Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қурилиши тугалланмаган объектга мол-мулк солиғининг қайси ставкаси қўлланилади
«АВ объектини реконструкция қилиш учун рухсатнома олинган пайтдан бошлаб 24 ой ўтди, бироқ у ҳали давом этмоқда. Лойиҳа-смета ҳужжатларида реконструкция қилиш муддати қайд этилмаган. Реконструкция қилиш учун рухсатнома олингандан кейин 24 ой ўтгач, ушбу объект бўйича қандай ставкада мол-мулк солиғи солинади? Бино қайси пайтдан бошлаб қурилиши тугалланмаган объект деб ҳисобланади?»
Ушбу саволларга buxgalter.uz илтимосига кўра ДСҚ Солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВ жавоб берди:
– Кўчмас мулк, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектлар мол-мулк солиғи солиш объекти ҳисобланади .
2022 йил 1 июлдан бошлаб қурилиши тугалланмаган объектларга нисбатан оширилган ставкалар бекор қилинган . Ушбу бекор қилиш:
- фақат СК 415-м. 3-қисмида келтирилган мол-мулк объектларига (оширилган солиқ ставкаларини белгилаш йўли билан таъсир чораларини қўллаш) нисбатан татбиқ этилади;
- СК 415-м. 2-қисмига, айнан – солиқ ставкаси 3% миқдорида белгиланган, қурилиши норматив муддатда тугалланмаган объектларга тааллуқли эмас. Сабаби бундай объектлар учун фоиз ставкаси «таъсирчан солиқ механизми» таъсир чораси ҳисобланмайди.
ПФ-162-сон Фармонда оширилган ставкалар бекор қилинадиган аниқ сана (01.07.2022 й.) кўрсатилган. Ушбу санагача мол-мулк солиғини тўғри ҳисоблаш учун қуйидаги ҳолларда қурилиши тугалланмаган объектлар солиқ базасига киритилмаслигини инобатга олинг :
- ҳақиқатда қурилиш муддати лойиҳа-смета ҳужжатларида (ЛСҲ) белгиланган норматив муддатдан ошмаса;
ёки
- ЛСҲда қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, ҳақиқатда қурилиш муддати қурилиш ёки реконструкция қилиш учун рухсатнома олинган ойдан эътиборан 24 ойдан ошмаса.
Шу тариқа, 01.07.2022 йилгача реконструкция қилиш учун рухсатнома олинган ойдан эътиборан 24 ой ўтиб кетган бўлса, қурилиши тугалланмаган объект мол-мулк солиғи бўйича солиқ базасига киритилади ва унга 3% ставкада солиқ солинади.