Қандай ҳолларда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинади

preview

Савол юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари тушунтириш беришди:

 

ЕКнинг 36-моддасига асосан ижарага олувчи қуйидаги ҳолларда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини йўқотади:

  • ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда;
  • ижара шартномаси муддати тугаганда;
  • ижарага олувчи юридик шахс тугатилганда;
  • ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида;
  • ер участкасидан 3 йил мобайнида оқилона фойдаланилмаганда (ҳосилдорлик даражаси нормативдан паст);
  • қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан 1 йил мобайнида, қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан 2 йил мобайнида фойдаланилмаганида;
  • ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда;
  • ер солиғи ўз вақтида тўланмаганда;
  • ижара ҳақи ўз вақтида тўланмаганда;
  • Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги тугатилганда.

Ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш томонларнинг келишувига кўра, келишувга эришилмаган тақдирда - суд қарори билан бекор қилинади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органлари ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни очиқ танлов ва электрон онлайн-аукцион якунлари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартириш йўли билан бекор қилишга ҳақли эмас .

Эслатиб ўтамиз, ер участкалари қуйидагиларга ижара ҳуқуқи асосида берилади :

1) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган участкалар бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг очиқ электрон танлов натижаларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори билан - жисмоний ва юридик шахсларга;

2) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган участкалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-синов ишларини амалга ошириш учун ёки участка норматив қийматининг икки бараваридан ортиқ миқдордаги пул маблағлари депозитга қўйилган тақдирда, шунингдек йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун -  Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ёки вилоят ҳокимининг таклифига кўра;

3) қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган участкалар бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун - Вазирлар Маҳкамаси томонидан.

Электрон аукцион орқали ижарага олиш ҳуқуқини олган ижарага олувчилар участкаларни иккиламчи ижарага беришлари мумкин эмас.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришнинг энг кўп муддати 30 йил,  қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни ижарага бериш муддати - 100 йил. Юридик шахслар-чет эл капитали билан инвесторлар ёки жисмоний шахслар-норезидентлар учун ижара муддати - 25 йилдан ошмаслиги  керак.

Манбага қаранг.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади


Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи /uz/publish/doc/text178035_qanday_hollarda_er_uchastkasini_ijaraga_olish_huquqi_bekor_qilinadi