Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай ҳолларда солиқчилар ҚҚСни қайтаришни рад этишлари мумкин
14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚ билан тасдиқланган ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида низом билан камерал солиқ текшируви назарда тутилган. Buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ бу ҳақда батафсил гапириб берди:
- Қопланиши (қайтарилиши) назарда тутилган ҚҚС суммасининг асосланганлиги юзасидан солиқ органи камерал солиқ текширувини ўтказади.
Эътибор беринг! Камерал солиқ текшируви солиқ органининг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғисиз амалга оширилади .
Агар аризада кўрсатиб ўтилган солиқ даври бўйича ҚҚСнинг тўғри ҳисобланиши юзасидан аввал солиқ аудити ўтказилган бўлса, қопланиши назарда тутилган ҚҚС суммасининг асосланганлиги юзасидан камерал солиқ текшируви ўтказилмайди .
Бундай текширув солиқ тўловчи томонидан ариза тақдим этилган кундан кейинги кундан бошланади ва эллик кунгача бўлган муддатда якунланиши лозим .
Уни ўтказиш даврида солиқ органи ҳудудлари ва биноларини кечиришни амалга оширишга , зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олишга , шунингдек учинчи шахслардан тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни (ахборотни) талаб қилиб олишга ҳақли .
Солиқ органининг мансабдор шахси камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳолатларни баён этган ҳолда хулоса расмийлаштиради ва бир кундан кечиктирмай тегишли қарор қабул қилиш учун солиқ органи раҳбарига (ўринбосарига) киритади .
Қарорнинг ўзи уч қисмдан иборат :
- кириш қисмида: қарор қабул қилинган вақт, жой, қарорни қабул қилган мансабдор шахснинг Ф.И.О., лавозими, солиқ тўловчининг номи, солиқ тўловчининг СТИРи, аризанинг солиқ органида рўйхатга олинган санаси ва рақами, қопланиши сўралаётган ҚҚС суммаси кўрсатилади.
- тавсиф-асослантириш қисмида: камерал солиқ текшируви ўтказган мансабдор шахснинг Ф.И.О., лавозими, бошқа солиқлардан бўлган солиқ қарзини қоплаш ҳисобига йўналтириладиган ҚҚС суммаси, банк ҳисобварағига қопланиши (қайтарилиши) лозим деб топилган ҚҚС суммаси, қопланиши рад этилган (тўлиқ ёки қисман) ҳолларда эса рад этиш асослари батафсил баён қилинади.
- қарор қисмида: бошқа солиқлардан бўлган солиқ қарзини қоплаш ҳисобига йўналтириладиган ҚҚС суммаси, солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига қайтарилиши лозим деб топилган ҚҚС суммаси, қопланиши рад этилган ҳолларда рад этилган (тўлиқ ёки қисман) ҚҚС суммаси ҳамда рад этилган ҚҚС суммаси миқдорида солиқ ҳисоботига тузатиш киритиш мажбурияти, қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқи кўрсатилади.
ҚҚС суммасини қоплашни рад этишни (тўлиқ ёки қисман) ўз ичига олган қарор қуйидаги ҳолатларда қабул қилинади :
- солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;
- товарлар (хизматлар) харид қилинишида ҳисобварақ-фактуралар электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида расмийлаштирилмаганда;
- солиқ тўловчи томонидан реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тўлиқ электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизими орқали амалга оширилмаганлиги аниқланганда;
- ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, қалбаки ёки кўзбўямачилик учун битимлар тузиш (операциялар амалга ошириш) орқали солиқни тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик фактлари аниқланганда;
- битимлар (операциялар) ҳақиқий эмас ва тадбиркорлик фаолияти доирасида даромад олишга қаратилмаган ёки (ва) иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаган деб топилганда;
- солиқ тўловчи томонидан сўралган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки сохта ҳужжатлар тақдим этилганда, шунингдек, ҳудудни, ишлаб чиқариш, омборхона, шу жумладан, солиқ тўловчи даромад олиш учун фойдаланадиган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечиришга, сайёр солиқ текширувини ўтказишга тўсқинлик қилинганда.
Солиқ органи томонидан қабул қилинган қарор солиқ тўловчига унинг шахсий кабинети орқали, ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир кундан кечиктирмай юборилади .