Муассис-норезидентнинг дивидендларига қандай солиқ солинади

preview

Юридик шахслар-норезидентларнинг дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадларига 10% ставка бўйича солиқ солинади . Бунда Солиқ кодексининг 155-моддаси норезидентга даромадни тўлов манбаида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ушлаб қолинмаган ёки солиқнинг пасайтирилган ставкаси қўлланилган ҳолда тўлаш имконини беради.

Бунинг учун:

  • Ўзбекистон билан норезидентнинг мамлакати ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартнома;
  • Чет давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган ўша давлатда мазкур шахснинг резидентлиги борлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлиши зарур.

Вазиятни қуйидаги мисолларда кўриб чиқамиз.

Ўзбекистон билан Нидерландия Қироллиги ўртасидаги Конвенцияга мувофиқ, агар компания-муассис дивидендлар тўлаётган компания капиталининг камида 25%ини назорат қилса, шунингдек дивидендларнинг ҳақиқий эгаси бўлса, дивиденд солиғи ставкаси 5%дан ошмаслиги керак. Шу сингари талаб БАА, ГФР, Грузия ва Испания билан тузилган битимларда ифода этилган.

Бошқа давлатлар билан ўзаро аҳдлашувлар пасайтирилган ставкаларда тўлашнинг бошқа шартларини назарда тутади. Мисол учун, Ўзбекистон билан Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган Қироллиги ўртасидаги Конвенцияга мувофиқ, агар компания-муассис дивидендлар тўлаётган компаниянинг камида 10% ҳал қилув овозини бевосита ёки билвосита назорат қилса, дивиденд солиғи ставкаси 5%дан ошмаслиги керак.

Дивиденд солиғининг пасайтирилган ставкаларини қўллай олиш учун муассис-норезидент корхона бухгалтериясига резидентлик сертификатининг асл нусхасини тақдим этиши лозим.

Агар муассис резидент ҳисобланган хорижий давлат  хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенцияга қўшилган бўлса, сертификатда апостиль қўйилган бўлиши даркор.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси 4.04.2011 йилдаги ЎРҚ-279-сон Қонунга мувофиқ Конвенцияга қўшилган.

Ўзбекистоннинг бир қатор МДҲ мамлакатлари (улар жумласида - Россия) билан ўзаро муносабатларида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция амал қилади. Мазкур Конвенция қоидаларига кўра, агар ҳужжат белгиланган шакл бўйича тайёрланган ва ваколатли органнинг гербли муҳри билан тасдиқланган бўлса, у аҳдлашувчи давлатлар ҳудудларида  қандайдир махсус тасдиқлашсиз қабул қилиниши мумкин.

 Александра ТОЛМАЧЕВА,

Profi Training бизнес-мураббийи,

МҲХС ва бошқарув ҳисоби бўйича эксперт.