Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Бухгалтер мобиль тўлов иловалари орқали тушган тушумлар билан нима қилсин?
ДСҚ тўлов тизимлари (Paynet, PayMe, Click ва бошқа мобиль иловалари) орқали тўловларни амалга оширишда онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг чекини уришини талаб қилади. Бу ҳолда у қайси босқичда шакллантирилган бўлиши керак? Тўлов тизими чекида онлайн-НКМ ва виртуал кассаларини чеклари учун мажбурий реквизитлар қайд этилиши керакми?
Buxgalter.uz ДСҚда тушунтириш олди, аммо баъзи масалалар ҳали ҳам қайта ишлаб чиқилишни талаб қилади:
ДСҚ Солиқ солиш бўйича маслаҳат бошқармаси бош солиқ инспектори Беҳзод БОТИРАЛИЕВ:
– Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ , сотувчи ва харидор ўртасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш факти касса чеки билан тасдиқланади. Харидордан тўлов тушган пайтда сотувчи касса чекини шакллантириши шарт.
Қонун хужжатларида фақат онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг чеклари учун мажбурий реквизитлар белгиланган . Тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассага эга бўлишлари ва ундан барча тушумлар, шу жумладан тўлов тизимлари орқали олинадиган тушумлар ҳам ўтказилиши лозим. Тўлов тизимларининг чекларига онлайн-НКТ чеклари учун мажбурий реквизитларни ўз ичига олиш талаби қўйилмайди.
Беҳзод БОТИРАЛИЕВНИНГ тушунтиришлари ДСҚнинг илгари эълон қилинган позициясини тўлдирди. У билан бу ерда ва бу ерда танишиш мумкин. Бироқ, тушунарсиз саволлар қолмоқда:
- Мисол учун, харидор кечаси соат бирда уйда диванда ётган холатда уяли алоқа иловаси орқали кабель телевидениеси хизматлари учун ҳақ тўлаганда, ким чек уриб беради?
- Сотувчи тўлов тизимлари (мобиль иловалар) орқали тўловларни амалга ошириш пайтида қандай қилиб чекни уриши мумкин? Қоида тариқасида, банк ҳисоб рақамига мобиль илова бўйича келиб тушган тўловларнинг суммасини белгиланган даврийлик билан, алоҳида тўловларга бўлинмасдан туширади. Ахир, онлайн-НКМ чекининг мажбурий реквизити товар номи ҳисобланади.
- Ва яна бир савол – солиқлар билан боғлиқ бўлмасада, жуда жиддий: “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, тўлов тўланганда харидорга НКМ ёки товар чеки берилади. Тўлов тизимидан олинган ҳужжатни, агар у онлайн-НКМ ва виртуал кассалар талабларига мувофиқ бўлмаса, уларга тенглаштириш мумкинми? Президентнинг 14.05.2018 йилдаги ПҚ-3724-сон “Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ виртуал терминаллар (E-POS) шу турдаги назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларига тенглаштирилади. Моҳиятан олганда, тўлов иловаси бу аслида вертуал терминалдир. Унда, уларнинг чеклари 23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга 1-илованинг 7-банди талабларга жавоб бериши керак.
Бироқ, солиқ ҳисоботи ва солиқ маъмурчилигига қайтамиз. Бизнес мобиль иловалар ва ўзига ўзи хизмат кўрсатиш устуни орқали мижозлар билан ҳисоб-китоблардан воз кечмоқчи эмас, чунки бу тадбиркорлар ва мижозларга қўшимча қулайликлар яратмоқда. Шу билан бирга, тадбиркорлар ДСҚнинг тавсияларига қатъий риоя қилганда юзага келадиган қийинчиликларни ҳал қилишнинг қонуний йўлини топдилар. СКнинг 47-моддасига мувофиқ касса чеки ва ҳисобварақ-фактура - ўзаро бир-бирининг ўрнини босувчи ҳужжатлар.
- Ситора Н., бош бухгалтер:
– Бизнинг омадимиз келди деса бўлади, биз – воситачилармиз. Солиқлар бўйича ҳисоб-китобларда турпакетларни сотишдан олинган тушум, барибир, бир томонлама ҳисобварақ-фактура орқали амалга оширилади, ҳисоб-китобларда онлайн-НКМ маълумотларини автоматик тарзда акс эттириш функцияси эса ўчирилган. Аммо мен ўзимни эҳтиёт қиламан ва барча тушумларни касса аппарати орқали ўтказаман. Савдо офисида ҳисоб-китоб қилган мижозларни қўлларига чекларини берамиз. Вилоятлардан масофадан туриб тўловларни амалга оширганларнинг чекларини сақлаб қўямиз, харидор эса қўлига мобиль тўлов илова чекини ва туристик хизматлар кўрсатиш учун шартнома олади. Шундай қилиб, мижозда у бизнинг мижозимиз эканлигини тасдиқловчи барча ҳолатларга ҳужжатлар мавжуд.
