Нарх сиёсатининг сизга ёрдами ва 2022 йил учун у қандай тузилади

preview

Корхонада товарлар ва хизматлар нархи, қоидага кўра, иқтисодиёт ва маркетинг бўлимлари ёки раҳбариятнинг ўзи томонидан белгиланади, чунки кўп ҳолларда сотувлар муваффақияти нархга боғлиқ бўлади. Трансферт нарх белгилаш бўйича СК нормалари кучга киришини ҳисобга олган ҳолда товарлар (хизматлар) учун нарх белгилаш масаласига бухгалтерия ходимлари ҳам фаол киришишларига тўғри келади. 

Нарх сиёсатини қандай тўғри тузиш ва нима учун у солиқ ҳисоб сиёсатининг бир қисмига айланиши лозимлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Ирина ПОДОЛЬСКАЯ гапириб берди:

 

– “ҚҚС ва фойда солиғи тўловчи компаниянинг айланмадан олинадиган солиқ ва қатъий белгиланган солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги солиқ органлари томонидан нархларни кучайтирилган тарзда назорат қилиш хавфини оширади.

Солиқ органлари буни нархларни манипуляция қилиш орқали солиқ базасини камайтириш ва шу билан бюджетга зарар етказиш мумкинлиги билан тушунтиришмоқда. Мисол учун, реализация қилинаётган товарлар нархини пасайтириб, айланмадан олинадиган солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи бўйича солиқ базасини камайтириш мумкин. Харид нархларини оширган ҳолда фойда солиғи бўйича солиқ базасини камайтириш мумкин. Бунда фойдани айланмадан олинадиган солиқ ёки қатъий белгиланган солиқ тўловчи шахсга “ўтказиш” мумкин.

Шу тариқа, турли солиқ солиш тизимларидан фойдаланадиган субъектлар ўртасида тузиладиган битимлар солиқчиларнинг эътиборини жалб қилади. СКнинг  айнан  учта қоидаси солиқ солиш мақсадларида нарх белгилашни назорат қилиш ҳуқуқини беради:

1. Агар солиқ тўловчи мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлган операцияларни амалга оширса, бундай ҳаракатлар ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади .

2. Агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли .

3. Битимнинг тарафларидан бири томонидан олиниши мумкин бўлган, лекин трансферт нархни белгилаш натижасида тараф олмаган ҳар қандай даромадлар солиқ солиш мақсадида битимнинг шу тарафида ҳисобга олинади . Ушбу норма, СКнинг бутун “Трансферт нархни белгилашда

солиқ назорати” бўлими каби, 2022 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.

Солиқ органлари ўзаро боғлиқ шахслар билан битимларда бозор нархларидан оғишни аниқлаган тақдирда, шунингдек СКнинг 248-моддаси 3-қисми ва 4-қисмида белгиланган бошқа ҳолларда қўшимча солиқлар ҳисоблашга ҳақлидир.

СК ўзаро боғлиқ шахсларни аниқлаш мезонларини белгилайди :

  • жисмоний ёки юридик шахснинг компания капиталида бевосита ёки билвосита иштирокининг улуши 20%дан ортиқни ташкил этса;
  • жисмоний шахслар ўртасида қариндошлик алоқалари бўлса;
  • лавозим мавқеи бўйича бўйсуниш.

 

Бу масалада нарх сиёсати қандай ёрдам беради

Айнан унда назорат қилувчи органнинг сизнинг нархларингиз бўйича юзага келиши мумкин бўлган саволларига барча жавоблар мавжуд бўлади.

Нарх сиёсати - бу солиқ тўловчининг бошқарув органи томонидан тасдиқланган  ички ҳужжати. У қуйидагиларни белгилайди:

  • компаниянинг амалдаги нархларининг самарадорлиги, уларнинг маркетинг сиёсатига мувофиқлиги;
  • янги маҳсулотларга ва янги харидорлар учун (ёки аксинча, доимий харидорлар учун) нарх белгилаш қоидаларига риоя қилиш;
  • нархларни ўзгартириш тартиби ва асослари, шу жумладан - товарларни арзонлаштиришда;
  • чегирмалар беришнинг асосланганлиги, асоси ва шартлари;
  • айни бир маҳсулот учун нархларнинг оғиши ва уларнинг сабаблари.

Унда албатта қуйидагиларни кўрсатинг:

1. Нарх белгилаш принциплари, ёндашувлари ва усуллари (корхонанинг маркетинг стратегиясига таяниши керак):

  • таннарх асосида;
  • фойда асосида;
  • талабни баҳолаш асосида (бозорда шаклланган ёки янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришда тахмин қилинадиган);
  • рақобатчилар нархларини ҳисобга олган ҳолда.

2. Нархни табақалаштириш:

  • товарнинг сифати бўйича;
  • ҳудудлар ва аҳоли гуруҳлари (талабалар, пенсионерлар ва ҳ.к.) бўйича;
  • товарларга (хизматларга) талаб ўзгарганда, жумладан талабнинг тушишига олиб келадиган омиллар (яроқлилик муддатининг ўтганлиги, маънавий эскириши ва ҳ.к.);
  • бошқа аломатлари бўйича.

3. Чегирмалар тақдим этиш шартлари:

  • олдиндан тўловда ёки илгари етказиб берилган товар (хизмат) учун муддатидан олдин тўловда;
  • реализация ҳажми бўйича (масалан, чегирма реализация ҳажмига боғлиқ ҳолда сотиш пайтида ёки харидор томонидан муайян вақт даврида айрим харид қилиш ҳажмига эришганда тақдим этилади);
  • бошқа шартлар бажарилганда.

4. Айни бир товар (хизмат) нархини ошириш шартлари.

5. Нархнома (прайс).

Эътибор беринг
Нархлар ва нарх сиёсати харидор ким бўлишидан қатъи назар мунтазам ва бир хил тарзда қўлланилиши керак.

Агар сизга текширувчилар келса, сизга эътироз билдириш мураккаброқ бўлади. Сиз уларга: “Менинг сиёсатим шундай, мен уни барча учун қўллайман, мен учун бу - бозор нархи. Ҳа, рақобатчиларда нархлар юқори бўлиши мумкин, бироқ бизнинг компаниямиз эндигина очилди, рақобатчи эса машҳур брендга эга. Бунда корхонамизнинг нарх сиёсати харидорлар доираси маълум ҳажмга қадар кенгайганда нархнинг оширилишини назарда тутади”, дейсиз.  Ва бошқалар...

Нарх сиёсатини муайян даврийликда қайта кўриб чиқиш мумкин, бозорда юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, у қандай шартларда қайта кўриб чиқилишини бир йўла кўрсатиш ҳам мумкин.

 

Нарх сиёсати солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатининг бир қисми

Нарх сиёсатини солиқ ҳисоб сиёсатига алоҳида бўлим сифатида киритиш мумкин, сабаби улар энди бирга “ишлайди”. Бунинг устига - нарх сиёсатининг нафақат бухгалтер, балки тадбиркорнинг бутун фаолияти учун муҳимлиги Солиқ кодекси талаблари, пировардида, солиқ органлари томонидан назорат қилишнинг янги воқеликлари билан шартланган”.

 

 

Нархни белгилаш Нархни белгилаш Нархни белгилаш /uz/publish/doc/text176583_narh_siesatining_sizga_erdami_va_2022_yil_uchun_u_qanday_tuziladi