Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қарз бўйича тўланмаган фоизларга солиқ солиш зарурми
Ўзбекистон корхонаси норезидентдан (Ўзбекистонда доимий муассасага эга бўлмаган) қарз олди, бироқ жадвал бўйича фоизларни тўламади. Агар уларни сўндириш муддати келган бўлса, бироқ ҳақиқатда тўлов амалга оширилмаган бўлса, фоизлардан фойда солиғи тўлаш зарур ёки зарур эмаслигини buxgalter.uz учун МВ бевосита солиқлар бўлими бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ тушунтирди:
– Норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган ва доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай қарз мажбуриятлари бўйича фоиз тарзидаги даромадларидан олинадиган солиқ норезидентга даромад тўловчи солиқ агенти томонидан ҳисоблаб чиқарилади ва ушлаб қолинади. Солиқнинг ушлаб қолиниши солиқ тўловчининг даромадларидан бундай даромадларнинг ҳар бир тўлови пайтида амалга оширилади .
Ўзбекистон корхонаси бу ҳолда - солиқ агенти фоизлар бўйича солиқ ставкаси - 10% .
Норезидентга даромаднинг ҳар бир тўлови пайтида солиқ базасини аниқланг. Солиқ суммасини норезидентга даромадни тўлаш санасидаги МБ курси бўйича миллий валютада ҳисоблаб чиқаринг .
Даромадни тўлаш деганда (у амалга ошириладиган жойидан қатъи назар) қуйидагилар тушунилади:
- нақд пул ва (ёки) нақд пулсиз шаклда пулларни, қимматли қоғозларни, иштирок этиш улушини, товарларни, мол-мулкни бериш;
- норезидентнинг даромадларига нисбатан тузиладиган битимлар (воз кечиш ҳақи, бир турдаги қарама-қарши талабномани ҳисобга ўтказиш, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш чоғида ҳисобга ўтказиш, новация, қарздан кечиб юбориш);
- бажаришнинг имкони бўлмаганлиги ёки қарздор ва кредитор айни бир шахс эканлиги туфайли даромадни тўлаш мажбуриятининг тугаши .
Бинобарин, агар фоизлар корхонанинг ҳисобида ҳисобланган бўлса, бироқ норезидентга тўланмаган бўлса (бунда фоизларни сўндириш бўйича мажбурият сақланиб қолади), сиз - фоизлар ҳақиқатда тўлангунга қадар - солиқ тўлашингиз керак эмас.