Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ солиш тубдан ўзгарди
Йиллик айланмаси 100 млн сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорларнинг аксарияти юридик шахслар тўлайдиган солиқларни тўлайдилар. Бу 24.12.2018 йилдаги ЎРҚ–508-сон Қонун ва Президентнинг 26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорида назарда тутилган.
ЯТТга солиқ солиш йиллик айланмага боғлиқ
Ўтган йили айланмасидан қатъи назар барча ЯТТ, шунингдек муайян фаолият турлари (автотранспортни вақтинча сақлаш, болалар ўйин автоматлари) билан шуғулланадиган юридик шахслар қатъий белгиланган солиқ тўлаганлар. Солиқ ставкалари фаолият тури ва уни амалга ошириш жойига қараб табақалаштирилган.
2019 йилдан бошлаб ЯТТга солиқ солиш тартиби тубдан ўзгарди – у энди уларнинг йиллик айланмасига (ялпи тушумига) боғлиқ бўлади (Солиқ кодексининг 370-моддаси ва 26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорнинг 8-банди):
- 100 млн сўмгача – қатъий белгиланган солиқ тўланади. Бунда солиқ ставкалари сезиларли даражада пасайтирилди (26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорга 9-илова);
- 100 млн сўмдан ортиқ ва 1 млрд сўмгача – мол-мулк, ер, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ва бошқа солиқларни тўлаш мажбурияти билан 4% ставкада ЯСТ тўланади;
- 1 млрд сўмдан ортиқ – солиқлар юридик шахслар учун назарда тутилган умумбелгиланган тизим бўйича тўланади.
Қуйидагилар ушбу қоидалардан мустасно:
- мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи ЯТТ. Уларнинг экспорт тушумига 4%лик ставкада ЯСТ ва реализация қилиш ҳажми 1 сўмдан 1 млрд сўмгача бўлганда ЯСТ тўловчилар учун бошқа солиқлар солинади (17.10.2018 йилдаги ПҚ–3978-сон қарор);
- Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилган ЯТТ. Улар учун ЯСТ ставкаси 2%ни ташкил этади (14.05.2018 йилдаги ПҚ–3724-сон қарор).
Ягона ижтимоий тўлов
ЯТТ ҳам тўлаган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бекор қилинди. ЯТТ пенсия тизимини яратишда ўз тўловлари билан қатнашиши кераклиги ҳисобга олинган ҳолда суғурта бадаллари ўрнига улар учун ягона ижтимоий тўлов жорий этилди.
ЯИТ солиқ тўловчининг календарь ойда ишлаган кунлари сонидан қатъи назар қуйидагича тўланади:
- якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан – ойига энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда;
- якка тартибдаги тадбиркорнинг ходимлари томонидан – ойига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида (Солиқ кодексининг 311-моддаси).
Болалар ўйин автоматлари бўйича солиқ бекор қилинди
Ўтган йили юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар болалар ўйин автоматлари билан боғлиқ фаолият бўйича қатъий белгиланган солиқ тўлаганлар.
2019 йилдан бошлаб адолатлироқ солиқ солишни таъминлаш мақсадида олинаётган даромаддан келиб чиқиб ушбу фаолият тури бўйича қатъий белгиланган солиқ бекор қилинди.
Болалар ўйин автоматлари хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ушбу фаолиятдан даромадларга қўлланилаётган солиқ солиш тизимига қараб белгиланган тартибда солиқ соладилар.
Бундай хизматларни кўрсатувчи ЯТТ йиллик айланмаси 100 млн сўмдан ошмаганда 26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорга 9-иловага мувофиқ белгиланган ставкаларда қатъий белгиланган солиқ тўлайдилар.
Жорилла Абдуллаев.