суммаси солиқ тўловчига даромадларни тўлаш билан бир вақтда, лекин солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай солиқ агенти томонидан тўланади.
Шундан келиб чиқиб, ойнинг биринчи ярми учун бўнак олиш чоғида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланмайди.
Мисол.
“Мунисахон” ХК:
- 15 январда – ойнинг биринчи ярми учун иш ҳақи бўйича бўнак олиш учун;
- 5 февралда – январь ойи учун ҳисобланган қолган иш ҳақини олиш учун ҳужжатларни тақдим этди.
Ушбу вазиятда январь ойи учун ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромад бўйича ЖШДСни корхона меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадни тўлаш чоғида, яъни – 5 февраль куни тўлайди. Бунда, агар қандайдир сабабга кўра январь ойида ҳисобланган даромадлар бўйича ЖШДС 5 февралда, яъни – даромадни тўлаш чоғида тўланмаган бўлса, уни тўлашнинг сўнгги муддати 15 февраль – ҳисобот топширишнинг сўнгги муддати бўлади.