Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қарз: шартнома тарафларининг даромадлари ва солиқлари
Қарз олишда (тўлашда) солиқ оқибатлари у қандай ставкада тақдим этилганлигига боғлиқ. Бу ҳақда buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлигининг бевосита солиқлар бўлими бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ батафсил гапириб берди:
- Корхоналар молиявий қийинчиликларда муайян вазифаларни молиялаштириш учун қарз маблағларини жалб қилади. Қарз шартномаси бўйича қарз берувчи қарз олувчига пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни қайтариб бериш мажбуриятини олади .
Қарз фоизли ёки фоизсиз асосда тақдим этилиши мумкин, бу шартномада кўрсатилади . Фоизли қарз шартномаларида йиллик фоиз ставкаси кўрсатилади.
Фоизли қарзлар
Фоизли асосда қарз тақдим этишда қарз берувчида фоизлар тарзидаги даромадлар юзага келади. У фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасини аниқлашда қарз берувчининг жами даромадига киритилади .
Истисно - қарз тақдим этишдан олинган фоизли даромадларига тўлов манбатда солиқ солинадиган жисмоний шахслар ва норезидентлар.
Қарз берувчининг фоизлар тарзидаги даромади = Қарз шартномаси бўйича йиллик фоиз ставкаси х Қарз суммаси : 365 х Ҳисобот даврида қарз берилган кунлар сони
Корхона лойиҳани молиялаштириш учун 1 йил муддатга йиллик 18% тўлов билан 50 млн сўм миқдорида қарз олди. Фоизлар ҳар ойда тўланади.
Фоизли даромад, масалан, март учун 764 384 сўмга (50 000 000 х 18% : 365 х 31) тенг.
Қарз бўйича фоизлар тарзидаги даромадга қарз берувчида (даромад олувчида) солиқ солинади, шу боис қарз олувчи солиқни ушлаб қолмасдан фоизларнинг барча суммасини (764 384 сўм) ўтказади.
Корхона - фоизларни олувчи фойда солиғи (айланмадан олинадиган солиқ) ҳисоб-китобида уларни жами даромадга киритади.
Фоизлар бўйича алоҳида ҳисобот тақдим этилмайди.
Фоизсиз қарзлар
Агар қарз фоиз тўлаш мажбуриятисиз берилган бўлса, даромад қарз олувчида текин олинган мол-мулкдан фойдаланиш тарзида юзага келади . У қарз олиш санасида МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Ҳисобот даври учун қарз олувчининг даромади = қарз олиш санасида МБ қайта молиялаштириш ставкаси х Қарз суммаси : 365 х Ҳисобот даврида қарздан фойдаланилган кунлар сони
Корхона 1 февралда 6 ой муддатга 10 000 минг сўм суммада фоизсиз қарз олди. Олиш кунида асосий ставка - 14%. Қарз 31 июлда қайтарилган.
Ундан текин фойдаланишдан олинган даромадни ҳар бир даврда фойдаланилган кунлар сонидан келиб чиққан ҳолда аниқлаймиз.
I чоракда қарздан: 28 + 31 = 59 кун (февраль, март) фойдаланилган.
Даромад: 10 000 000 х 14% : 365 х 59 = 226 301 сўмни ташкил этади.
II чоракда: 30 + 31 + 30 = 91 кун. Даромад: 10 000 000 х 14% : 365 х 91= 349 041 сўм.
III чоракда: 30 кун. Даромад: 10 000 000 х 14% : 365 х 30 = 115 068 сўм.
Фойда солиғи (айланмадан олинадиган солиқ) ҳисоб-китобида I чорак учун корхона 226 301 сўм даромадни акс эттиради.
II чорак учун: 226 301 + 349 041 = 575 342 сўм.
III чорак учун: 226 301+ 349 041 + 115 068 = 690 410 сўм.
Бундай ҳисоб-китоб фақат солиқ солиш мақсадлари учун зарур. Қарз маблағларидан текин фойдаланишдан олинган даромад бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди.
Қайта молиялаштириш ставкасидан паст ставка бўйича фоиз тўлаш шарти билан қарзлар
Бу ҳолда даромад шартноманинг иккала тарафида юзага келади:
- қарз берувчида - шартнома фоиз ставкасидан келиб чиқиб аниқланадиган фоизли даромад;
- қарз олувчида - қайта молиялаштириш ставкаси (асосий ставка) ва шартнома фоиз ставкаси ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб аниқланадиган даромад.
Қарз берувчининг даромади = Қарз шартномаси бўйича фоиз ставкаси х Қарз суммаси : 365 х Ҳисобот даврида қарз берилган кунлар сони
Қарз олувчининг даромади = (МБ қайта молиялаштириш ставкаси - Қарз шартномаси бўйича фоиз ставкаси) х Қарз суммаси: 365 х Ҳисобот даврида қарздан фойдаланиш кунлари сони
Корхона 1 февралда 6 ой муддатга йиллик 10% ставка бўйича фоизлар тўлаш шарти билан 10 000 минг сўм суммада қарз олди. Уни олиш санасида асосий ставка 14%ни ташкил қилади.
I чорак учун иккала тарафнинг даромадини аниқлаймиз (февраль–март: 28+31 = 59 кун).
Қарз берувчининг даромади:
Қарз бўйича фоизлар тарзидаги даромад:
10 000 000 х 10% : 365 х 59 = 161 644 сўмни ташкил этади.
Қарз бўйича фоизлар тарзидаги даромадга қарз берувчида солиқ солинади, шу боис қарз олувчи фоизларнинг барча суммасини солиқни ушлаб қолмаган ҳолда ўтказади.
Қарз берувчи фоизларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиради ва уларни қуйида акс эттирган ҳолда жами даромадга киритади:
- Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 120-сатрида;
- Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг 0316-сатрида.
Қарз олувчининг даромади:
I чорак учун қарз олувчининг даромади:
10 000 000 х (14% – 10%) : 365 х 59 = 64 658 сўмни ташкил этади.
Қарз маблағларидан фойдаланишдан олинган даромад бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди.
Қарз берувчи қарз маблағларидан олинган даромадни:
- Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 070-сатрида;
- Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг 0304-сатрида акс эттиради.