РЕПО шартномаларига қандай тартибда солиқ солинади

preview

Ташкилот давлат қимматли қоғозларига доир РЕПО шартномаларини валюта биржасида амалга оширади. Вuxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ солиш методологияси департаментининг солиқ солиш бўйича маслаҳатлар бўлими бошлиғи Азиз УМИРЗОҚОВ бундай шартномаларнинг натижалари солиқ солишга қандай таъсир кўрсатишини тушунтириб берди.


Репо шартномалари ўзи нима

РЕПО шартномасига мувофиқ битимнинг бир тарафи битимнинг бошқа тарафига қимматли қоғозларни ушбу шартномада олдиндан белгиланган нархда муайян муддатдан кейин уларни қайтариб сотиш (сотиб олиш) мажбурияти билан сотади .

Унда айнан бир хил шахслар иштирок этади, фақат уларнинг ўрни алмашади. Шартноманинг биринчи қисмида сотувчи бўлган шахс шартноманинг иккинчи қисмида харидорга айланади. Ва аксинча, шартноманинг биринчи қисмидаги харидор иккинчи қисмида сотувчи бўлади.


РЕПО шартномалари натижалари

РЕПО шартномаларининг молиявий натижаси шартноманинг иккала қисми якунларини жамлаган ҳолда аниқланади.

Шартноманинг иккала тарафи учун бу қимматли қоғозларнинг реализация ва харид нархи ўртасидаги фарқ ҳисобланади.

Шартноманинг биринчи қисми бўйича сотувчи учун  :

  • қимматли қоғозлар сотиб олинган нархидан қимматроқ сотилган тақдирда, ижобий молиявий натижа бўлади – бу қимматли қоғозлар орқали берилган қарз бўйича фоизлар тарзидаги даромадлардир;
  • қимматли қоғозлар сотиб олинган нархидан арзонроқ сотилган тақдирда салбий молиявий натижа бўлади – бу жалб этилган маблағлар бўйича фоизлар тўлашга доир харажатлардир.
Мисол
РЕПО шартномасининг биринчи қисми бўйича сотувчида молиявий натижани аниқлаш

 1. Ташкилот РЕПО шартномаси бўйича 12 минг сўмдан 10 000 дона қимматли қоғозни умумий суммаси 120 000 минг сўмга сотиб олди. Белгиланган муддат тугагач ташкилот ушбу қимматли қоғозларни 10 минг сўмдан умумий суммаси 100 000 минг сўмга сотди.

Шартномани якунлаш пайтида ташкилот томонидан 20 000 минг сўм (120 000 – 100 000) миқдоридаги қимматли қоғозлар орқали берилган қарз бўйича фоизлар тарзидаги даромадлар эътироф этилади.

  2. Ташкилот РЕПО шартномаси бўйича 10 минг сўмдан 10 000 дона қимматли қоғозни умумий суммаси 100 000 минг сўмга сотиб олди. Белгиланган муддат тугагач, ташкилот ушбу қимматли қоғозларни 12 минг сўмдан умумий суммаси 120 000 минг сўмга сотди.

Шартномани якунлаш пайтида ташкилот томонидан 20 000 минг сўм миқдоридаги жалб этилган маблағлар бўйича фоизлар тўлашга доир харажатлар эътироф этилади.

Шартноманинг биринчи қисми бўйича харидорлар учун :

  • қимматли қоғозлар олинган нархидан арзонга сотилган тақдирда, ижобий молиявий натижа бўлади – бу жойлаштирилган маблағлар бўйича фоизлар тарзидаги даромадлардир;
  • қимматли қоғозлар сотилган нархидан қимматга олинган тақдирда салбий молиявий натижа бўлади – бу қимматли қоғозлар орқали олинган қарз бўйича фоизлар тарзидаги харажатлардир.

