Навоий вилояти ҳудуди – эркин иқтисодий зона

preview

Президентнинг 2019 йил 15 майдаги тегишли Фармони ЎзАда жойлаштирилган.

Навоий вилояти ҳудуди (кейинчалик муддатини узайтириш имконияти билан) 1.01.2030 йилга қадар инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона этиб белгиланди.

Навоий вилоятининг ҳудудий чегаралари ичида инвестиция дастурларини амалга ошираётган корхоналарга «Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақоми берилади. Ишлаб чиқаришлар ҳудудда мавжуд бўлган ёки енгил барпо этиладиган инфратузилмаларда ихчам жойлаштирилади. Ўз зиммасига олган инвестиция мажбуриятларини бажармаган иштирокчилар билан инвестиция битимларини бекор қилиш, тўхтатиб туриш ва уларни мақомдан маҳрум этиш фақатгина суд тартибида амалга оширилади.

Навоий вилоятидаги Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши қандай лойиҳалар инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган лойиҳалар ҳисобланишини мустақил равишда белгилайди, «Навоий» ЭИЗ дирекциясининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда – уларга «Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақомини тақдим этади. Белгилаш, танлаб олиш ҳамда қатнашчиларни рўйхатга олишнинг соддалаштирилган тартиби бир ой муддатда тасдиқланади.

«Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган Навоий вилоятидаги корхоналар Президентнинг 26.10.2016 йилдаги ПФ–4853-сон Фармони 3 ва 4-бандларида белгиланган ҳажмда, тартибда ва муддатда солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланадилар. Бунда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ҳамда бутловчи буюмларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш тарзидаги имтиёз улар учун мақсадли тусга эга. Бўшаб қоладиган маблағлар янги корхоналарни ташкил этиш: мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, реконструкция қилиш ва техник, технологик қайта жиҳозлаш, кенгайтириш, ишлаб чиқариш биноларини қуриш, ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур хом ашё ва материаллар харид қилишга, маҳсулот экспорт қилинганда вужудга келадиган қўшилган қиймат солиғининг манфий суммаси қайтарилмаслиги ҳуқуқи билан йўналтирилади.

Бундан ташқари, қуйидаги преференциялар назарда тутилган:

  • «Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган хўжалик юритувчи субъектларга экспорт ва импорт қилинадиган товарлар учун ҳақ тўлаш ва ҳисоб-китобларнинг ўзи учун қулай шарт ва шаклларидан фойдаланишига рухсат этилади;
  • «Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан солиқ тўловчининг ҳолатини ёмонлаштирадиган солиқ қонунчилиги ҳужжатлари қўлланилмайди, акциз солиғига тортиладиган товарларга солиқ солишни тартибга солувчи ҳужжатлар бундан мустасно;
  • 2019 йил 1 июндан бошлаб хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари – «Навоий» ЭИЗ қатнашчилари ва уларнинг оила аъзоларига республика ҳудудидан чиқмасдан узайтириш имконияти билан, амал қилиш муддати 3 йилгача бўлган «инвестиция визаси» берилади.

«Навоий» ЭИЗ дирекцияси тузилмасида Экспортни қўллаб-қувватлаш маркази ташкил қилинади, у қатнашчиларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишда кўмаклашади. Бу ерда маслаҳат, воситачилик хизматларини кўрсатиш, маркетинг тадқиқотларини ўтказиш мумкин бўлади ва ҳ.к. 

 

Олег Заманов.