Маъмурий ва солиқ юки камайтирилди

preview

Президент томонидан 15 сентябрь куни “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Ўзгартиришларнинг моҳияти - norma.uz портали шарҳида:

 

Ҳужжатга асосан қуйидагилар 2021 йил 1 октябрдан бошлаб бекор қилинади:

  • қатъий белгиланган миқдордаги ЖШДС тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;
  • алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ;
  • давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бир қатор назорат функциялари.

2022 йил 1 январдан бошлаб:

  • назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади;
  • ССП аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти розилиги билан ССП ходимлари иштирок этади;
  • тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг йўл қўйилади. Бундан солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасида, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳақидаги мурожаатлар ва маълумотлар асосида ўтказиладиган текширувлар мустасно.

Савдо-саноат палатаси маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш ваколатига эга бўлди.

2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи ЯТТга белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга пасайтирилади.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга Адлия вазирлиги, ССП ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 апрелга қадар “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишлаб чиқиш ва ишга тушириш топширилди. У тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини беради.

Шунингдек, 2022 йилдан бошлаб Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилади. У тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.

Ҳужжат “Халқ сўзи” газетасида 16.09.2021 йилда эълон қилинган.


Эльмира СИРАЗИЕВА