Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ЭҲФ тизими дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчиларига мослаштирилди
ЭҲФ тизимида реализация қилинган товарлар (хизматлар) ҳажмини 100 дан ортиқ ўлчов бирликлари назарда тутилган. Бироқ ушбу рўйхатда дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш тўғрисидаги битим учун мос келадиган атама мавжуд эмас эди. Вазият тузатилди! Бу ҳақда buxgalter.uz га «Янги технологиялар» ИАМда маълум қилишди.
Энди дастурий маҳсулотларнинг барча ҳуқуқ эгалари улар қайси ЭҲФ оператори хизматларидан фойдаланишларидан қатъи назар, ЭҲФни расмийлаштирган ҳолда маҳсулотнинг ўлчов бирлиги сифатида “нусха” атамасидан фойдаланишлари мумкин.
Айни пайтга қадар дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш тўғрисидаги шартномаларни расмийлаштириш чоғида ҳуқуқ эгалари “дона” ўлчов бирлигидан фойдаланиб келишган. Масалан, сотиб олувчига дастурий маҳсулотнинг 5 та нусхасидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган вақтда, сотувчи “5 дона” деб ёзган.
“Дона” атамаси воқеликни акс эттирмайди, ахир дастур – битта ва ҳуқуқ эгаси унинг эгаси ҳисобланади, мижозлар эса нусхалардан фойдаланадилар.
«Norma» МЧЖ - «Norma» ахборот-қидирув тизимлари ишлаб чиқувчиси ва ҳуқуқ эгаси рўйхатни тўлдириш ташаббуси билан чиқди. «Янги технологиялар» ИАМ таклифни кўриб чиқди ва уни тасдиқлади.
Агар рўйхатда сизнинг битимларингиз хусусиятларини акс эттирадиган ўлчов бирлиги мавжуд бўлмаса, «Янги технологиялар» ИАМга мурожаат қилинг. Батафсил асослаш келтирилган хатни [email protected] электрон почтаси орқали йўллаш зарур. Ушбу манзил бўйича электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимини такомиллаштириш борасидаги бошқа таклифларни ҳам йўллаш мумкин.
Унутманг, ҳужжатлар, шу жумладан – электрон ҳужжатлар битимнинг моҳиятини бузиб кўрсатмайдиган атамалардан фойдаланган ҳолда тузилиши керак. Сиз бунга кўмаклашишга қодирсиз!
Олег ГАЕВОЙ