Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
СКга тузатишлар: ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича нималар ўзгарди
ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ тўловчилар тоифалари, солиқ ставкалари ва ҳисоблаб чиқариш, ШЖБПҲга 0,1% миқдорида ўтказиш тартиби, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатлари сақлаб қолинди. Ўзгартиришлар имтиёзларга дахл қилди:
Қуйидагилар ҳисобига солиқ солинмайдиган даромадлар рўйхати кенгайтирилмоқда (ўзгартиришлар СКнинг 378-моддасига киритилди):
- ёш оила бўлган эр-хотиннинг олган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлашга йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари. Мазкур имтиёз эр-хотин ёки улардан бири белгиланган ёшга тўлгунига қадар, СКда белгиланишича квартираларнинг қиймати ва бюджетдан ажратилган субсидиялар бўйича кўрсатилган шартлар инобатга олинмаган ҳолда қўлланилади;
- солиқ тўловчининг профессионал ва олий таълим ташкилотларида ўқиш учун тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитларига (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари;
- солиқ тўловчининг уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлари;
- солиқ тўловчининг солиқ даври давомида халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини, қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига тўловларни тўлаш учун йўналтириладиган, БҲМнинг 8 бараваригача бўлган миқдордаги иш ҳақи суммалари ва бошқа даромадлари.
Ижтимоий солиқ қисмида шуни қайд этамизки, "Ҳунарманд" уюшмасининг аъзоси бўлган ҳунармандчилик фаолияти субъектлари ижтимоий солиқни ойига тўлашдан йилига - БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлашга ўтадилар.
Эътибор беринг
Республика туманларида (бундан Тошкент шаҳри мустасно) фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар БҲМнинг 50%и миқдорида белгиланади.