 

Мисол
РЕПО шартномасининг биринчи қисми бўйича харидорда молиявий натижани аниқлаш

1. Ташкилот РЕПО шартномаси бўйича 10 минг сўмдан 10 000 дона қимматли қоғозни умумий суммаси 100 000 минг сўмга сотиб олди. Белгиланган муддат тугагач ташкилот ушбу қимматли қоғозларни 12 минг сўмдан умумий суммаси 120 000 минг сўмга сотди.

Шартномани якунлаш пайтида ташкилот томонидан 20 000 минг сўм (120 000 – 100 000) миқдоридаги жойлаштирилган маблағлар бўйича фоизлар тарзидаги даромад эътироф этилади.

  2. Ташкилот РЕПО шартномаси бўйича 12 минг сўмдан 10 000 дона қимматли қоғозни умумий суммаси 120 000 минг сўмга сотиб олди. Белгиланган муддат тугагач ташкилот ушбу қимматли қоғозларни 10 минг сўмдан умумий суммаси 100 000 минг сўмга сотди.

Шартномани якунлаш пайтида ташкилот томонидан 20 000 минг сўм миқдоридаги қимматли қоғозлар орқали олинган қарз бўйича фоизлар тарзидаги харажатлар эътироф этилади.

Солиқ солиш

Эътибор беринг!
Солиқ солиш мақсадларида лозим даражада бажариш чоғида қимматли қоғозларни РЕПОнинг ҳам биринчи, ҳам иккинчи қисми бўйича реализация қилишнинг ҳақиқатдаги нархи, ушбу қимматли қоғозларнинг бозор қийматидан қатъи назар, қўлланилади .

РЕПО операциялари бўйича даромад солиқ солиш мақсадларида жами даромадга киритилади .

РЕПО шартномалари бўйича фоизлар тарзидаги харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланади .


Давлат қимматли қоғозлари бўйича олинган даромадларга солиқ солиш

Солиқ солиш мақсадларида давлат облигациялари ва давлатнинг бошқа қимматли қоғозлари бўйича олинган даромадлар даромад сифатида ҳисобга олинмайди .

Ушбу норма давлат қимматли қоғозларига доир РЕПО шартномалари бўйича олинган даромадларга татбиқ этиладими?

Таърифи бўйича қимматли қоғозлар мазкур ҳужжатларни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайдиган, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутадиган ҳужжатлардир .

Яъни даромадлар қуйидагилардан олинган даромадлардан шакллантирилади:

  • қимматли қоғозларга эгаликдан – бу дивидендлар ва фоизлар;
  • қимматли қоғозларга доир операциялардан, улар жумласига РЕПО шартномалари бўйича операциялар ҳам киради.

Даромадларни бундай бўлиш айниқса, фоизлар қисмида нисбий тусга эга. Зеро, РЕПО шартномаси бўйича олинган даромадлар ҳам фоизли даромад ҳисобланади. Қимматли қоғозларнинг чиқиб кетишига оид операциялардан олинган даромадлар ҳам эмитент томонидан тўланган фоизли даромадга қўшилади, бунда илгари солиқ солишда ҳисобга олинган фоизлар чегириб ташланади .

Бироқ, СКда қимматли қоғозларга эгаликдан ва уларга доир операциялардан олинган даромадлар алоҳида-алоҳида кўриб чиқилади. Буни СКнинг 297-моддасида келтирилган қуйидаги жами даромадлар таркибига киритиладиган даромадлар турлари рўйхати ҳам тасдиқлайди:

  • РЕПО операциялари бўйича даромад ;
  • қимматли қоғозлар бўйича операциялардан олинган даромадлар ;
  • дивидендлар ва фоизлар .


Хулоса:

Айнан давлат қимматли қоғозлари бўйича, яъни уларга эгаликдан (фоизлар) олинган даромадлар даромад сифатида ҳисобга олинмайди.

Давлат қимматли қоғозларига оид операциялардан олинган даромадлар даромадга, шу жумладан РЕПО шартномалари бўйича олинган даромадлар таркибига киритилади.

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text171863_repo_shartnomalariga_qanday_tartibda_soliq_solinadi