Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
2020 йил учун мол-мулк солиғи ҳисоб-китобида имтиёз қандай акс эттирилади
Алоҳида мол-мулк солиғи тўловчилар 2020 йилда пандемия даврида бизнесни қўллаб-қувватлаш чоралари сифатида тақдим этилган мол-мулк солиғи бўйича имтиёздан фойдаланишди. Уларнинг баъзиларида ушбу имтиёзни ҳисоботда акс эттириш бўйича мураккабликлар юзага келди. Буни қандай тўғри амалга ошириш лозимлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Иродахон АББОСХОНОВА гапириб берди:
– 2020 йил 1 июндан 31 декабга қадар қуйидагилар мол-мулк солиғи тўлашдан озод этилганди:
- кичик тадбиркорлик субъектлари;
- бозорлар ва савдо комплекслари;
- кинотеатрлар;
- умумий овқатланиш корхоналари;
- жамоат транспорти корхоналари;
- спорт-соғломлаштириш муассасалари;
- йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар .
Ушбу имтиёзни қўлланилишини шартли мисолда кўриб чиқамиз.
Фараз қилайлик, кичик бизнес корхонаси балансида 2019 йилда фойдаланишга киритилган битта бинога эга. Бошланғич қиймати - 10 млрд сўм. Амортизация нормаси - 3%. 01.01.2020 йил ҳолати бўйича қайта баҳолаш ўтказилмаган.
1-қадам: 2020 йил 1 июндан 31 декабргача бўлган давр учун ўртача йиллик қолдиқ қийматини аниқлаймиз. Қулай бўлиши учун дастлаб Ҳисоб-китобга 1-иловани фақат имтиёзли давр учун (январь–май учун маълумотларсиз) тўлдирамиз.
2-қадам: олинган қийматни имтиёз учун асосни танлаган ҳолда Ҳисоб-китобга 3-илованинг 0301-сатрида кўрсатамиз.
3-қадам: Ҳисоб-китобга 1-иловага қайтамиз ва 2020 йил январь–май учун маълумотларни тўлдирамиз.
4-қадам: Ҳисоб-китобга ўтамиз: 0101 ва 0201-сатрларни иловалардан келиб чиқиб тўлдирамиз, 060-сатрда эса 2% солиқ ставкасини кўрсатамиз. 170-сатрда бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини оламиз. 180-сатрда бўнак тўловларини кўрсатган ҳолда, қўшимча тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини (190-сатр) ёки камайтирилиши лозим бўлган солиқ суммасини оламиз (200-сатр).
Туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар, "Uzbekistan Airways" АЖ ва унинг таркибий бўлинмалари, "Uzbekistan Airports" АЖ ва "Ўзаэронавигация маркази" ДУКга тақдим этилган мол-мулк солиғи бўйича имтиёзни шунга ўхшаш тарзда аниқлаш ва солиқ ҳисоботида акс эттириш лозим - бироқ - 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар бўлган давр учун.