Фойда солиғини ўтган йиллардаги зарар суммасига камайтириш мумкинми?

preview

Корхонада олдинги йилларда, у солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимида бўлган пайтда (ЯСТ тўлаганда) зарар юзага келган. У 2020 йилда фойда солиғини тўлаган, уни ҳисоблашда фойда олгани маълум бўлган. 2020 йилдаги фойдани ўтган йиллардаги зарар суммасига камайтириш мумкинми?

buxgalter.uz илтимосига биноан ушбу саволга МВнинг бевосита солиқлар бўлими бошлиғи Умид ХАМРОЕВ жавоб берди:


– Зарарларни келгуси даврларга ўтказиш қоидалари СКнинг 333-моддасида белгиланган.

Фойда солиғи солиш мақсадларида, даромадлар ва харажатларга киритилган тузатишларни инобатга олган ҳолда чегирилиши лозим бўлган харажатлар жами даромаддан ошиб кетган тақдирда зарар юзага келади.

Чегирилмайдиган харажатлар солиқ солинадиган фойдани камайтирмайди ҳамда ўтказиладиган зарар суммасини оширмайди.

Корхонада олдинги солиқ даврида – календарь йилда зарар кўрилган бўлса, у жорий йилдаги фойдани зарарнинг жами суммасига ёки унинг бир қисмига камайтиришга ҳақлидир.

Зарарни ушбу зарар кўрилган солиқ давридан кейинги 10 йил мобайнида келгуси даврларга ўтказиш мумкин. Бунда ўтказилаётган зарарнинг жами суммаси жорий солиқ даври солиқ базасининг 60%идан ошиб кетмаслиги керак.

Солиқ базаси фақат календарь йил якунлари бўйича, яъни йиллик солиқ ҳисоботини тўлдиришда олдинги солиқ даврларида кўрилган зарар суммасига камайтирилиши мумкин. Бир календарь йилдан ортиқ йилларда кўрилган зарарлар улар кўрилган кетма-кетликда ўтказилади.

2020 йил 1 январга қадар юзага келган зарарни 5 йилдан кўп бўлмаган муддат мобайнида келгусига ўтказиш мумкин. Ўтказиладиган зарарнинг жами суммаси жорий йилдаги солиқ базасининг 50%идан ошмаслиги керак . Яъни 2020 йилдаги солиқ солинадиган фойдани 50% доирасида 2015-2019 йиллардаги зарар суммасига киритиш мумкин.

Корхона фойда солиғини тўлашдан озод этилган календарь йилда кўрилган зарар келгуси солиқ даврларига ўтказилмайди .

Эътибор беринг!

Корхона ЯСТни ёки айланмадан олинадиган солиқни тўлаган солиқ даврларида СКда фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш учун назарда тутилган тартибда – чегирилмайдиган харажатларни ҳисобга олган ҳолда зарарни ҳисобламаган.

Унда бухгалтерия ҳисобини юритиш қоидалари бўйича ҳисобланган зарар мавжуд бўлиши мумкин, бу фойда солиғини ҳисоблаш мақсадларидаги зарар билан бир хил эмас.

Корхона солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимида бўлганда ёки айланмадан олинадиган солиқни тўлаганда фойда солиғи бўйича мажбуриятга эга бўлмайди, шу сабабли у фойда солиғини ҳисоблашда мазкур йилларда кўрилган зарарни келгуси йилларга ўтказишга ҳақли эмас.

Вазият
Фойда солиғини ҳисоблашда зарар келгуси даврларга ўтказилмайди

 

2016 ва 2017 йилларда корхона 137 млн сўм миқдорида зарар кўрган, 2018–2020 йилларда – умумий суммаси 800 млн сўмдан ортиқ бўлган миқдорда фойда олган.

2016–2018 йилларда корхона ЯСТни, 2019 йилда эса фойда солиғини тўлаган.

Фойда солиғини ҳисоблашда 2020 йил якунлари бўйича солиқ солинадиган фойдани корхона ЯСТ тўловчи бўлган даврда юзага келган 137 млн сўмлик зарар суммасига камайтириши мумкинми?

– Йўқ, 2020 йил учун фойда солиғини ҳисоблашда корхона ЯСТ тўловчиси бўлган олдинги йиллар мобайнида юзага келган зарарни келгуси даврларга ўтказишга ҳақли бўлмайди.

Корхона 2020 йилдаги солиқ солинадиган фойдани фақат фойда солиғи тўловчиси бўлган 2019 йилдаги солиқ зарари суммасига (мавжуд бўлган тақдирда) камайтириши мумкин.

Эътибор беринг!
Солиқ солинадиган фойдани олдинги йилларда кўрилган зарар суммасига камайтириш тартиби ҳақида батафсил Молия вазирлиги ва «Норма» мутахассисларининг тавсияларида ўқишингиз мумкин.

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text167488_foyda_soligini_utgan_yillardagi_zarar_summasiga_kamaytirish_mumkinmi