- Махбуба С., бош бухгалтер:
– Бизда касса аппарати умуман йўқ, лекин бизнинг мижозларимиз учун қулай бўлганлиги сабабли тўловларни мобиль илова орқали қабул қиламиз. Ойнинг охирида мобиль тўлов иловалар орқали тушган барча пулларни бир томонлама ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш йўли билан расмийлаштирамиз. Менимча, мобиль иловалар орқали тўловлар бўйича чек бериш – бажарилмас талаб, бу тушумларни яширишни эса имкони йўқ. Ахир, бу пуллар сотувчи ҳисобрақамига келиб тушгунча аллақачон мобиль илованинг (тўлов тизимининг) ҳисобрақамларида кўриниб бўлган ва банк томонидан қайта ишланган. Зарур бўлганда, назорат қилувчи органлар барча маълумотларни ушбу тушумлар орқали олишлари мумкин.
- Танзиля Ф, тадбиркор:
– Яқинда биз мобиль иловалар билан шартномалар туздик ва улар ёрдамида мижозларимиздан кўрсатилган хизматлар учун тўловларни қабул қила бошладик. Ҳозирча янги технологияларни ўзлаштирмоқдамиз деб айтишимиз мумкин. Мобиль иловалар орқали олинган барча тўловларни бир томонлама ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирамиз. Менда савол бор: тўлов тизимлари орқали тўлов амалга оширилганда ким онлайн-НКМ чекини бериши керак? Менимча, буни мижоздан пул олгаётган тараф, яъни - тўлов иловаси амалга ошириши мантиққа тўғри келади. Ва биз товарлар ва хизматларнинг сотувчиси сифатида ушбу пулни олиш занжиридаги, мобиль илова ва банкдан кейин, учинчи бўлиб қоламиз. Банк ва мобиль илова билан муносабатларимиз бошқа ҳужжатлар - шартномалар ва ҳисоб-фактуралар билан тузилади ва расмийлаштирилади.
Технологиялар бугунги кунда мобиль иловалар ва ўзига ўзи хизмат кўрсатиш устунидан фойдаланган ҳолда ўзаро ҳисоб-китобларнинг барча иштирокчилари учун қулайлик яратишга имкон беради, шунингдек барча қонуний талаблар риоя қилиниши керак. Регулятор ушбу масалада фақат тартибга солиш керак, чунки бу ерда кўплаб бозорнинг иштирокчилари жалб қилинган, дейди “Марон” МЧЖ ТХКМ мутахассиси Рустам ЯКУБОВ:
– Мобиль илова орқали ҳисоб-китобларда чекни мобиль илова (тўлов тизими) бериши кераклиги мантиқан тўғри. Чунки якуний истеъмолчи тўлайдиган нарх тўловни қабул қилиш хизмати учун мобиль иловага (тўлов тизимига) тўлайдиган фоизларни ўз ичига олади. Чекда харидор тўлаган сумма акс эттирилиши керак. Уни амалда фақат тўловни қабул қиладиган томон акс эттира олади. Қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда, демак, барча тўлов иловалари ва тўлов тизимлари виртуал кассалар билан жиҳозланган бўлиши керак. Ёки агар хорижий тажрибага карасак, мобиль иловаларнинг ўзи, улар белгиланган талабларга жавоб берса, назорат-касса техникаси сифатида тан олиниши мумкин. Агар ДСҚ, мобиль иловалар ва тўлов тизимлари орқали тўловларни амалга оширишда чекни сотувчи бериши керак деган позицияда қолса, унда мавжуд онлайн-НКТ тизимини такомиллаштириш керак. Ва мобиль илова орқали тўлашни онлайн-НКМ тизими мустақил тўлов шакли, бугунги кунда тўловларни нақд ёки терминал орқали қабул қилиш сифатида кўриб чиқиши керак. Чунки мобиль иловалар орқали тўловни қабул қилиш ҳар жиҳатдан ўзига хосдир.
Менимча, тўлов иловаларини виртуал кассалари сифатида эътироф этиш масаласини ишлаб чиқиш мантиқлироқ.
Buxgalter.uz позицияси:
Мобиль иловалар орқали товарлар ва хизматлар учун тўловларни қабул қилиш масаласи ҳам ҳуқуқий, ҳам техник нуқтаи назаридан чуқур қайта ишлашни талаб этади. НҲҲни такомиллаштириш, улардаги қарама-қаршиликларни бартараф этиш ва эҳтимол, онлайн-НКМ ва мобиль тўлов тизимларининг мавжуд техник ечимларини такомиллаштириш талаб этилади.
Бошланишига - аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомда қуйидагиларни баён этиш зарур: а) тўловларни мобиль иловалар орқали қабул қилиш тушунчаси ва б) мақоми, в) уларни расмийлаштириш қоидалари. Ахир у ерда ҳануз булар йўқ. Фақатгина ДСҚ мутахассисларининг тушунтиришларидан биламизки, солиқ органи мобиль иловалар орқали тўловларни терминаллар орқали тўловларга тенглаштиради. Лекин амалиётнинг кўрсатишича, бу тушунчаларни тенглаштиришга ҳали жуда эрта ва эҳтимол, ҳатто нотўғри. Акс ҳолда, мавжуд нормалар шунчаки имконсиз бўлиб қолади.
Олег ГАЕВОЙ